Жаҳон | 14:59 / 28.01.2025
5361
8 дақиқада ўқилади

Шимолга қайтаётган ғазоликлар, Трампга таслим бўлган Колумбия ва тожик миллий либослари бўйича йўриқнома — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазо шимолига қайтаётган фаластинликлар

Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги сулҳ доирасида минглаб фаластинликлар Ғазо сектори шимолига қайтишни бошлади. Исроил назорат пунктларини очиб, аҳолига ўз уйларига қайтишга рухсат берди.

Одамлар шахсий буюмларини кўтариб, соҳил бўйига йўл олди. «Уйга қайтиш — ажойиб ҳиссиёт», — деди қайтган фаластинлик Иброҳим Ҳассера. Қочқинлар лагерларида хурсандчилик ҳукмрон.

ҲАМАС буни фаластинликлар ғалабаси деб таъкидлаб, «босқинчилар режаси барбод бўлди», дея баёнот берди.

Аҳолининг уз уйларига қайтганини нафақат ғазоликлар, исроиллик ултраўнг миллатчи сиёсатчилар ҳам ҲАМАСнинг ғалабаси ўлароқ қабул қилишмоқда.

Исроилнинг собиқ миллий хавфсизлик вазири ва «Яҳудий куч» партияси етакчиси Итамар Бен-Гвир Ғазо сектори шимолига фаластинликларнинг қайтиши «ҲАМАС ғалабаси» эканини таъкидлади.

Бен-Гвир Нетцерим ҳудуди очилиши ва ўн минглаб фаластинликларнинг Ғазо шимолига қайтаётганини танқид қилди. У бу ҳолатни «асирларни алмашиш бўйича хатоликка тўла келишувнинг натижаси» деб атади.

Бинямин Нетаняҳунинг «Исроил Ғазодаги ҳужумларини тўлиқ ғалабагача давом эттиради», деган баёнотига ишора қилиб, Бен-Гвир шундай деди: «Бу ғалаба эмас, бу тўлиқ таслим бўлиш».

Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац эса Ғазо шимоли ва жанубида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув қатъий назорат қилинишини маълум қилди.

Исроил 2023 йил октябрда уруш бошлаб, Ғазо шимолидаги аҳолини сектор жанубига эвакуация қилганди. Ўт очишни тўхтатиш доирасида ҲАМАС гаровдаги 33 кишини озод қилиши, Исроил эса қарийб 2 минг фаластинликни қўйиб юбориши кутилмоқда.

ҲАМАС озод қилиниши керак бўлган 26 нафар исроиллик асирларнинг 8 нафари вафот этганини билдирди.

Нетаняҳу БМТ агентлигини Қуддусдан ҳайдаяпти

Исроил ҳукумати БМТнинг Фаластинлик қочқинларга ёрдам агентлигига (UNRWA) Шарқий Қуддусдаги биноларни бўшатиш ва 30 январга қадар фаолиятини тўхтатиш буйруғини берган. Бу ҳақда UNRWA агентлиги расмий баёнот билан чиқиш қилган.

Октябрда Исроил парламенти агентликнинг мамлакатдаги фаолиятини тақиқловчи қонунни қабул қилган эди. Халқаро ҳамжамият Шарқий Қуддусни фаластинликларга тегишли ҳудуд сифатида тан олади, аммо Исроил бутун Қуддусни ўз ҳудуди деб кўради ва пойтахтни ҳам Тел-Авивдан шу қадимий шаҳарга кўчирмоқчи.

UNRWA мазкур талабни БМТ Низомига зид деб баҳолаб, Исроил унинг халқаро мажбуриятларига амал қилиши шартлигини таъкидлади. Бундай чекловлар фаолиятга салбий таъсир кўрсатиб, 1100 ўқувчини таълимсиз, 70 минг беморни тиббий хизматсиз қолдириши мумкин.

Трамп баҳоргача урушни тугатмоқчи

Доналд Трамп Россия ва Украина ўртасидаги можарони 2025 йил баҳорига қадар бартараф этишни режалаштирмоқда, деб ёзмоқда The Independent. Трамп Киевни қўллаб-қувватлашдан воз кечмоқчи эмас ва унинг манфаатларига қарши келишувларга бормаслиги таъкидланди. Бироқ Москва ва Киевни музокарага қандай мажбур қилиш режаси маълум эмас.

Нашрнинг ёзишича, Трампнинг Украинани қўллаб-қувватлашга мойиллиги Давид Арахамиянинг инаугурация маросимида иштирок этишидан кўриниб турибди. Украинадаги ҳукмрон «Халқ хизматкори» партияси раҳбари маросимда қатнашган кам сонли хорижий вакиллардан бири бўлди.

Трампнинг Зеленский билан расмий учрашуви кутилаётгани таъкидланган, бироқ аниқ санаси ҳали маълум эмас. Президентликка номзод сифатида Трамп можарони 24 соатда ҳал этишни ваъда қилганди, аммо сайланганидан кейин у вақт талаб этилишини тан олди.

Трамп Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттиришини ва адолатли келишувга эришишни мақсад қилганини таъкидламоқда.

