“Бу маълумотни бериб боришимиз керак” – Нурмат Отабеков ҳаво ифлосланишидан эрта огоҳлантириш тизимини йўлга қўйиш ҳақида
Санэпидқўмита ўтказган матбуот анжуманида ҳаво ифлосланишидан одамларни эрта огоҳлантириш тизими қачон йўлга қўйилиши ҳақида сўралди. “Албатта, бу масалани ўйлаб кўриш керак. Ҳозир бунинг умуман имконияти йўқ деб жавоб беришдан узоқдаман”, – деди қўмита раиси биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков.

Бугун, 31 январ куни Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси юқумли касалликлар олдини олиш бўйича республикада олиб борилаётган ишлар муҳокамасига бағишланган матбуот анжумани ўтказди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар берди. Унда масъуллардан Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланиши ҳақида аҳолини эрта огоҳлантириш тизимини йўлга қўйишнинг имкони бор ёки йўқлиги сўралди. Бунга Санэпидқўмита раиси биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков жавоб берди. Мутахассис бу масалалар билан айнан Санитария гигиена ва касб касалликлари илмий тадқиқот институти Ўзгидромет билан ҳамкорликда шуғулланаётганини маълум қилди.
“Ҳавонинг ифлосланиш даражасини ҳар куни мониторинг қилиб, олдиндан хабар бериш тизими масаласи олдин ҳам кўтарилган. Нега одамлар заҳарли ҳаводан эрта огоҳлантирилиб, уларга ниқобда юриш каби эҳтиёж чоралари кўрилмаяпти, деган саволлар бўляпти. Албатта, бу масалани ўйлаб кўриш керак. Ҳозир бунинг умуман имконияти йўқ деб жавоб беришдан узоқдаман”, – деди Отабеков.
У бу масалани тегишли вазирлик ва идоралар билан келишган ҳолда ҳал қилиш мумкинлигини ҳам қўшимча қилди. “Қандайдир аҳолига қулай бўлган маълумот бериш тизими ҳақида бош қотиришимиз керакдир. Лекин гап шундаки, мендаги маълумотларга кўра, аҳолига берилаётган ҳамма маълумотлар ҳам тўғри эмас. Негаки, Тошкент шаҳрида мен 50 йилдан кўпроқ муддатдан бери яшаяпман. Лекин жуда бир кескин Хитойнинг Пекин, Япониянинг Токио ёки Мисрнинг Қоҳира шаҳридагидек фарқ бўлаётганини кузатаётганим йўқ. Лекин бу маълумот аҳолини қизиқтираётган экан, биз бу маълумотни бериб боришимиз керак бўлади”, – деди қўмита вакили.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланиши охирги 2 йилда куз-қиш ойларида кескинлашмоқда. Экология вазирлиги мутахассислари Kun.uz’га берган интервюсида бунга асосан шаҳар атрофида иссиқхоналар кўмирда ишлаётгани ва уларнинг заҳари шамол таъсирида шаҳар ичида кираётганини маълум қилганди. Интервюда вазирлик вакили шаҳарда ҳаво ифлосланишини олдиндан айтиш имкони борлигини ҳам қўшимча қилганди.
Мавзуга оид

17:46 / 27.02.2025
ССВ: Мавсумий респиратор касалликлар тарқалиши билан боғлиқ вазият барқарор

15:48 / 08.02.2025
Президент Аи-80дан воз кечиш ва аҳолини арзон ёқилғи билан таъминлаш топшириғини берди

15:02 / 07.02.2025
Ифлосланган ҳаводан нафас олишнинг яна бир хавфли томони аниқланди

21:33 / 02.02.2025