Жаҳон | 20:10 / 06.02.2025
12868
9 дақиқада ўқилади

Океан тепасида ёнилғисиз учган Airbus A330 – ҳалокатга учрашига бир бахя қолган самолёт

2001 йилда фуқаро авиациясида ноёб ҳодиса содир бўлади. Канаданинг Торонто шаҳридан Португалия пойтахти Лиссабон шаҳрига учган Airbus A330 самолёти Атлантика океани тепасида учаётганида ёнилғиси тугаб қолади. Шунда учувчилар двигателлари тўхтаб қолган самолёт билан яна 120 км парвоз қилиб, уни Атлантика океанидаги оролда жойлашган Лажеш авиабазасидаги аэродромга қўндиришади.

Дунёда ҳар куни 100 мингдан ошиқ турли парвозлар амалга оширилади ва уларда 10 млн нафардан ошиқ йўловчи ўз манзилларига етказиб қўйилади.

Парвозлар пайтида турли ҳодисалар содир бўлади ва уларнинг айримларига ҳатто ақл бовар қилмайди. Ана шундай ноёб ҳодиса 2001 йилда содир бўлганди.

Маълумки, самолётларнинг ёнилғиси тугаса улар узоқ парвоз қила олмайди ва тез қулаб тушади. Бироқ бундан 23 йил аввал Атлантика океани тепасида учаётган самолётнинг ёнилғиси тугагандан сўнг Airbus A330 яна 120 км масофага парвоз қилади.

Ўшанда анча тажрибали бўлган учувчиларнинг тўғри хатти-ҳаракатлари натижасида самолёт ва ундаги йўловчиларнинг жони омон қолади.

Ҳодиса

2001 йил 24 август куни Гринвич вақти билан соат 00:52 да Канаданинг Air Transat авиакомпаниясига қарашли Airbus A330 самолёти Торонтодан Лиссабон шаҳрига учиш учун ҳавога кўтарилади.

Фото: Shutterstock 

Бу самолёт 1999 йилда ишлаб чиқарилган бўлиб, синов парвозидан муваффақиятли ўтганидан сўнг ўша йили Air Transat авиакомпаниясига берилади. Ҳодисагача самолёт 2 390 марта учиш-қўнишни амалга оширган ва 10 минг соатдан ошиқроқ парвоз қилганди.

Airbus A330 кенг фюзеляжли бўлиб, ўша куни унинг бортида 293 нафар йўловчи ва 13 нафар экипаж аъзолари бор эди. Йўловчиларнинг асосий қисми Португалия фуқаролари бўлган.

Парвоздан аввал самолётга қарийб 47 тонна ёнилғи қуйилади. Бу ёнилғи Лиссабонгача бўлган масофани учиб ўтиш учун етиб ортарди.

Парвоз режа бўйича давом этади ва самолёт 4 соатдан сал ошиқроқ учгандан сўнг соат 05:16 да Airbus A330 кабинасидаги огоҳлантириш чироғи ёниб, двигателдаги мой қизиб кетаётгани ҳақида хабар беради.

Одатда двигателга борадиган ёнилғи камайганда бу огоҳлантириш чироғи ишлаб кетарди. Ёнилғи ошиқчаси билан қуйилгани учун учувчилар огоҳлантириш чироғи янглиш ёняпти деб ўйлашади.

Шу билан бирга ҳар эҳтимолга қарши улар Air Transat авиакомпанияси вакилларига алоқага чиқишади ва вазият ҳақида хабар беришади. Авиакомпания вакиллари учувчиларга сергак бўлишни айтиш билан чекланишади.

Соат 05:36 да кабинадаги яна бир огоҳлантириш чироғи ёнади. Буниси ёнилғи сиғимларида баланс бузилаётгани ҳақида хабар бераётганди. Учувчилар ўнг томондаги сиғимда авиакеросин қарийб тугаганини кўришади. Сўнг чап томондаги сиғимдан ўнг томондагисига ёнилғи ўтказишади.

Бу орада экипаж командири ўнг томондаги сиғимда ёнилғи қолмаганидан шубҳаланади ва двигателга уланган шланг тешилган бўлса-чи деган гумонга боради. Чунки Лиссабонгача етиши керак бўлган ёнилғи масофанинг ярмидан сал ўтиб тугаб қолиши уни ажаблантирганди.

Командир стюардессалар бошлиғини чақириб, унга иллюминатордан қараб, сиғимдан ёнилғи оқяптими йўқми, аниқлашни буюради. Бироқ ҳамма ёқ қоронғи бўлгани учун стюардесса ҳеч нарсани кўрмайди.

Атлантика океанидаги оролга қўниш

Экипаж командири хавфли вазият юзага келганини билади ва самолётни Азор ороллари таркибига кирувчи Терсейра оролидаги Лажеш авиабазаси томон йўналтиради. Орадаги масофа 320 км эди.

Командир диспетчерлар билан боғланиб ёнилғи тугаётгани ва шу сабабли йўналишни ўзгартиргани ҳақида хабар беради. Шунингдек, Лажеш аэродромидагилар ҳам фавқулодда қўниш ҳақида огоҳлантирилади. Шундан сўнг у ердаги қутқарув хизмати шай ҳолга келтирилади.

Лажеш авиабазаси
Фото: alamy.com

Соат 06:13 да ўнг томондаги сиғимда ёнилғи тугайди ва шу қанотдаги двигател ишлашдан тўхтайди. Бу пайтда ҳали авиабазагача 217 км масофа бор эди. Шунда экипаж командири ўнг томондаги сиғимдан ёнилғи оқиб кетганини билади ва нима қилиб бўлса ҳам самолётни Лажеш авиабазасига етказиб боришни ўйлайди.

