Жаҳон | 19:02 / 28.01.2025
1974
2 дақиқада ўқилади

Европа дипломатияси раҳбари Россияга PlayStation ва Xbox консоллари етказиб беришни тақиқлашни таклиф қилди

Ўйин консолларини ишлаб чиқарувчи учта йирик компания — Microsoft, Nintendo ва Sony ўз маҳсулотларини Россияга сотишни 2022 йил март бошларида тўхтатган. Таъкидланишича, улардан дронларни бошқаришда фойдаланиш мумкин.

Фото: Getty images

Европа дипломатияси раҳбари Кая Каллас Россияга қарши санкцияларнинг янги пакетидан ўйин консолларини сотишга ҳам тақиқ қўйилишини эълон қилди. Чунки улар ёрдамида учувчисиз учиш аппаратларини бошқариш мумкин, деб ёзади Financial Times.

Калласнинг сўзларига кўра, гап Sony компаниясининг PlayStation ва Microsoftʼнинг Xbox консоллари ҳақида кетмоқда. «Биз Россияга ушбу урушни олиб боришда ёрдам берадиган барча турдаги буюмларни санкциялар рўйхатига киритиш мақсадида уларни ўрганмоқдамиз. Ҳатто видеоўйинлар учун консолларни ҳам, чунки айнан улар ёрдамида дронлар бошқариляпти», — дейди Каллас.

FT’нинг эслатишича, ўйин консолларини ишлаб чиқарувчи учта йирик компания — Microsoft, Nintendo ва Sony ўз маҳсулотларини Россияга сотишни 2022 йил март бошларида тўхтатган. Нашрнинг қайд этишича, ЕИ тақиқи консолларни Россияга юбораётган европалик савдогарларга таъсир кўрсатади.

Россия видеоўйинлар импортёри ва дистрибютерлари ассоциацияси раҳбари Яша Хаддажининг таъкидлашича, Европа Иттифоқида ўйин косноллари ишлаб чиқариладиган бирорта ҳам давлат йўқ, Россияга етказиб берилаётган консоллар эса ЕИ орқали транзитдан ўтмайди.

Россия билан савдони чеклаш ва мамлакат Марказий банки активларини музлатишни назарда тутувчи санкциялар ҳар ярим йилда узайтирилади. Бунинг учун ЕИга аъзо давлатларнинг барчаси овоз бериши керак. Аммо бу сафар ЕИ давлатлари Венгрия қаршилигига дуч келди — ушбу мамлакат Киев Россия газини Украина ҳудуди орқали транзитини тўхтатиб қўйганидан норози. Венгрия бош вазири Виктор Орбан чекловларни узайтиришдан олдин АҚШ президенти Доналд Трампнинг инаугурациясини кутмоқчи эканини айтган эди.

Мавзуга оид