Ўзбекистон афғон учувчилари олиб ўтган вертолётларнинг бир қисмини АҚШга қайтаргани маълум бўлди
2021 йил август ойида афғон учувчилари «Толибон» таъқибидан қочиб, бир қанча самолёт ва вертолётларда Ўзбекистон ва Тожикистонга ўтган эди. Ушбу техникалардан 7 та Black Hawk вертолёти Ўзбекистон томонидан аллақачон Қўшма Штатларга қайтарилган. Ўнлаб бошқа техникалар Ўзбекистонда қолдирилган.

Фото: Staff Sgt. Clayton Cupit/Air Force
2021 йил август ойида афғон учувчилари томонидан Ўзбекистонга олиб ўтилган вертолётларнинг бир қисми АҚШга қайтарилди. Бу ҳақда 31 январь куни Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасида мамлакат Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллигига бағишланган тадбир ҳақида сўзлаган Америка Овози хабар берди.
Қайд қилинишича, 7 та Black Hawk вертолёти аллақачон Қўшма Штатларга берилган.

Тадбирда Ўзбекистон элчиси Фурқат Сидиқов, АҚШ Мудофаа вазири ёрдамчиси ўринбосари вазифасини бажарувчи Дэвис Флоррик, Пентагон штаб бошлиқлари қўмитасидан контр-адмирал Эрин Осборн иштирок этди. Тадбирда Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучлари билан разведка соҳасида ҳамкорлик Пентагон томонидан бутун минтақа тинчлигига сармоя сифатида қаралиши, ҳарбий машғулотлар, ўқув машғулотлари, чегара хавфсизлиги, наркотикларга қарши кураш ва разведка каби соҳаларда ҳамкорлик қилиш муҳимлиги таъкидланди.
2021 йил август ойида «Толибон» ҳаракати пойтахт Кобул томонга шиддат билан юриш қилганида афғон учувчилари Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли самолёт ва вертолётларда ўз хизматдошлари ва оилаларини Ўзбекистон ва Тожикистонга эвакуация қилган эди. Бу техникалар бир вақтлар Вашингтон томонидан афғон армиясига топширилган. Пентагон маълумотларига кўра, олиб ўтилган ҳарбий ҳаво кемаларининг 46 таси Ўзбекистонда, 18 таси Тожикистонда.
2022 йил апрелида Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев вертолёт ва самолётларни Америка расмийларига қайтариш режаси борлигини маълум қилди. «Бу қарор бутунлай Вашингтонга боғлиқ», деган эди у.
«Толибон» вакиллари ҳукуматни эгаллагач, «ўғирлаб кетилган» самолётлар ва вертолётлар афғон халқининг мулки сифатида Афғонистонга қайтарилиши кераклигини таъкидлади.
2021 йил сентябрида АҚШ Афғонистондаги терроризмга қарши курашда ёрдам кўрсатиш эвазига ветолёт ва самолётларни топшириш бўйича Ўзбекистон ва Тожикистон билан музокаралар олиб бораётгани маълум бўлди.
2025 йил 31 январь куни Вашингтондаги элчихонада бўлиб ўтган тадбирда АҚШ Ўзбекистонга ўнлаб афғон самолётлари ва вертолётларини қолдиргани таъкидланди.