Ўзбекистонда блокланган TikTok энг кўп солиқ тўлаган хорижий бигтех қаторига кирди
2024 йилда хорижий йирик IT-компанияларнинг Ўзбекистонда тўлаган солиқлари 1,5 баробарга ошиб, 9 млн долларга етди. Топ ўнталикка илк бор TikTok ҳам қўшилди, ваҳоланки, бу платформа Ўзбекистонда блокланган.

Фото: Bloomberg
Ўзбекистонда электрон хизматлар кўрсатувчи хорижий компаниялар 2024 йилда қарийб 116 миллиард сўм солиқ тўлади, деб хабар беради Солиқ қўмитаси.
Қайд этилишича, мамлакатда электрон хизматлар кўрсатувчи 63 та хорижий компания томонидан 2024 йилда 115,8 миллиард сўм солиқ тўланган — бу 2023 йилга нисбатан 1,5 баробар кўп. Шу билан бирга, ушбу компаниялар томонидан кўрсатилган хизматлар ҳажми ҳам 1,5 бараварга ўсиб, 959 миллиард сўмни ташкил этган.
Meta компанияси энг кўп солиқ тўлаган компания айланди — 41,71 миллиард сўм. Ундан кейинги ўринларни Google (28,9 миллиард сўм) ҳамда Apple (27,3 миллиард сўм) компаниялари эгаллаган.
Шунингдек, 2021 йилнинг ёзидан бери Ўзбекистонда расман блокланган, аммо 2023 йилда солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган TikTok ижтимоий тармоғи ўтган йил давомида 903 миллион сўм солиқ тўлаб, энг йирик солиқ тўловчилар ўнталигига кирган.
Тўланган солиқларнинг 99,9 фоизи электрон хизматлар кўрсатувчи қуйидаги 10 та хорижий компаниялар ҳиссасига тўғри келган:
- Meta — 41,7 млрд сўм;
- Google — 29 млрд сўм;
- Apple — 27,3 млрд сўм;
- Amazon — 4,1 млрд сўм;
- Booking.com — 3,6 млрд сўм;
- Netflix — 1,4 млрд сўм;
- Zoom — 1,4 млрд сўм;
- Аccа — 1,2 млрд сўм;
- Xsolla — 966,7 млн сўм;
- TikTok — 903 млн сўм.
«Электрон хизматлар кўрсатувчи чет эл юридик шахслари ўтган чоракдан кейинги ойнинг 20-кунидан кечиктирмай солиқ ҳисоботларини тақдим этади ва солиқларни тўлайди», — дейилади хабарда.
Мавзуга оид

17:43 / 27.02.2025
Жиззах вилояти солиқ бошқармасига янги раҳбар тайинланди

22:22 / 17.02.2025
Meta бутун сайёра бўйлаб сувости интернет кабелини тортади

00:23 / 15.02.2025
Apple ва Google TikTokʼни ўзларининг иловалар дўконига қайтарди

20:27 / 01.02.2025