Ўзбекистон | 11:56 / 24.01.2025
19408
3 дақиқада ўқилади

Янги квартираларни газ тармоғига улаш тўхтатилиши мумкин

Янги қуриладиган кўп қаватли уйларда энергия манбаси сифатида фақат электр энергиясидан фойдаланишга ўтилиши мумкин. Бунда икки контурли иситиш қозонларидан воз кечилиб, иссиқлик таъминоти марказлашган қилиб қурилади, овқат пиширишга электр плиталар ишлатилади. Бу таклифни қўллашини билдирган депутат Алишер Қодировнинг фикрича, “газни уй иситиш ва овқат пиширишга ишлатиб юборадиган халқнинг косаси оқармайди”.

Ўзбекистонда янги қуриладиган хонадонларни марказлашган тартибда иситиш, овқат пишириш учун эса электр плитасидан фойдаланиш кўзда тутилмоқда.

23 январ кунги президент селекторида маълум қилинишича, 18 минг хонадон газда индивидуал иситиладиган қилиб қурилгани учун фойдаланишга қабул қилинмай турибди. Мутасаддиларга ишчи гуруҳи тузиб, ҳар бир ҳолатни ўрганиб, масаланинг ечими бўйича ҳукуматга таклиф киритиш топширилди.

“Бу йил 135 минг хонадонли кўп қаватли уйларни марказлашган ҳолда иситиладиган, овқат пишириш эса электр плитаси орқали бўладиган қилиб қуриш зарурлиги қайд этилди”, – дейилади расмий хабарда.

Қайд этилишича, жорий йилда айнан 135 мингта хонадон қурилиши ҳисоб-китоб қилинган (шундан 15 мингтаси Янги Тошкентда). Шу тариқа, 2025 йилдан бошлаб, янги қурилган хонадонларда табиий газ бўлмаслиги мумкин.

Олий Мажлис депутати Алишер Қодиров бу таклифни қўллаб-қувватлашини билдирди.

“Янги қуриладиган уйларда энергия манбаси сифатида фақат электр энергиясини рағбатлантириш таклифини қўллаб-қувватлаймиз. Яшил энергетика – келажагимиз”, – дея ёзди Қодиров 24 январ куни Telegram'даги каналида.

Унинг сўзларига кўра, газ – қиммат ресурс. 1 куб газдан 10 га яқин юқори қийматли, экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш, хорижга сотиш ва унинг пулига миллионлаб ватандошларга иш ўрни яратиш мумкин.

“Тилла қатори миллиардлаб куб газни уй иситиш ва овқат пиширишга ишлатиб юборадиган халқнинг косаси оқармайди.

Электр энергияси ишлаб чиқаришни кўпайтириб, газ ўрнига электр энергияси ишлатишни ўрганишимиз керак”, – дейди Қодиров.

Kun.uz бу масалага аниқлик киритишини сўраб, Қурилиш вазирлигига сўров юборди.

Мавзуга оид