Ўзбекистон | 23:38 / 27.01.2025
10722
2 дақиқада ўқилади

Қизириқ туманига янги ҳоким тайинланди

Туманга қарийб 10 ойдан бери раҳбарлик қилиб келган Анвар Орипов ўз аризасига кўра лавозимдан олинди. Унинг ўрнига Қизириқ тумани ИИБ бошлиғи Шерхон Алламуротов тайинланди.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги

Қизириқ туманида Халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди, деб хабар беради Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати. Сессияда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этиб, Қизириқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар, эришилган натижалар ҳамда йўл қўйилган камчиликларга тўхталган.

Вилоят раҳбари шу вақтга қадар туман ҳокими вазифасида ишлаб келган Анвар Орипов ўз аризасига биноан лавозимидан озод этилганини билдириб, Шерхон Алламуротов номзодини Қизириқ тумани ҳокими этиб тайинлаш таклифини илгари сурган. Номзод депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланган.

Шерхон Алламуротов 1986 йилда Жарқўрғон туманида туғилган. 2011 йилда Ички ишлар вазирлиги академиясини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги – ҳуқуқшунос. Подполковник ҳарбий унвонига эга.

Фаолияти давомида Ички ишлар органларида турли вазифаларда, хусусан, вилоят Ички ишлар бошқармасида бўлим бошлиғи, Жарқўрғон тумани ИИБ бошлиғи лавозимларида меҳнат қилган. Тайинловга қадар Алламуротов 2023 йилдан буён Қизириқ тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи вазифасида фаолият юритиб келаётган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил апрел ойида Анвар Орипов Қизириқ тумани ҳокими лавозимига тайинланган эди. Тайинловга қадар у вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Мавзуга оид