Жаҳон | 17:47 / 28.01.2025
2618
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда ҚҚС ставкаси 20 фоизгача оширилиши мумкин

​​​​​​​Мамлакатда амалда 12 фоизлик қўшилган қиймат солиғи ставкаси мавжуд. Таъкидланишича, Қозоғистон президенти ҳам ҚҚСни ошириш ташаббусини қўллаб-қувватлаган.

Фото: AFP

Қозоғистонда қўшилган қиймат солиғи ставкаси (ҚҚС) амалдаги 12 фоиздан 20 фоизга оширилиши мумкин. Бош вазир ўринбосари Серик Жумангариннинг сўзларига кўра, бу борада ҳали якуний қарор қабул қилинмаган.

«20 фоизлик ҚҚС ставкаси — дунёда кенг тарқалган. Ҳозирча биз якуний қарорга келмадик, чунки бир ойдан бери маслаҳатлашувлар, доимий учрашувлар олиб боряпмиз, қатор консултантлар бор», — дейди бош вазир ўринбосари.

Унинг таъкидлашича, мамлакат солиқ ислоҳотига муҳтож, парламентда эса тез орада ўзгартириш киритиладиган Солиқ кодекси лойиҳаси мавжуд.

«Биз ҚҚСни кўтариш ниятидамиз, ставка муҳокама қилинмоқда. Парламентда Солиқ кодекси лойиҳаси мавжуд ва биз унга ўзгартиришлар киритамиз… Ислоҳот керак ва давлат раҳбари ҳам буни қўллаб-қувватлади», — дейди бош вазир ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2023 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга пасайтирилган. Шу билан бирга, солиқ тўловчиларнинг тоифаси, солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби, солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатлари эса ўзгармаган.

«Тадбиркорлар учун тенг шароитлар ва адолатли рақобат муҳитини таъминлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармони билан қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғи ставкалари 2028 йил 1 январгача оширилмаслиги белгиланган.

Мавзуга оид