“Аввал ойига 20-25 мингта карта сотилган, январда эса кунига шунча харид қилинди” — АТТО ижрочи директори
Тошкент шаҳрида жамоат транспортида йўлкирани нақд пулда тақиқлангани ортидан 2025-йил 1-январдан транспорт карталарига эҳтиёж ортиб кетди. Бунинг ортидан ҳатто транспорт карталари олибсотарлари пайдо бўлди. Тўловларни электронлаштиришнинг янги босқичига ўтишда юзага келаётган муаммоларга автоматлаштирилган транспорт тўлов тизими оператори бўлган АТТО компанияси қандай ечимларни ишлаб чиқмоқда? Компания ижрочи директори Даврон Шоёқубов Kun.uz’га бу ҳақида гапириб берди.
Транспорт карталарига талабнинг ортишига мос равишда кассаларни таъминлаш учун ташкилот қандай тайёргарлик ишларини амалга оширди?
– Карталарни етказиб бериш бўйича йил бошига белгиланган режа аввалги даврга нисбатан 3 баробарга кўп эди. Бироқ сотувлар кутилганидан зиёдроқ бўлди. 2024 йилда жами 250 минг, декабр ва январ ойининг биринчи 20 кунида эса 150 минг транспорт картаси истеъмолчилар томонидан харид қилинди. Авваллари ойига 20-25 мингтадан сотилган бўлса, январга келиб мазкур ҳажм кунлик сотувлар кўрсаткичига айланди.
Ой бошидан бери 200 мингта карта муомалага чиқарилди, январ охирига қадар яна 150 минг картани йўловчиларга етказиб бериш режа қилинган. Умумий ҳисобда январ-феврал ойлари учун 350 минг дона транспорт карталарини чиқариш кўзда тутилган. Карталар кассаларга доимий равишда тақдим этилади, бунда уларнинг сони мавжуд талабга мувофиқ белгиланади.
Тўлов карталари кассаларга етказиб берилаётганига қарамай, тез тугаб қоляпти. Бу борада ижтимоий тармоқларда аҳоли томонидан билдирилаётган турли эътирозларни ҳам кўриш мумкин. Жараён фақат талабнинг кескин ўсишига боғлиқми?
– Мурожаат марказимизга "карталарни топиб бўлмаяпти, кўчада эса улар қиммат нархларда сотиляпти” деган шикоятлар келиб тушяпти. Бу чайқовчилик механизмлари қўлланаётгани билан боғлиқ. Бир истеъмолчи 20 дан ортиқ ёки кассадаги ҳамма картани сотиб олган ҳолатлар учрамоқда. Хусусан, карталарни ўз нархида харид қилиб, кассада қолмаганидан кейин кўчада уларнинг нархини сунъий ошириб, 30-50 мингдан таклиф қиляпти.
Шу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун бир фойдаланувчига икки донадан ортиқ карта сотилмаслиги бўйича тизим йўлга қўйиляпти. Бу чайқовчилик ҳаракати ва нофаол карталар сони кўпайишининг олдини олади. 15 январ ҳолатига 360 мингта карта тизимда рўйхатдан ўтган бўлса, шундан 80 мингтаси фаол ҳолатда эмас, яъни тўлов жараёнида фойдаланилмаяпти.
АТТО карталари орқали тўлов амалга оширилаётганда у валидатор томонидан ўқилмай қолаётган ҳолатлар ҳам учрамоқда. Бундай вазият нима сабабдан юзага келади, масалани бартараф этиш учун йўловчилар кимга мурожаат қилиши зарур?
– Бунга биринчи навбатда картанинг техник носозлиги яъни магнит тасмаси ёки чипи зарар кўрганлиги сабаб бўлиши мумкин. Нотўғри шароитда сақлаш (эгиш, намлаш, юқори ҳароратда ушлаш) уни ишдан чиқаради. Бундан ташқари, картада тўловни амалга ошириш учун етарли маблағ бўлмаса, валидатор уни ўқимайди.
Жамоат транспортидаги валидаторларда техник носозлик юз берганда ёки дастурий таъминот билан боғлиқ муаммо пайдо бўлганда карта ишламай қолади. Шу билан бирга, янги харид қилинган карталар баъзан тизимда тўлиқ активлаштирилмагани туфайли ишламай қолаётган ҳолатлар ҳам мавжуд.
Муаммони бартараф этиш учун карта сотиб олинган жой (метрополитен кассаси ёки почта бўлими)га бориб, уни текширтириш керак. Картани янгилашга зарурат юзага келган бўлса, ходимлар алмаштириш хизматини тақдим этади. Шунингдек, бундай ҳолатларда карта балансини текшириб, маблағ қолмаган бўлса тўлдириш, валидатор ишламаётган бўлса, жамоат транспорти ҳайдовчисига ёки назоратчисига хабар бериш, масала бартараф этилмаса, транспорт компаниясининг “Call center” ёки шикоятлар учун мўлжалланган махсус хизматига мурожаат қилиш тавсия этилади.
Ишдан чиққан транспорт картасини алмаштириш ва ундаги маблағни янги картага ўтказиб олиш мумкинми? Бу хизмат пуллими?
– Ҳозирги вақтда АТТО тизими пул маблағларини бир картадан бошқасига тўғридан-тўғри ўтказишни таъминламайди. Бу тизимнинг техник хусусиятлари ва хавфсизлик чоралари билан боғлиқ. Эски карта йўқотилмаган бўлса, маблағни кўчиришнинг иложи бор. Бунда ишламаётган карта ҳамда янги картани тегишли жой (банк бўлими ёки хизмат кўрсатиш маркази)га олиб бориб, масъул ходимлар билан боғланиб, маблағни янги картага ўтказиш сўралади. Ходимлар банк тизими орқали эски картадаги қолдиқ маблағни янги картага кўчиради, хизмат – бепул. Агар эски карта йўқотиб қўйилган ва унинг маълумотлари сақланмаган бўлса, ичидаги балансни ўтказиб олишнинг имкони мавжуд эмас.
Тўлиқ интервюни Kun.uz YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.
Диёрахон Набижонова суҳбатлашди.
Оператор: Мирвоҳид Мирраҳимов.
Мавзуга оид

17:16 / 04.03.2025
Тошкент шаҳридаги айрим автобус йўналишларига ўзгартириш киритилади

16:25 / 27.02.2025
Тошкент вилоятининг 7 та шаҳрига 170 та автобус харид қилинади

16:16 / 09.02.2025
Чегирмали чиптадан жаримагача: дунё мамлакатларида автобусга тўлов тизими қандай ишлайди?

18:27 / 15.01.2025