Жаҳон | 13:47 / 07.02.2025
6784
9 дақиқада ўқилади

Ғарбий соҳилдаги ҳибслар, Украинанинг Курскдаги янги ҳужуми ва Виктор Орбаннинг қимматбаҳо қасри — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Фаластиндаги вазият

Исроил армияси 21 январдан бошлаб Ғарбий соҳилда кенг кўламли ҳужумлар уюштириб, 174 фаластинликни қўлга олди. Бу ҳақда Фаластин маҳбуслар жамияти маълум қилди.

Жанийн ва Тубас шаҳарлари энг кўп ҳужумга учраган. Жанийнда 120 фаластинлик ҳибсга олинган, Тубасда эса бу рақам 54 нафарга етган. Кузатувчиларга кўра, ҳибсга олинганларнинг аксарияти қийноқ ва зўравонликка дуч келмоқда.

21 январдан буён Исроил ҳужумлари сабаб Ғарбий соҳилда 25 фаластинлик ҳалок бўлган, 27 январда эса армия Тулкармга ҳужум қилган эди. 2 февралда ҳужумлар Тубас ва Тамунга ҳам кенгайган. Тулкармда 4 киши ўлдирилган.

Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, 2024 йил бошидан буён Ғарбий соҳилда 70 фаластинлик, шу жумладан 10 бола, аёл ва кекса инсонлар ҳалок бўлган. 2023 йилнинг 7 октябридан буён Ғарбий соҳил ва Шарқий Қуддусда 905 фаластинлик ўлдирилган, 7 минг киши яраланган, 14 минг 300 фаластинлик эса ҳибсга олинган.

Исроил ғазоликларни кўчиришга тайёр

Исроил мудофаа вазири Исроил Кац армияга Ғазо аҳолисини оммавий депортация қилиш режасини ишлаб чиқишни буюрди. Унинг идораси маълумотига кўра, «кўчиш ихтиёрий бўлади» ва фаластинликлар уларни қабул қилишга тайёр давлатларга чиқиб кетиши мумкин.

Кац Доналд Трампнинг Ғазодаги «этник тозалаш» ва фаластинликларни мажбурий кўчириш режасини қўллаб-қувватлади. Трамп Ғазо тўлиқ назоратга олинишини ва у ерда «Яқин Шарқ Ривьераси» барпо этилишини эълон қилган эди.

Исроилнинг ўта ўнг миллатчи молия вазири Бецалел Смотрич ҳам Трампнинг Ғазо аҳолисини кўчириш режасини қўллаб-қувватлади, аммо ўз вариантларини таклиф қилди. Унинг фикрича, фаластинликларни қўшни араб давлатларига жойлаштириш хавфли ва минтақа хавфсизлигига таҳдид солади.

Смотрич Трамп режасини «7 октябр воқеаларига жавоб» деб атади ва Исроил фаластин давлатини «батамом йўқ қилиш» учун ҳаракат қилишини таъкидлади.

Аввалроқ Трамп Ғазо Америка назоратига ўтиши, у ерда «Ривиера» қурилиши ва минглаб иш ўринлари яратилишини таклиф қилганди.

Доналд Трамп фаластинликларни Ғазодан кўчириш режасини ҳимоя қилиб, унинг дунёнинг «барча инсонларига ёққанини» даъво қилди. Аммо халқаро ҳамжамият бу фикрга қўшилмади — БМТ, Германия, Британия, Франция, Туркия, Саудия Арабистони, Россия ва Хитой каби давлатлар бу таклифни қоралади ёки уни қўллаб-қувватламаслигини билдирди. Ҳаттоки Европа ҳам қатор баёнотлар берди: Германия ва Франция бу ҳаракат халқаро ҳуқуқни бузишини ва минтақавий беқарорликка олиб келишини таъкидлади.

Макрон Сурияга қарши санкцияларни бекор қилмоқчи

Франция президенти Эммануэл Макрон Суриянинг транзит ҳукумати раҳбари Аҳмад аш-Шаръа билан телефон мулоқоти ўтказиб, Дамашққа қўйилган санкцияларни бекор қилишга ҳаракат қилишини билдирди. У Башар Асад режими тугатилганини қайд этиб, Сурияни ўтиш даврида қўллаб-қувватлашга тайёр эканини маълум қилди.

Аш-Шаръа Макронга Сурия халқига кўрсатилаётган ёрдами учун миннатдорчилик билдириб, санкциялар мамлакат тикланишига тўсқинлик қилаётганини таъкидлади.

Январда Германия ва Франция Ташқи ишлар вазирлари Дамашққа бориб, Суриядаги сиёсий жараёнлар, тикланиш ва миллий ярашув масалаларини муҳокама қилди. Анналена Бербок Асад даври тугаганини таъкидлаб, Европа Сурияга ёрдам беришга тайёр эканини билдирди.

АҚШ ва Буюк Британия ҳам чекловларни юмшатишга ишора қилмоқда, бироқ ҳозирча аниқ қарор қабул қилингани йўқ.

Украина Mirage 2000 самолётларини қабул қилди

Франция мудофаа вазири Себастян Лекорню Украинага биринчи Mirage 2000 қирувчи самолётлари етказилганини эълон қилди.

