Ўзбекистон | 20:20 / 05.02.2025
8813
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Афғонистондан кўмир импорт қилишни бошлайди

Ўзбекистон делегациясининг Кобулга ташрифи давомида икки мамлакат хусусий компаниялари 4,5 млн долларлик савдо шартномаларини имзолади.

Фото: AFP/Getty Images

Ўзбекистон савдо баланси учун Афғонистондан кўмир импорт қилади. Бу ҳақда Тасним агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон делегацияси «Толибон» Саноат ва савдо вазирлиги вакиллари билан Кобулда бўлиб ўтган учрашувда мамлакат афғон кўмирини импорт қилишга тайёрлигини билдирган. Икки мамлакат хусусий компаниялари 4,5 миллион долларлик савдо шартномаларини имзолаган.

«Томонлар савдо имтиёзлари масалаларини, Афғонистоннинг Саманган вилоятида цемент завод қуриш ва биргаликда кўргазмалар ўтказиш масалаларини муҳокама қилди», — дейилади хабарда.

2025 йил май ойида транспорт вазири Илҳом Маҳкамов бошчилигидаги делегация Афғонистонга ташриф буюриб, ташқи ишлар вазири Амир Хон Моттакий билан музокаралар ўтказганди. Ўшанда яқин орада Кобулга 1 миллион тоннадан ортиқ кўмир сотиб олиш учун техник гуруҳ келиши таъкидланган эди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг декабрь ойи бошларида металлургия корхоналарининг трансформация дастурлари ҳамда 2025 йилги режалари билан танишганди. Йиғилишда 2025 йилда тоғ-кон ва геология соҳасидаги лойиҳаларга 1 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш кўзда тутилаётгани, каолин ишлаб чиқаришни 50 фоиз ошириш, кўмир қазиб олишни 10 миллион тоннага етказиш мўлжалланаётгани айтилганди.

Мавзуга оид