Жаҳон | 22:01 / 04.02.2025
26349
3 дақиқада ўқилади

Қозоғистон AZAL самолёти ҳалокати бўйича дастлабки ҳисоботни эълон қилди

Ҳисоботга кўра, Azerbaijan Airlines самолётининг ҳалокати ташқи объект таъсирида юз берган бўлиши мумкин.

Фото: EPA

Қозоғистон Транспорт вазирлиги Оқтов аэропорти яқинида ҳалокатга учраган Azerbaijan Airlines (AZAL) бортининг қулашига оид дастлабки ҳисоботни эълон қилди.

Ҳужжат 53 варақдан иборат. Унда Embraer 190 самолёти иштирокида 25 декабрда содир бўлган авиаҳалокат терговининг дастлабки натижалари келтирилган. Борт Бокудан Грознийга учаётган бўлган.

«Ушбу ҳисоботда келтирилган маълумотлар дастлабки бўлиб, тадқиқот натижалари ва барча материалларни ўрганиш асосида тўлдирилиши ҳамда қўшимчалар киритилиши мумкин. Ишлар якунлангандан кейин авиация ҳодисасининг тегов натижалари бўйича якуний ҳисобот тайёрланади», — дейилади ҳужжатда.

Ҳисоботда қайд этилишича, комиссия самолёт конструкцияларига етказилган зарарни батафсил текширишни давом эттирмоқда.

«Сақланиб қолган қисмларни дастлабки кўздан кечиришлар давомида фюзеляжнинг қуйруқ қисми, кил ва стабилизатори, баландлик ва йўналиш рулларида турли ўлчам ҳамда шаклдаги шикастланиш ҳолатлари аниқланди. Ҳаво кемасининг чап двигатели ва чап қанотида, шунингдек, агрегатлар ва компотентларида ҳам шу каби шикастлар қайд этилган. Айрим жойлардаги шикастланишлар тўғри тўртбурчак шаклига эга», — дейилади ҳисоботда.

Қозоғистон Транспорт вазирлиги

Комиссия гидравлик тизимга ҳам шикаст етганини аниқлаган ва бу ташқи объект таъсирида юзага келган бўлиши мумкин. Ҳисоботда, шунингдек, учувчиларнинг диспетчерлар билан суҳбати, аэропортлар ва об-ҳаво маълумотлари келтирилган.

Бокудан Грознийга учган Azerbaijan Airlines самолёти 25 декабрда Оқтов шаҳрига мажбурий қўниш вақтида ҳалокатга учраган эди. Ҳодиса оқибатида 38 киши ҳалок бўлган. Euronews ва Reuters маълумотларига кўра, самолётнинг қулашига Россиянинг Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари сабабчи бўлган.

Ҳалокат сабаблари ҳозиргача расман эълон қилинмади. Шу билан бирга Россия президенти Владимир Путин ҳалокатдан кўп ўтмай Озарбойжон президенти Илҳом Алиевга қўнғироқ қилиб, «Россия ҳаво маконида содир бўлган фожиа» учун узр сўраган эди. Алиев эса Россия самолётнинг қулашида «ўз айбини тан олиши кераклигини» маълум қилган.

AZAL самолёти ҳалокатидан кейин бир қатор хориж авиакомпаниялари Россияга рейсларини бекор қилди. Хусусан, Azerbaijan Airlines РФнинг қатор шаҳарларига парвозларини тўхтатиб қўйди.

Январ ўрталарида AZAL авиакомпаниясининг Оқтов яқинида ҳалокатга учраган самолёти қора қутиларидан Бразилияда олинган маълумотлар Қозоғистондаги махсус комиссияга берилган. Регистраторларнинг Қозоғистонга етиб келган маълумотлари мутахассислар томонидан ўрганилмоқда. Аввалроқ Қозоғистон Транспорт вазирлиги авиаҳалокатнинг дастлабки сабаблари 30 кун ичида эълон этилишини маълум қилганди.

Мавзуга оид