Жаҳон | 22:08 / 07.02.2025
4532
2 дақиқада ўқилади

Трамп санкцияга учраган россиялик олигархларнинг активларини излайдиган ишчи гуруҳни тарқатиб юборди

KleptoCapture 2022 йил март ойида, Россиянинг Украинага тўлиқ миқёсли бостириб кириши бошланганидан сўнг ташкил этилган эди.

Фото: AP

АҚШ Адлия вазирлиги санкциялар остида қолган россиялик олигархларнинг активларини қидириш билан шуғулланадиган Жо Байден даврида тузилган KleptoCapture ишчи гуруҳини тарқатиб юборди.

AP агентлигининг хабар беришича, Доналд Трампнинг биринчи муддатида Россия ва бошқа давлатлар томонидан демократияга путур етказиш ва дезинформация тарқатишга қаратилган ахборот кампанияларини кузатиш учун тузилган «Хорижий таъсир бўйича ишчи гуруҳ» ҳам тугатилди.

Бу қарорлар АҚШ янги бош прокурори Пэм Бонди инаугурациясидан кейин қабул қилинди. Бош прокуратура томонидан Адлия департаменти ходимларига юборилган эслатмага кўра, ҳозир тарқатиб юборилган гуруҳларда хизмат қилган ҳуқуқшунослар «аввалги лавозимларига қайтади ва ҳозир ушбу саъй-ҳаракатларга бағишланган ресурслар картеллар ва трансмиллий жиноий ташкилотларни тўлиқ йўқ қилишга йўналтирилади».

AP таъкидлаганидек, Трамп маъмурияти ҳар йили Қўшма Штатларда 70 мингдан ортиқ ўлимга олиб келадиган фентанил гиёҳванд моддаси ноқонуний савдосига қарши курашишни устувор вазифа қилиб олган.

KleptoCapture 2022 йил март ойида, Россиянинг Украинага тўлиқ миқёсли бостириб кириши бошланганидан сўнг ташкил этилган эди. Бошқа нарсалар қаторида, гуруҳ ходимлари Сулаймон Керимов ва Виктор Векселбергнинг яхталарини ҳибсга олди, шунингдек, Олег Дерипаска ва Константин Малофеев томонидан санкциялар бузилганини аниқлади, деб эслайди Reuters.

Мавзуга оид