«Президент Эммануэл Макрон 2024 йил 6 июн куни Украинага Mirage 2000 етказилишини маълум қилган эди. Бугун қирувчи самолётларнинг илк партияси Украинага етиб келди. Улар Францияда кўп ойлик тайёргарликдан ўтган украиналик учувчилар билан бирга келди», — деб ёзди Лекорню Х ижтимоий тармоғида.

Париж 4,5 минг украин ҳарбийсини тайёрлашини ҳам маълум қилган. Украинага айнан қанча қирувчи самолёт юборилгани ҳали расман эълон қилинмади.

Украина Курскда ҳужумни кучайтирди

Украина қуролли кучлари Россиянинг Курск областида янги ҳужумга ўтди. Бир неча соат ичида Суджа шаҳри яқинидаги икки аҳоли пункти Украина назоратига ўтгани ҳақида маълум қилинди.

Россияга яқин манбалар ҳужумни «кутилмаган зарба» деб атади. Z Телеграм-каналлар маълумотларига кўра, ҳужумда 500 аскар ва 50 та бронетехника иштирок этган.

Украина президенти Володимир Зеленский бу ҳужум Россия билан музокараларда устунлик сифатида қўлланиши мумкинлигини билдирди. Унга кўра, Украина бу ҳаракатлари билан Россия армиясини ушлаб туришга эришмоқда ва Кремл Киевни бу ҳудудлардан чиқариб юборишга қодир эмас.

Трампдан Ҳаага судига санкциялар

АҚШ президенти Доналд Трамп Халқаро жиноят суди ходимларига молиявий ва визага оид чекловлар киритиш ҳақида қарор қабул қилди. Бу қадам Ҳаага судининг Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галлантга ордер беришига жавоб сифатида қўлланган, деб хабар берди BBC.

Вашингтон Ҳаага судига қарши санкцияларни олдин ҳам қўллаган. 2020 йилда Трамп маъмурияти Афғонистондаги уруш жиноятларини тергов қилган Халқаро жиноят суди прокурори Фату Бенсуда ва унинг ҳамкасбига қарши чеклов жорий қилган эди.

Ўтган ҳафта АҚШ Сенатида демократлар республикачиларнинг Нетаняҳу ва Галлантга нисбатан Ҳаага суди томонидан чиқарилган ҳибсга олиш ордерларига қарши жавоб сифатида судга санкция жорий қилиш ташаббусини қўллаб-қувватламаганидан сўнг, Трампнинг ўзи фармон билан санкция жорий этгани айтилмоқда.

Трамп ва Нетаняҳу Ҳаага судининг мазкур қарорини «халқаро адолатнинг бузилиши», деб атаган.

Трамп: USAID’дан миллиардлар ўғирланган

Доналд Трамп USAID ва бошқа федерал агентликлардан миллиардлаб доллар ўғирланганини иддао қилди. Унинг сўзларига кўра, бу маблағларнинг катта қисми «сохта ОАВ»га берилиб, демократлар ҳақида ижобий хабарлар тарқатиш учун ишлатилган.

Трамп ушбу фикрни Truth ижтимоий тармоғида ёзди. У Politico каби медиа ташкилотлар федерал агентликлардан млнлаб доллар маблағ олганини таъкидлади ва «бу АҚШ тарихидаги энг йирик можаро», эканини қайд этди.

Илон Маск ҳам демократик маъмуриятнинг айрим ОАВларни молиялаштиришини танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, Associated Press ва New York Times ҳукумат маблағлари билан қўллаб-қувватланган. «NYT — ҳукумат томонидан молиялаштириладиган газета», — деб ёзган Маск.

Озарбойжон «Рус уйи»ни ёпмоқда

Озарбойжон Россияга тегишли «Россотрудничество» агентлигининг мамлакат ҳудудидаги фаолиятини тўхтатиш ҳақида расмий хабарнома юборди.

Бу қарор декабрь ойидаги Azerbaijan Airlines самолёти ҳалокати юзасидан олиб борилаётган текширув ва миллий манфаатларни ҳимоя қилиш доирасида қабул қилинди.

Озарбойжон ҳукумати манбаларига кўра, мамлакат ҳозирда хорижий ёрдамга муҳтож эмас, айниқса, шубҳали схемалар орқали амалга оширилаётган ташаббусларга. «Баъзи халқаро ташкилотларнинг фаолияти аниқ разведкавий тусга эга», — дейилади Бокудаги манбалар хабарида.

Шу каби қарор аввалроқ АҚШ агентлиги томонидан USAID бўйича ҳам қабул қилинганди. Бу агентлик Доналд Трамп маъмурияти уни тугатиш ҳақида қарор чиқаришидан аввалроқ ташкилот Озарбойжон ҳудудидан ҳайдаб чиқарилган эди.

Орбаннинг махфий қасри фош бўлди

Венгрия бош вазири Виктор Орбан Австрия-Венгрия даврига хос қимматбаҳо қадимий қасрда яшаши, аммо унинг расмий мулк декларациясида бу кўрсатилмагани Франциянинг France 2 телеканали томонидан маълум қилинди.

Орбан расмий равишда фақат иккита уй ва 14 минг евролик банк ҳисоб рақамига эгалик қилади. Бироқ журналистлар унинг оиласи 15 млн еврога қаср сотиб олгани ва 30 млн евро сарфлаб, уни қайта таъмирлаганини аниқлашган.

Венгриялик депутат Акож Ҳазази қасрнинг видеосини эълон қилиб, Орбанни Европадаги энг коррупциялашган сиёсатчи деб атади.

Мавзуга оид