Жаҳон | 23:00 / 25.01.2025
4247
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг йирик айсберг бир йилда ўз майдонининг қарийб 9 фоизидан айрилди

А23а айсберги Антарктида соҳилларидан 1986 йилда ажралиб чиққан. Майдони 3672 километр квадратга тенг айсберг Жанубий Жоржия ороллари томон ҳаракатланиши мумкин.

Фото: Shutterstock

Антарктида музликларидан ажралиб чиққан дунёдаги энг катта А23а айсберги ўтган бир йил давомида ўз майдонининг 9 фоизидан айрилди. Бу ҳақда Арктика ва Антарктика илмий-тадқитот институти хабар берди.

«Дунёдаги энг йирик А23а айсберги Жанубий Жоржия оролларидан тахминан 300 километр узоқликда сузишда давом этмоқда. Сўнгги вақтларда музлар эриши оқибатида айсберг ўлчами сезиларли даражада камайди, 2023 йил ноябрдан бери у ўз майдонининг қарийб 9 фоизини йўқотди. 2025 йилнинг дастлабки икки ҳафтасида айсберг ҳақиқатдан ҳам Жанубий Жоржия ороллари йўналишида ҳаракатланди. Аммо охирги ҳафтада А23а йўналишини ғарб томон ўзгартирди. Унинг кейинги траекторияси шамол ва океан оқимига боғлиқ бўлади, бироқ у ороллар яқинида сузиб ўтиши мумкин», — дейилади хабарда.

А23а айсберги Антарктида соҳилларидан 1986 йилда ажралиб чиққан, бироқ кўп ўтмай Ведделл денгизига «тиқилиб қолган». Ўттиз йил давомида у статик «муз ороли» сифатида турган, жойидан қимирламаган. 2020 йилга келиб у яна ҳаракатланишни бошлаган. Апрел бошларида А23а Антарктиданинг циркумполяр оқимига кириб қолганди — бу Ер юзидаги барча дарёларда оқадиган сувдан юз баробар кўпроқ сувни айлантирадиган улкан куч ҳисобланади. Ўтган йилнинг декабр ўрталарида А23а айсберги Скотия денгизидаги тузоқдан чиқиб, Жанубий океан томон ҳаракатланишни бошлагани тўғрисида хабар берилганди.

Сўнгги баҳолашларга кўра, айсберг майдони 3672 километр квадратни ташкил этмоқда, оғирлиги эса 1 триллион тонна.

Мавзуга оид