Жаҳон | 00:40 / 03.02.2025
2674
2 дақиқада ўқилади

Гуржистонда намойишга чиққан ўнлаб мухолифат вакиллари ҳибсга олинди

Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан ҳибсга олинган шахслар орасида Тбилиси собиқ мэри Гиги Угулава ва «Ўзгаришлар учун» партияси асосчиси Ника Мелия ҳам бор.

Фото: Reuters

Бир қанча мухолифат етакчилари, жумладан, Тбилиси собиқ мэри Гиги Угулава ва «Ўзгаришлар учун» партияси асосчиси Ника Мелия норозилик намойишлари давомида полиция билан юзага келган тўқнашув давомида ҳибсга олинди.

Бир кун олдин ижтимоий тармоқларда сиёсий маҳбусларни озод этиш, янги парламент сайловларини белгилаш ва Гуржистоннинг ЕИга аъзо бўлиш жараёнини қайта бошлаш талаби билан кенг кўламли акция ўтказилиши режалаштирилган эди. Улар Тбилиси—Батуми стратегик автотрассасини ёпиб қўймоқчи бўлган.

1 феврал куни полиция бир қатор гуруҳларнинг администраторлари уйларида тинтувлар ўтказган.

ИИВ ҳозирча акция иштирокчиларига қарши жиноий ёки маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларнинг айнан қайси моддалари бўйича иш қўзғатилганига изоҳ бермаган. Аввалроқ идора Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришга кўра, стратегик автомагистралларни тўсиб қўйиш тўрт йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши ҳақида огоҳлантирган эди.

Гуржистонда норозилик намойишларининг янги тўлқини ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси 2028 йилга қадар Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокараларни тўхтатиб қўйишга қарор қилганидан кейин бошланди. Намойишлар давомида фуқаролар ҳамда куч тузилмалари вакиллари ўртасида тўқнашувлар содир бўлди. Парламентга ўтган бошқа партиялар, шунингдек, мамлакатнинг собиқ президенти Саломе Зурабишвили сайловлар натижаларини тан олмади.

Декабр охирида Гуржистоннинг янги президенти Михаил Кавелашвили Тбилиси Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокараларни ўтказишга тайёрлигини, шунингдек, мамлакат АҚШ билан ҳам муносабатларини чуқурлаштириш ниятида эканини таъкидлади.

Мавзуга оид