Ўзбекистон | 20:36 / 31.01.2025
3106
5 дақиқада ўқилади

31 январ янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Диний соҳада давлат сиёсати концепцияси, бождан озод қилинган уруғлик картошка, ўзбек университетлари дунё рейтингида ва хорижга кўчаётган ватандошларнинг танлови — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Диний соҳада давлат сиёсати концепцияси

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари «Фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси» лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Ҳужжат 41 банддан иборат бўлиб, диний соҳада давлат сиёсатининг 10 та асосий вазифаси, 6 та принципи ва 3 та устувор йўналишини белгилайди.

Концепциянинг мақсади — виждон эркинлигини таъминлаш, динлараро муроса ва ҳурматни мустаҳкамлаш, жамиятда диний бағрикенглик ва дунёвийликни кафолатлаш. Шунингдек, давлат хизматчилари фаолиятида дунёвий тамойиллар асосий мезон бўлиши ва радикаллашув, экстремизм ва терроризмга қарши курашиш назарда тутилган.

Лойиҳа қонунчилик, илм-фан, диний таълим, ижтимоий муносабатлар ва хавфсизлик соҳаларини қамраб олади. Концепция жамоатчилик муҳокамасига қўйилди, иккинчи ўқишда таклифлар инобатга олиниши кутилмоқда.

Ўзбек университетлари дунёнинг энг яхши ОТМлари рейтингида

Ўзбекистоннинг учта олий таълим муассасаси Times Higher Education рейтингида илк бор дунёнинг энг нуфузли университетлари рўйхатига киритилди.

«Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» Миллий тадқиқот университети табиий фанлар, математика ва статистика йўналишида кучли 400 лик, муҳандислик йўналишида кучли 600 ликка лойиқ кўрилди.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети эса табиий фанлар, математика ва статистика йўналишида 601–800-ўринда;

Тошкент ахборот технологиялари университети таълим йўналишида кучли 700 ликдан, компютер илмлари ва дастурлаш технологиялари йўналишида 1001-ўриндан пастга жойлаштирилди.

Жаҳонда энг нуфузли университетлар орасида Ҳарвард, Стэнфорд, MIT ва Оксфорд етакчилик қилмоқда. Times Higher Education рейтинги 11 тоифани қамраб олиб, таълим сифати, талабалар имкониятлари ва битирувчиларнинг муваффақиятларини баҳолайди.

Уруғлик картошка бождан озод қилинди

Ўзбекистонда картошкачиликни ривожлантириш бўйича янги чора-тадбирлар белгиланди. Президент Шавкат Мирзиёев 30 январ куни томорқачилик ва ижарага берилган ерлардан даромадли фойдаланиш бўйича йиғилиш ўтказди.

Асосий ўзгаришларга кўра, энди четдан олиб келинадиган уруғлик картошка 3 йилга божхона божидан озод қилинди. Шунингдек, 2027 йилдан картошкага бўлган эҳтиёж тўлиқ ички ишлаб чиқариш ҳисобига қопланиши белгиланди.

Деҳқон хўжаликлари ва томорқани ривожлантириш учун алоҳида кенгаш тузилади. UzAgroStar ҳолдинги ташкил этилиб, 9 та банк ҳомийлигида 15 та ихтисослашган компания очилади. 400 млрд сўм картошкачиликни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади

Уруғчилик институтлари билан ҳамкорлик кучайтирилади, танланган туманларда «яшил» иссиқхоналар барпо қилинади. Мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 15 та туман тажрибаси яна 72 та туманда кенг жорий этилади.

Ўзбекистонликлар қайси давлатларга кўчиб кетмоқда?

2024 йил давомида 10 минг 842 нафар ўзбекистонлик доимий яшаш учун хорижий давлатларга кўчиб кетган.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, уларнинг аксарияти Қозоғистон (8792 киши) ва Россияга (1601 киши) йўл олган. Шунингдек, 96 киши Жанубий Кореяга, 73 киши Қирғизистонга, 39 киши Туркманистонга ва 241 киши бошқа давлатларга кўчиб ўтган.

Таққослаш учун, 2023 йилда хорижга доимий яшаш мақсадида 17 минг 336 нафар ўзбекистонлик кетган бўлиб, шундан 14 минг 51 киши Қозоғистонга, 2670 киши эса Россияга йўл олган.

Бир вақтнинг ўзида, 2024 йил давомида Ўзбекистонга хориждан доимий яшаш учун 2229 киши келган. Улар орасида энг кўпи Россиядан (813 киши) ва Қозоғистондан (539 киши) бўлган. Шунингдек, 241 киши Тожикистондан, 153 киши эса Қирғизистондан Ўзбекистонга кўчиб келган.

Парижда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилади

Ўзбекистоннинг Франциядаги элчиси Нодир Ғаниев Париж мэри ўринбосари Арно Нгатча билан учрашиб, Тошкент ва Париж шаҳарлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва биродарлик алоқаларини йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилди.

Франция томони шу йил май ойида Парижда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон маданияти кунларини юқори даражада ташкил этиш учун барча зарур ёрдамни беришга тайёрлигини билдирди.

Мавзуга оид