5 феврал янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Ўз ёрдамчисини калтаклаган судя, электромобиллар учун каррасига оширилаётган утилизация йиғими, Ўзбекистондаги илк пулли йўллари қурилиши тафсилотлари — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Электромобиллар утилизация йиғими 4 баробарга оширилади
2025 йил 1 майдан бошлаб импорт қилинадиган электромобиллар учун утилизация йиғими сезиларли даражада оширилади. Бош вазир имзолаган қарорга кўра, ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошмаган электромобиллар учун 45 млн сўм (120 БҲМ), 3 йилдан катта машиналар учун эса 78,5 млн сўм (210 БҲМ) миқдорида йиғим ундирилади.
Янги қоидаларга кўра, уч йилгача бўлган электромобиллар утилизация йиғими 4 баробарга, уч йилдан ошганлар учун эса 2,3 баробарга кўпаяди. Ҳозирги амалдаги йиғим миқдори 11,25 млн сўм ва 33,75 млн сўм қилиб белгиланган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан биргаликда икки ой ичида йиғимлардан самарали фойдаланиш тартибини ишлаб чиқади. Ҳукумат ушбу чорани яшил технологияларни ривожлантириш, чиқиндиларни хавфсиз қайта ишлаш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий этганини таъкидлаган.
Суд раиси ёрдамчисини калтаклади
Жиноят ишлари бўйича Чуст тумани суди раиси Жаҳонгир Якубхўжаев ўз ёрдамчиси Шоҳжаҳон Яхшибоевни хизмат хонасида калтаклаб, унга жароҳат етказгани маълум бўлди.
Ҳодиса 18 январ куни содир бўлган. Жабрланувчи тиббиёт муассасасига мурожаат қилган, у юз соҳасидан жароҳат олгани қайд этилган.
Чуст туман прокуратураси ҳолат юзасидан терговга қадар текширув бошлади. Суд раисининг қилмиши МЖтКнинг 52-моддаси (енгил тан жароҳати етказиш) бўйича малакаланиши мумкин. Агар айблов тасдиқланса, унга 1,5 млн сўмгача жарима солиниши мумкин.
Бироқ қонунга кўра, судя дахлсиз шахс ҳисобланади ва уни маъмурий жавобгарликка тортиш учун тегишли судялар ҳайъати хулосаси талаб қилинади. Судялар олий кенгаши хизмат текшируви тайинланганини ва натижалар бўйича қўшимча ахборот берилишини маълум қилди.
«Қорадори» тадбирида 112 кг наркотик модда ушланди
Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар вазирлиги томонидан 3-4 феврал кунлари республика бўйлаб ўтказилган «Қорадори» тадбирида 112 кгдан ортиқ гиёҳвандлик воситалари ва 8,6 мингдан ортиқ кучли таъсир қилувчи дорилар ноқонуний муомаладан чиқарилди.
Жами 653 та махсус операция ўтказилиб, гиёҳвандлик моддалари савдосига қарши чоралар кўрилди. 287,5 минг доллар ва 569 млн сўм пул маблағлари далилий ашё сифатида расмийлаштирилди.
Шунингдек, 228 киши жиноий жавобгарликка, 64 киши маъмурий жавобгарликка тортилиб, 47 нафар қидирувдаги шахс қўлга олинди. ИИВ ушбу тадбирлар давом эттирилишини маълум қилди.
Тошкентдан Андижон ва Самарқандга пулли йўллар қурилади
Тошкент-Андижон ва Тошкент-Самарқанд йўналишларида пулли автомобил йўллари қурилиши 2025 йилда старт олиши режалаштирилмоқда, деди транспорт вазири Илҳом Маҳкамов.
Тошкент-Андижон тезюрар магистрали Жаҳон банки иштирокида лойиҳалаштирилган бўлиб, 314 км узунликдаги йўл йўл ҳаракати хавфсизлигини 40 фоизга яхшилаши ва икки шаҳар ўртасидаги йўл вақтини 5 соатдан 3 соатгача қисқартириши кутилмоқда.
2,2 млрд долларлик Тошкент-Самарқанд йўналишида ҳам 300 км узунликдаги олти тасмали пулли йўл қурилиши бошланади. Лойиҳага 30 дан ортиқ хорижий компаниялар қизиқиш билдирган ва қурилиш тендерлари жадаллаштирилмоқда.
2024-2030 йилларда давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириладиган бу йўллар 2028 йилда якунланиши, сўнг хусусий операторга ўтказилиши режалаштирилган.
Трансафғон темирйўли қурилиши 2025 йилда бошланади
Илҳом Маҳкамов Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон темирйўли қурилиши ҳам 2025 йилда старт олиши режалаштирилаётганини маълум қилди.
Лойиҳа Афғонистон орқали Покистон ва Эрон портларига чиқишни таъминлаш учун 573 км узунликдаги магистрал қуришни назарда тутади. Лойиҳа йилига 20 млн тонна юк ташиш имкониятини яратади.
Темирйўлнинг умумий қиймати 5-6 млрд доллар атрофида баҳоланмоқда. Трансафғон йўналиши Марказий Осиёни Жанубий Осиё, шу жумладан Ҳиндистон ва Покистон бозорлари билан боғлаши кутилмоқда. Лойиҳага хорижий донорларни жалб қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинмоқда.
Куала-Лумпурда Шавкат Мирзиёев расман кутиб олинди
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Малайзияга расмий ташриф билан борган. Бугун Куала-Лумпурдаги «Пердана Путра» ҳукумат мажмуасида Ўзбекистон президентини Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим томонидан расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Фахрий қоровул саф тортди, икки давлат мадҳиялари янгради. Президент Мирзиёев қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар ва дипломатик корпус вакиллари билан саломлашди. Маросимидан сўнг олий даражадаги музокаралар бошланди.
Мавзуга оид

21:38
12 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

21:01 / 11.03.2025
11 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

00:19 / 08.03.2025
7 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

20:30 / 06.03.2025