Ўзбекистон | 21:12 / 04.02.2025
3734
6 дақиқада ўқилади

4 феврал янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Андижонда шаҳвоний шилқимлик қилган эркак ишини прокуратура ўрганмоқда, муддатли ҳарбий хизматга чақирув эълон қилинди, ишлаб чиқарилиши қисқарган газ ва нефт — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

13 ёшли қизга шаҳвоний таклиф берган эр-хотин

Андижон вилояти прокуратураси Асака туманида 13 ёшли қизнинг қўшниси томонидан шаҳвоний шилқимликка учрагани бўйича маъмурий қарорни қайта ўрганмоқда.

Kun.uz хабарига кўра, аввалроқ ИИБ 13 ёшли қизга пул эвазига жинсий алоқа таклиф қилган эр-хотинга жиноят иши қўзғатишни рад этган ва маъмурий иш доирасида суд эрга – 5 сутка маъмурий қамоқ, хотинига – 750 минг сўм жарима тайинлаган.

Вилоят суди ҳам дастлабки қарорни ўз кучида қолдирган, бироқ жамоатчилик ва ОАВ эътибори ортидан Бош прокуратура ишни назоратга олди.

Суд ҳужжатларига кўра, 38 ёшли қўшни эркак вояга етмаган қизга шунчаки шаҳвоний шилқимлик қилмаган, қизнинг вояга етмаганини била туриб, 100 минг сўм эвазига қизни жинсий эҳтиёжини қондиришга мажбур қилишга уринган, хотини эса бу ҳаракатни қўллаб-қувватлаган. Қиз бу вазиятдан қўрқиб, уйдан қочиб чиққан. Суд жараёнида эр-хотин айбини тан олган.

Ҳозирда прокуратура суд ҳужжатларини қайта ўрганмоқда.

Армия замонавий қурол-яроғ билан таъминланади

Кеча президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Президент армиянинг жанговар салоҳиятини ошириш, шахсий таркибнинг маънавий-руҳий ҳолатини мустаҳкамлаш ва мудофаа саноати корхоналарини ривожлантириш ишини давом эттириш зарурлигини таъкидлади.

Шунингдек, жанговар ва тезкор тайёргарлик тадбирларини кучайтириш, ҳарбий мутахассисларни тайёрлаш ва муҳандис-техник таркибни профессионал ўқитиш тизимини такомиллаштириш масалаларига эътибор қаратилди.

Йиғилиш якунида президент Қуролли Кучларни янада ривожлантириш ва мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича топшириқлар берди.

Ҳарбий соҳага оид яна бир хабар: президент қарорига мувофиқ 2025 йил март-апрел ойларида Ўзбекистон фуқаролари муддатли ҳарбий хизматга чақирилади. Чақирилиш муддатини кечиктириш ёки ундан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган ёшлар армия сафига жалб этилади.

Ҳарбий хизматга яроқли, шу жумладан, чекловлар билан яроқли бўлган, аммо ушбу чақирув даврида армияга жалб этилмайдиган шахслар сафарбарлик чақируви резерви хизматига қабул қилинади.

5,2 млн аҳоли бандлиги таъминланади

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтган, аҳоли бандлигини таъминлаш ва инвестиция жалб қилиш масалаларига бағишланган йиғилишда 5,2 млн аҳолини иш билан таъминлаш, 1,5 млн кишини камбағалликдан чиқариш, 42 млрд доллар хорижий инвестиция жалб қилиш ва экспортни 30 млрд доллардан ошириш режаси муҳокама қилинди.

Январ ойида 277 минг киши ишли бўлган, шундан 91 минг нафари доимий ишга жойлашган, 153 минг киши тадбиркорликка жалб қилинган.

Камбағалликни қисқартириш учун 32 та йўналишда янги ёндашувлар жорий этилмоқда.

Бу йил 14 млрд долларлик 8 мингта лойиҳа амалга оширилиши ва 272 мингта доимий иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Январ ойида Ўзбекистонга 3 млрд доллар хорижий инвестиция кириб келди, февралда ҳам шунча сармоя жалб қилиниши кутилмоқда.

Газ ва нефт ишлаб чиқариш камайди

2024 йилда Ўзбекистонда газ қазиб олиш 4,5 фоизга, нефт 8,5 фоизга, бензин ишлаб чиқариш 3,8 фоизга қисқарди. Шу билан бирга кўмир қазиб олиш 26,2 фоизга, электр энергияси ишлаб чиқариш 4,6 фоизга ошган.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йилда газ қазиб олиш ҳажми 44,59 млрд куб метрни ташкил этган, бу 2023 йилга нисбатан 2,1 млрд куб метрга кам. Охирги етти йилда газ қазиб олиш қарийб 28 фоизга, яъни 17 млрд куб метрга пасайган.

Нефт қазиб олиш 779 минг тоннадан 713 минг тоннага тушган, дизел ёнилғиси ишлаб чиқариш 1 млн 12 минг тоннадан 949 минг тоннага камайган. Шу билан бирга, газ конденсати ишлаб чиқариш 1,198 млн тоннадан 1,214 млн тоннага ошган.

Электр энергияси ишлаб чиқариш 81,28 млрд kWhʼга етган. Умумий ҳажм ошган бўлса-да, йирик корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси 8 фоизга камайган.

Тошкент бозорларида патта нархлари ошади

Тошкент шаҳар ҳокимлиги бозорларда савдо ўринлари учун бир марталик йиғим ва ижара тўловларини оширишни режалаштирмоқда. Янги тартиб лойиҳаси эълон қилинди, унга кўра айрим қишлоқ хўжалиги маҳсулотлар савдоси кунлик патта нархлари ўртача 20-30 фоизга қимматлашади.

Қарор ҳали расман тасдиқланмаган.

Халқаро курерлик жўнатмалари учун йиғим

Ҳукумат қарорига кўра, Ўзбекистонда халқаро курерлик жўнатмалари учун 1 кило юк ҳисобига Базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 фоизи (7500 сўм) миқдорида йиғим белгиланади.

Қарор мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни доирасида қабул қилинган ва божхона йиғимларини халқаро талабларга мувофиқлаштиришни кўзлайди.

Эслатиб ўтамиз, ҳозир Ўзбекистонда бир календар чорак давомида 1000 долларгача бўлган курерлик жўнатмалари учун бож олинмайдиган тартиб амал қилади.

Мавзуга оид