Жаҳон | 15:54 / 07.02.2025
1188
2 дақиқада ўқилади

Финландия россияликларга кўчмас мулк билан боғлиқ келишувларни тақиқлашга қарор қилди

Ҳелсинкидаги ҳукумат «тажовузкор уруш» олиб бораётган мамлакатлар фуқаролари томонидан кўчмас мулк сотиб олишни тақиқловчи қонун лойиҳасини тақдим этди. Ташаббуснинг мақсади — Россия фуқароларининг Финландияда кўчмас мулк сотиб олиш имкониятини чеклаш.

Фото: picture-alliance/S. Reboredo

Ҳелсинкидаги ҳукумат «тажовузкор уруш» олиб бораётган ёки миллий хавфсизликка таҳдид солаётган мамлакатлар фуқаролигига эга бўлган хорижликларнинг Финландияда кўчмас мулк сотиб олишини тақиқлашга қаратилган қонун лойиҳасини кўриб чиқиш учун тақдим этди. «Ташаббусдан мақсад Россия фуқароларининг мамлакатда кўчмас мулк сотиб олиш имкониятини чеклашдир», — деди Финландия мудофаа вазири Антти Ҳакканен. Унинг сўзларига кўра, Россия Европа хавфсизлигига таҳдид солишида давом этмоқда ва фуқаролари томонидан қўлга киритилган кўчмас мулкдан «душманлик таъсирини ўтказиш» учун фойдаланиш мумкин.

Yle таъкидлаганидек, Финландияда россияликлар иштирокидаги кўчмас мулк билан боғлиқ операциялар узоқ вақтдан бери баҳсли бўлиб келган. Ўтган йили мамлакат Мудофаа вазирлиги харидорларнинг Россия билан алоқаларини баҳона қилиб, бундай битимларнинг бир нечтасини блоклаган эди. Ҳозирда миллий хавфсизлик нуқтайи назаридан россияликларга сотилган кўчмас мулкни мусодара қилиш имконияти кўриб чиқилмоқда.

Дания «соядаги флот» танкерларини текширади

Дания атроф-муҳит, юк ташиш ва денгизчилар учун хавф туғдириши мумкин деб ҳисоблаган танкерларга хавфсизлик чораларини кучайтиради. Бу ҳақда қироллик денгиз бошқармаси сайтида 5 феврал куни чоп этилган баёнотда айтилган. Департамент бу қарорни «Дания бўғозлари орқали нефт ташувчи эски кемалар фаолияти»га жавобан қабул қилганини таъкидлади.

«Портнинг давлат назорати танкерларга қаратилган, чунки танкерларнинг шикастланиши ёки ҳалокати билан боғлиқ авария хавфсизлик, соғлиқ ва атроф-муҳит учун айниқса жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин», — дейилади баёнотда.

Мавзуга оид