Ўзбекистонда камбағаллик чегараси янгиланди
Ўзбекистонда бир кишининг бир ойлик минимал истеъмол харажатлари 669 минг сўм деб эълон қилинди. Киши бошига харажат шу миқдордан ошадиган оилалар расман камбағал ҳисобланмайди. 669 минг сўм – бир йил олдинги қийматдан 7,7 фоизга юқори. Ваҳоланки, 2024 йилги расмий инфляция бундан кўпроқ, 9,8 фоиз бўлган.

Фото: Kun.uz
Статистика агентлиги асосан минимал истеъмол харажатлари қиймати (МИХ)ни янгилади.
2024 йил декабр ойида май ойига нисбатан ҳисобланган инфляциядан келиб чиқиб, 2025 йил учун ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари бир ойда киши бошига 669 минг сўм деб белгиланди.
Бу – 2024 йил май ойидан буён амал қилиб келган қиймат (648 минг сўм)дан 3,2 фоизга, бир йил олдин – 2024 йилнинг январидаги қиймат (621 минг сўм)дан эса 7,7 фоизга юқори. Ваҳоланки, агентлик маълумотига кўра, 2024 йилги инфляция 7,7 фоиздан кўпроқ – 9,8 фоиз бўлган.
МИХни янгилаш икки ҳафтага кечикканини ҳам қайд этиш лозим: Президент ва ҳукумат қарорларига асосан, статистика органи янги қийматни 20 январгача эълон қилиши керак эди.
МИХга боғланган ижтимоий тўловлар, хусусан нафақалар қайси санадан бошлаб оширилиши (камида 3,2 фоизга) ҳозирча маълум эмас.
Бандлик вазирлиги 2025 йил 2 феврал куни берган маълумотга кўра, 2024 йил якунига кўра камбағаллик даражаси 11 фоиз 8,9 фоизга камайди. Йил давомида камбағаллар сони 719 минг нафарга камайиб, йил якунида 3,3 млн кишини ташкил этган.
Минимал истеъмол харажатлари нима?
Статистика агентлигининг 4 феврал кунги хабарида қўшимча қилинишича, жаҳон тажрибасида минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичидан камбағаллик чегараси сифатида фойдаланиш кенг тарқалган бўлиб, мазкур кўрсаткичдан:
- давлатнинг моддий ва бошқа ижтимоий кўмакларига муҳтож аҳолининг мақсадли (таргет) гуруҳини аниқлаш;
- камбағалликка қарши курашиш стратегияси ва дастурларида белгиланган вазифа ва чора-тадбирларнинг натижадорлиги ҳамда манзиллилигини ошириш, шунингдек, уларнинг доимий мониторингини юритиш;
- пенсиялар ва нафақаларнинг энг кам миқдорини белгилаш, шунингдек, камбағал оилаларга бериладиган бошқа турдаги моддий кўмакларни кўрсатишда мезон сифатида фойдаланилади.
Минимал истеъмол харажатларининг аввалги қийматлари
Ўзбекистондаги минимал истеъмол харажатлари миқдори 2021 йилда 440 минг сўмни ташкил этган, 2022 йил январидан бошлаб эса 498 минг сўм деб белгиланганди. Бу миқдор 2023 йил июл ойида 498 минг сўмдан 568 минг сўмгача, 2024 йилнинг январида эса 568 минг сўмдан 621 минг сўмгача оширилганди.
2024 йил 1 майдан энергетика соҳасида бозор механизмлари жорий этилаётгани сабабли минимал истеъмол харажатлари 1 майдан қайта ҳисобланиб, 648 минг сўм миқдорида белгиланган.
Мавзуга оид

11:53
Озодликдан маҳрум қилинган 20 минг киши, 4 баробарга ошган талон-торожлар – жиноятчилик статистикаси

18:12 / 07.03.2025
Мигрантларнинг пул ўтказмаларисиз Ўзбекистонда камбағаллик 17 фоизгача ошиши мумкин – Жаҳон банки

15:05 / 07.03.2025
Бизнес учун статистика ҳисоботлари ҳажми камаяди

13:32 / 07.03.2025