Самолёт битта двигател билан баландликни ушлаб қололмасди. Шу сабабли Airbus A330 аста-секинлик билан пастлай бошлайди. Соат 06:26 да самолётдаги ёнилғи батамом тугайди ва иккинчи двигател ҳам ўчади. Ўшанда Airbus A330 Лажеш авиабазасидан 120 км узоқликда, ердан 10 600 метр баландликда парвоз қилаётганди.

Двигателлар ўчиши самолётдаги асосий генераторнинг тўхташига сабаб бўлади. Шунингдек, ҳаво тормози, гидравлика, қанотлардаги спойлерларни очиб ёпадиган ускуналар ўчади.

Самолёт Лажешга қараб борар экан, тезлик ва баландлик мунтазам пастлаб боради. Airbus A330 авиабазадаги аэродромга етганда унинг тезлиги соатига 370 км эди. Учувчилар самолётни учиш-қўниш йўлагига туширишади.

Қўниш пайтида зарба кучли бўлгани учун самолётдаги 10 та шинадан 8 таси ёрилиб кетади. Шунда ҳам тезлик юқори бўлгани учун Airbus A330 аэродром четига чиқиб кетади ва тўхтайди.

Фото: crash-aerien.com

Учувчиларнинг маҳорати туфайли самолётда бўлган 306 кишининг барчаси тирик қолади. Фақат 16 йўловчи турли даражада тан жароҳати олади. Airbus A330 ҳам бутун қолади. Йўловчилар самолёт қўнаётганда эмас, у тўхтагандан сўнг ваҳима тушиб ўзини чиқиш эшикларига урганда тан жароҳати олади.

Ўшанда самолёт Лажеш авиабазасига етиб кела олмаслиги ҳам мумкин эди. Шунчаки рўпарада бошқа самолёт дуч келмагани ва шамолсиз тинч об-ҳаво Airbus A330 самолётининг авиабазагача етиб боришида асосий рол ўйнайди.

Суриштирувлар

Ҳодисадан сўнг Португалия томони канадалик ва франциялик мутахассислар билан бирга дарҳол суриштирувларни бошлаб юборади.

Парвоздан 5 кун аввал самолётдаги иккинчи рақамли двигател алмаштирилганди. Ўшанда ёнилғи шланги ва яна бир қанча ускуналарни янгиламасдан, эскиларининг ўзи қолдирилади.

Текширувларда двигател алмаштирилган куни гидравлика тизими ускуналари нотўғри ўрнатилгани аниқланади. Буни Air Transat авиакомпанияси вакиллари ҳам кўришади.

Двигател алмаштирилганда таъмирлаш ишларига бош бўлган муҳандис ишни тезроқ битириш учун эски гидравлик насосдан фойдаланган. Шунда ёнилғи сиғими ва гидравлик насосга уланган шлангларда тирқиш қолган ва оқибатда авиакеросин оқиб кетганди.

Фото: luftfart.media

Шу тариқа, ҳодисага тўлиқ Air Transat авиакомпанияси айбдор экани ойдинлашади. Канада фуқаро авиация бошқармаси қурбонлар йўқлигини инобатга олиб авиакомпанияга 250 минг Канада доллари миқдорида жарима солади. Бу Канада тарихидаги энг йирик жарима ҳисобланади.

Комиссиянинг якуний хулосасида учувчиларнинг эътиборсизлиги келтириб ўтилганди. Улар бошданоқ кабинадаги огоҳлантирув сигналларини жиддий қабул қилишлари лозим эди. Шундай бўлса ҳам учувчиларнинг маҳорати эътироф этилади. 2002 йилда уларга мукофот берилади.

Ҳодисадан сўнг

Ҳодисадан сўнг АҚШ фуқаро авиацияси федерал бошқармаси Airbus компанияси ишлаб чиқарган турли самолётларни бошқарувчи учувчилар учун алоҳида йўриқнома ишлаб чиқади. Йўриқномага кўра, учувчилар парвоздан аввал сўнгги текширувни ўтказиши ва самолётдан ёнилғи оқиб кетмаётганига ишонч ҳосил қилгач парвозни бошлаши лозим эди.

Шунингдек, ҳодисадан етарли хулоса чиқарган Airbus компанияси самолётлардаги борт компютерларини тўлиқ ўзгартиради. Шундан сўнг кабинадаги приборлар агар ёнилғи сиғимидан инструкцияда кўрсатилгандан кўпроқ авиакеросин сарф бўла бошласа дарҳол огоҳлантириш хабарини берадиган бўлади.

Фото: Wikipedia

Air Transat авиакомпанияси енгил шикастланган Airbus A330 самолётини таъмирлаб, ундан фойдаланишда давом этади. 2009 йилда у Индонезия авиакомпаниясига лизингга берилади. Кейинроқ канадаликлар уни қайтариб олиб яна фойдаланди. 2020 йилда Air Transat самолётдан фойдаланишни тўхтатади. Ҳозирда Airbus A330 Торонто аэропортида сақланмоқда.

Самолётни бошқарган экипаж командири 2017 йилгача ишлаб, сўнг нафақага чиқади. Иккинчи учувчи эса кейинчалик Emirates авиакомпаниясига ўтиб ишлай бошлайди.

Кейинчалик бу ҳодиса ҳақида бир нечта ҳужжатли филм суратга олинади. Шунингдек, 2010 йилда экипаж командири Робер Пишега бағишлаб “Пише: осмон ва ер ўртасида” бадиий филми суратга олинади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид