3 феврал янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Ўзбекистонда «Ҳалол» белгисига рухсат, 80 минг доллар билан қўлга тушган мутахассис, ЙПХ ходими устига машина ҳайдаган ҳайдовчи ва дунё кезаётган ўзбек сайёҳ блогерлари — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Ўзбекистонда «Ҳалол» белгисига рухсат берилди
Ўзбекистонда 2025 йил 1 майдан Ислом мамлакатлари стандартлари ва метрология институти (SMIIC) талабларига мувофиқ сертификатланган маҳсулот ва хизматларга «Ҳалол» белгиси қўйишга рухсат этилди.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган қарорга кўра:
- «Ҳалол» талабларига мувофиқ маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш тартиби жорий этилади;
- Сертификатлаштирилган маҳсулотлар даврий баҳоланади;
- Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва Дин ишлари бўйича қўмита «Ҳалол» талабларига мувофиқ сертификатлаштиришни назорат қилади.
Шунингдек, «Ҳалол» белгисининг расмий шакли ва ўлчамини белгилайдиган стандарт лойиҳа ишлаб чиқилади. Қарор расмий эълон қилинган санадан 3 ой ўтиб, яъни 1 майдан кучга киради.
ДХХнинг Хоразм ва Фарғонадаги коррупцияга қарши тезкор тадбирлари
Хоразм вилояти Транспорт бошқармаси бош мутахассиси 80 минг доллар пора олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланди.
ДХХ маълумотига кўра, у тадбиркорнинг ишончига кириб, Урганчдаги 960 квадрат метр ер майдонини кадастр идораларидаги танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб бериш ва кўп қаватли турар жой қуриш учун ҳужжатларни тайёрлаш эвазига 135 минг доллар талаб қилган. Шунинг 80 минг долларини олган пайтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Унга нисбатан Жиноят кодексининг фирибгарлик ва пора беришга қасд қилиш моддалари бўйича иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Фарғона вилоятида ҳам коррупция ҳолати аниқланган. Ёзёвон туманининг Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси бош мутахассиси қурилиш пудратчиси учун рейтинг балларини ошириш ва тендерга тақдим қилиш мақсадида сохта ҳужжатлар тайёрлаб бериш эвазига 8700 доллар олган вақтида ушланган. Бу ходимга нисбатан ҳам жиноят иши очилган.
ЙПХ ходими устига машина ҳайдаган ҳайдовчи қамоққа олинди
Самарқанд шаҳрида йўл патрул хизмати ходимининг талабига бўйсунмаган ва унинг ҳаётига хавф туғдирган ҳайдовчи қамоққа олинди.
31 январ куни Буюк Ипак йўли кўчасида ЙПХ ходими давлат рақами белгисиз Onix автомашинасини тўхтатмоқчи бўлган. Ҳайдовчи эса машинани инспектор устига ҳайдаб, тан жароҳатлари етказган ва воқеа жойидан қочиб кетган.
Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан ҳайдовчига нисбатан Жиноят кодексининг 140- ва 219-моддалари бўйича иш қўзғатилди. У процессуал тартибда ушланиб, қамоққа олинди.
Қонунга кўра, 140-модданинг 3-қисми бўйича 400-600 БҲМ миқдорида жарима ёки 1 йилгача озодликни чеклаш жазоси белгиланган. 219-моддага кўра эса 3-5 йилгача озодликни чеклаш ёки ундан маҳрум этиш жазоси қўлланиши мумкин.
Ҳозир тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ўзбекистонлик блогер Spark’да Европага саёҳат қилди
Ўзбекистонлик саёҳатчи-блогер Мирфаёз Мирбобоев Spark автомобилида минглаб километр йўл босиб, Европага етиб борди. У саёҳати давомида Қозоғистон ва Россия орқали ҳаракатланиб, Европанинг 15 та мамлакатига боришни режалаштирган.
Ҳозиргача у Латвия, Эстония ва Финландияни кезиб чиққанини Instagram саҳифасида ёритди. Таъкидланишича, Тошкентдан Финландиягача бўлган йўл унга атиги 600 долларга тушган. Мирбобоев айни кунларда совуқ Норвегияда саёҳатини давом эттирмоқда.
Ўзбекистонлик блогерлар орасида узоқ масофага пиёда ёки битта транспортда сафар қилиш трендга айланмоқда. Бунга мисол тариқасида Why Shoha номи билан танилган блогернинг Андижондан Қорақалпоғистонга пиёда сафарини кўрсатиш мумкин. У Нукусга 52 кунда етиб борган эди. Андижонлик саёҳатчи Абу эса шу кунларда Афғонистон ва Эрон орқали Ироққа ўз машинасида ёлғиз саёҳат уюштирмоқда.
2024 йилда Ўзбекистонга 8,2 млн сайёҳ ташриф буюрди
2024 йил давомида Ўзбекистонга 8,2 млн хорижлик сайёҳ келди. Бу 2023 йилга нисбатан 1,8 млн нафарга кўпроқ.
Статистикага кўра, сайёҳларнинг қарийб ярмини аёллар ташкил этади, бу 49,8 фоиз, яъни 4,08 млн бўлади, ярмидан сал ошиқроғини эса эркаклар ташкил этади — 4,1 млн ёки 50,2 фоиз.
Туристларнинг асосий қисмини Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Россия фуқаролари ташкил қилган.
Мавзуга оид

21:38 / 12.03.2025
12 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

21:01 / 11.03.2025
11 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

00:19 / 08.03.2025
7 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

20:30 / 06.03.2025