Жаҳон | 18:53 / 01.02.2025
4697
1 дақиқада ўқилади

Таиландда ичида сайёҳлар бўлган автобус 15 метр баландликдан тушиб кетди

Ҳодиса ҳайдовчи бошқарувни йўқотиши оқибатида юз берган. Йўл-транспорт ҳодисаси туфайли тўққиз киши жароҳат олган.

Фото: Telegram / shot_shot

Таиландда сайёҳларни олиб кетаётган автобус тоғ йўлидан тушиб кетди. Бу ҳақда Telegramʼдаги SHOT канали хабар берди.

«Авария Пхукетдаги Карон—Патонг довонида юз берди. Бир гуруҳ сайёҳларни экскурсияга кетаётган бўлган. Автобус ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, менмонхона яқинидаги трассадан чиқиб кетган. Гувоҳларнинг айтишича, қутқарувчилар автобусдаги одамларни тоғдан пастга тушириб олган», — дейилади хабарда.

ЙТҲ оқибатида тўққиз киши жароҳат олган. Дастлабки маълумотларга кўра, уларнинг икки нафари россиялик, тўрт нафари эса хитойлик.

BrightTV маълумотларига кўра, автобус 15 метр баландликдан тушиб кетган. Ҳодиса жойига қутқарув хизматлари жалб этилган.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил октябр ойида Таиландда 40 га яқин ўқувчи ва ўқитувчиларни олиб кетаётган автобус ёниб кетиши оқибатида камида 20 киши ҳалок бўлганди.

Мавзуга оид