7 феврал янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
«Конверт»да тўланадиган маошлар устидан назорат, электрон аукционга чиқариладиган қишлоқ хўжалиги ерлари ва ўзбек маданияти элчисига айланган япон қўшиқчиси — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
«Конвертда тўланадиган» маошлар устидан назорат кучайтирилади
Ўзбекистон хуфиёна фаолият юритиб, «конвертда» маош тўлаётган тадбиркорлар устидан назоратни кучайтиради. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Икки йил олдин савдо ва хизматлар соҳасидаги корхоналар учун ижтимоий солиқ 1 фоизга туширилган эди. Бу даврда корхоналар сони 1,5 баробар ошиб, ишчилар сони 220 мингга кўпайди. Иш ҳақини расмийлаштириш ҳисобига ойликлар 3,2 баробар ўсиб, бюджетга 2,1 трлн сўм қўшимча солиқ тушган.
Шунинг учун тадбиркорлар мазкур имтиёзни яна уч йилга узайтиришни сўраган ва бу таклиф маъқулланган. Энди имтиёз 30 ёшгача бўлган ва камида 3 млн сўм маош оладиган сервис соҳаси ишчиларига татбиқ этилади. Шунингдек, қурилиш, савдо ва умумий овқатланиш соҳаларида қисқа муддатли меҳнат шартномаларига рухсат берилади.
Истеъмолчиларга 1 трлн сўм кешбэк тўлаб берилган
Ўтган йил давомида истеъмолчилар томонидан 1 млрд харид чеки рўйхатдан ўтказилиб, уларга 1 трлн сўмдан ортиқ кешбэк қайтарилди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси маълум қилди.
Энг кўп кешбэк қайтарилган ҳудудлар сифатида Тошкент шаҳри, Тошкент, Самарқанд, Фарғона ва Андижон вилоятлари тилга олинган.
Маълумот учун, чакана савдо, умумий овқатланиш ва маиший хизматлар учун берилган чекларга кешбэк 2022 йилда жорий қилинган. 2024 йилдан бу бонуснинг 1 фоизлик қайтарилишига БҲМ 60 баравари миқдорида чегара ўрнатилди.
Хивага авиарейс йўқлиги танқид остига олинди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда Хоразмга режалаштирилган 6 миллион сайёҳни жалб этишда транспорт масалалари асосий тўсиқлардан бири экани қайд этилди. Самарқанд ва Бухорога келган сайёҳларнинг кўпчилиги Хивага авиақатнов йўқлиги сабабли ортга қайтишга мажбур бўлмоқда.
Шунингдек, хусусий тиббий клиникаларга келаётган ускуналарни рўйхатдан ўтказиш ва тадбиркорларнинг тиббий лаборатория очиш жараёнларидаги муаммолар таъкидланди. Ҳар бир ҳудудда сервис ривожини таъминлаш учун вазирлар ва ҳокимлар ташаббус кўрсатиши зарурлиги таъкидланди.
Бу йил хизматлар ҳажмини 15 фоизга ошириб, 82 миллиард долларга етказиш, экспортни 8,5 миллиард долларга олиб чиқиш ва соҳада 2,5 миллион одамни даромадли қилиш вазифаси қўйилди.
Қишлоқ хўжалиги ерлари электрон аукцион орқали ижарага берилади
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ер участкаларини ажратишнинг янги тизими жорий этилмоқда. Президент фармонига кўра, ерлар 3 гектардан 50 гектаргача бўлган ўлчамларда E-auksion платформаси орқали онлайн савдога қўйилади.
Ижарачилар 49 йилга ердан фойдаланиш ва уни қайта ижарага бериш ҳуқуқига эга бўлади. Улар тупроқ унумдорлигини сақлаш, экинларни алмашлаб экиш ва солиқ тизимига реализация қилинган маҳсулотлар ҳақида маълумот киритиш мажбуриятини олади.
Аукционда барча резидент ва хорижий инвестициялар иштирокидаги компаниялар қатнашиши мумкин. Ғолиб ўз юридик манзилини ер участкаси жойлашган ҳудудга ўтказиши шарт. Янги тизим 2025 йил баҳорги экиш мавсумигача пилот тарзида белгиланган туманларда ишга тушади.
Япониялик қўшиқчи «Ўзбек маданияти элчиси»
Япониялик қўшиқчи Машу Комазаки «Ўзбек маданияти элчиси» мақомини олди. Бу шарафли унвон унга Ўзбекистон ва Япония маданий алоқаларини мустаҳкамлашдаги ҳиссаси учун берилди.
Токио мусиқа университети битирувчиси Комазаки 2015–2017 йилларда Бухорода мусиқа ўқитувчиси бўлиб ишлаган, ўзбек миллий созларини, жумладан, дутор чалишни ўрганган. У 2018 йилдаги Халқаро мақом санъати анжумани ва 2024 йилдаги «Шарқ тароналари» фестивалида учинчи ўринни қўлга киритган.
Япония элчихонасида ўтган тадбирда элчи Муҳсинхўжа Абдураҳмонов унга махсус нишон ва сертификат топширди. Комазаки бундай унвон олган биринчи япон фуқароси сифатида фахрланишини ва Ўзбекистон маданиятини тарғиб қилишни давом эттиришини билдирди.
Мавзуга оид

21:01 / 11.03.2025
11 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

00:19 / 08.03.2025
7 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

20:30 / 06.03.2025
6 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

21:22 / 05.03.2025