Хитой Янги йили байрамида роботлар рақсга тушди (видео)
Фестивалда 16 та ҳуманоид робот одамлар билан бирга анъанавий Янге рақсини моҳирона ижро этиб, томошабинларни ҳайратда қолдирди.

Фото: Видеодан кадр
Хитой Янги йили муносабати билан ташкил этилган гала-концертда томошабинлар ҳайратланарли воқеага гувоҳ бўлди: Unitree компаниясининг 16 та ҳуманоид роботи одамлар билан биргаликда анъанавий Янге рақсини ижро этди.
Гулли нимчалар кийган роботлар ўзларини ҳақиқий раққослардек тутган. Улар белларини айлантириб, оёқларини ҳаракатлантирган ҳамда Янге рақсининг асосий атрибути бўлган рўмолчаларни моҳирона силкитган.
Таъкидланишича, Unitree компаниясининг янги технологиялари сабаб ушбу томошани уюштиришга муваффақ бўлинди. Намойишда қатнашган H1, H1-2 ва G-1 роботлари мураккаб саҳнада ҳам аниқ ҳаракат қилиш учун лазер навигациясидан фойдаланган.
Unitree маркетинг бўлими бошлиғи Ван Сисиннинг айтишича, роботларнинг барча ҳаракатларини сунъий интеллект бошқарган.
“Улар саҳнада ўз жойларини мустақил ўзгартиради, рақс ҳаракатларини эса компьютер бошқаради”, — деб тушунтирди у.
Роботлар атрофни “кўриш” ва муҳитга мослашишга ёрдам берадиган махсус сенсорлар билан жиҳозланган. Шунингдек, улар мусиқани “эшитиш” ва унинг оҳангига мос равишда ҳаракат қилиш қобилиятига эга.
2025 йилнинг бошида Unitree ўз роботлари дастурини янгилаган эди. Бу эса роботларга янада табиийроқ ҳаракат қилиш имконини берди. H1 роботлари ўзларининг “бўғим”ларида жуда катта куч ишлаб чиқара олади, бу уларнинг ҳаракатларини равон ва аниқ бажаришга ёрдам беради.
Гала-концертдаги чиқиш нафақат технологияларни намойиш этиш, балки Хитой анъаналарига ҳурмат кўрсатиш бўлгани таъкидланмоқда. Одатда инсонлар томонидан ижро этиладиган Янге рақси бу сафар машиналар зиммасига юклатилди.
“Мазкур томоша нафақат технологик ютуқларни, балки хитой анъаналарининг гўзаллигини ҳам акс эттиради”, — дейилади Unitree баёнотида. “Бу замонавий маданий намойишларда робототехниканинг имкониятларини кўрсатиб бермоқда”.
Аввалроқ Шанхайда ҳуманоид роботларни тайёрлайдиган база очилгани хабар қилинганди.
Мавзуга оид

09:21
Хитой Ўзбекистонда таълим ва касбга тайёрлаш ўқув марказини очади

22:47 / 08.03.2025
ШҲТ саммити Хитойнинг Тянцзин шаҳрида кузда бўлиб ўтади

16:41 / 08.03.2025
АҚШ суди Хитойдан Covid-19 тарқалгани учун 24 миллиард доллар талаб қилди

16:24 / 07.03.2025