Колумбия АҚШ шартларини қабул қилди

АҚШ Колумбияга савдо божларини ошириш режасидан воз кечди. Бунинг сабаби — Доналд Трамп маъмуриятининг шартларига Колумбиянинг рози бўлганидир. Улар орасида депортация қилинган мигрантларни ҳарбий самолётларда қабул қилиш ҳам бор.

Аввалроқ Колумбия президенти Густаво Петро АҚШ самолётларига қўниб, мигрантларни туширишга рухсат бермаганди. Шундан сўнг Трамп Колумбиядан импорт қилинаётган маҳсулотларга 25 фоизлик савдо божлари жорий қилиш ва келгусида уни 50 фоизгача ошириш билан таҳдид қилди. Бир неча соатдан кейин Колумбия позициясини ўзгартирди.

Вашингтон ва Богота ўртасидаги келишувга кўра, депортация қилинганлар учун муносиб шароитлар яратилади. Колумбия ҳатто президент самолётидан фойдаланишни таклиф қилди.

АҚШ ўз «Темир гумбаз»ини яратади

АҚШ президенти Доналд Трамп яқин кунларда мамлакат ҳудудини ҳимоя қилиш учун «Темир гумбаз» тизимига ўхшаш янги ракеталарга қарши мудофаа тизимини яратиш тўғрисида фармон имзолаши кутилмоқда.

Бу ҳақда АҚШнинг янги мудофаа вазири Пит Ҳегсет маълум қилди. Унинг таъкидлашича, бундай тизим мамлакат хавфсизлигини таъминлаш учун жуда муҳим. Ҳегсет ушбу қарорнинг муҳимлигини таъкидлаб, «бу АҚШнинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш учун зарур қадам», дея қайд этди.

Шунингдек, Трамп COVID-19 вакцинасига қарши бўлганлиги учун ҳарбий хизматдан бўшатилган ҳарбийлар қайта ишга қабул қилиниши режалаштирилган. Уларга молиявий компенсация ва лавозимларига тикланиш кафолатланади.

Калифорния мустақил бўлмоқчи

Калифорния АҚШ таркибидан чиқиш имкониятини кўриб чиқмоқда. «Calexit» номли ташаббусни штатнинг Давлат котиби Ширли Вебер маъқуллади ва имзо тўплаш жараёни бошланди. Бу ҳақда New York Post хабар бермоқда.

Агар ташаббус қабул қилинса, 2028 йилда умумхалқ овоз беришда сайловчиларга «Калифорния штати АҚШ таркибидан чиқиб, эркин ва мустақил давлатга айланиши керакми?» деган савол қўйилади.

Мазкур қарорни амалга ошириш учун овоз беришда рўйхатдан ўтган сайловчиларнинг камида 50 фоизи иштирок этиши ва овоз берувчиларнинг камида 55 фоизи — ёки 500 мингдан ортиқ киши — 22 июлгача «розиман» деб овоз бериши керак бўлади.

Агар қарор қабул қилинса, «Калифорния халқининг мустақилликка бўлган иродаси» Америка Қўшма Штатлари учун «ишончсизлик вотуми» каби оқибатлар келтириб чиқариши мумкин.

Корея президентига ўлим жазоси?

Жанубий Корея прокуратураси президент Юн Сок Ёлни ҳарбий ҳолат жорий этишга уринишда исён ташкил этганликда айблаб, уни ҳибсга олди. Исён жинояти президент иммунитетини бекор қилади ва унга умрбод қамоқ ёки ўлим жазоси қўлланиши мумкин.

Юн бу айбловларни рад этиб, ҳарбий ҳолатни фақат огоҳлантириш мақсадида таклиф қилганини айтмоқда. Олий суд уни лавозимдан четлатилиш ёки ваколатлари тикланиши бўйича қарорни 180 кун ичида қабул қилади.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 14 декабрда парламент Юнга импичмент эълон қилганди. Ҳарбий ҳолатнинг жорий этилиши мухолифат депутатлари ва ҳарбийлар ўртасида тўқнашув орқали бекор қилинган.

Тожикистонда миллий кийимлар бўйича қўлланма

Тожикистон Маданият вазирлиги миллий кийимларнинг қўлланма китоби тайёрланиб, яқин кунларда чоп этилишини маълум қилди. Китоб 16 бобдан иборат бўлиб, миллий кийимларнинг турли вазиятларда қандай кийилишини тушунтиришга қаратилган.

Маданият вазирлиги расмийси Хуршед Низомийнинг таъкидлашича, қўлланмада асосан аёллар учун кўчага чиқиш, дам олиш кунлари, байрам ва маросимларда либос танлаш бўйича тавсиялар берилган.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил март ойида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон «миллий маданиятга ёт кийимларни кийиш» бўйича янги таҳрирдаги қонунни имзолаган эди. Президентнинг фикрича, бегона маданиятга тақлид қилиш миллий маданият ва мустақилликка салбий таъсир кўрсатади.

«Кийиниш этикетларининг бузилиши миллий онг ва маданий ўзлигимизга таҳдид солади», — деган эди Имомали Раҳмон ва тожик миллий кийимлари UNESCO томонидан тан олинганини ҳам таъкидлаганди.

Мавзуга оид