Тошкентдаги мактаб ўқувчиларининг 2 нафарида сил аниқланди
Шайхонтоҳур туманидаги 59-мактабнинг силга чалинган 11-синф ўқувчиси касалликни синфдошига юқтирган, яна тўрт кишида касалликка мойиллик аниқланган ва улар ҳам даволанишга ётқизилган.

Фото: WHO
Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги 59-мактабнинг 11-синф ўқувчисида сил касаллиги аниқланган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.
Ўқувчи қиз 2024 йил 26 декабрда Тошкент шаҳар 3-сонли фтизиатрия диспансерига мурожаат қилган.
“Бемор опасининг сўзларига кўра, синглиси сўнгги ойларда тез-тез бетоб бўлган. Даволаниш учун фақат хусусий клиникага мурожаат қилган. Охирги марта ЛОР-шифокор кўригидан кейин 3-сон фтизиатрия диспансерига юборилган”, – дейилади вазирлик хабарида.
Аниқланишича, диспансерда ўтказилган рентгенография текширувида қизга “Ўнг ўпка юқори бўлаги яллиғланган сили, емирилиш даври, БК +” ташхиси қўйилган ва у Тошкент шаҳар болалар сил касалликлари шифохонасига ётқизилган.
Вазирлик ўқувчи қиз билан уйда мулоқотда бўлган 6 киши (2 нафари 6 ёшгача болалар) 2024 йил 27 декабрда 3-сон фтизиатрия диспансерида рентген текширувидан ўтказилгани ва уларда фаол сил касаллиги аниқланмаганини маълум қилган.
Бемор билан мулоқотда бўлган ва касаллик юқтириш хавфи мавжуд 59- мактабнинг, шунингдек, бемор қўшимча дарсга қатнаган хусусий ўқув мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилари Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси назорати остида 3-сон фтизиатрия диспансерида рентгенография ва диаскин тест текширувларидан ўтказилган.
Текширувларда қизнинг яқин дугонаси бўлган синфдошида ҳам сил аниқланиб, шифохонага ётқизилган. Бундан ташқари, 3 нафар ўқувчи ва 1 нафар ўқитувчида касалликка мойиллик аниқлангани сабабли профилактик даво муолажалари бошланган.
Ҳолат бўйича 59-мактаб директорига нисбатан Санэпид Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Маълумот учун, ҳозир 59-мактабда капитал реконструкция ишлари олиб борилаётгани сабаб бу мактабнинг бошланғич синф ўқувчилари 115-умумтаълим мактабида, юқори синф ўқувчилари эса тумандаги 82-сонли умумтаълим мактабида ўқишни давом эттиряпти.
ССВга кўра, 2025 йилнинг 21 январида 82-сонли умумтаълим мактабида такрорий зарарсизлантириш ва димлаш тадбирлари, 2025 йил 22 январ куни эса ялпи тозалаш ва шамоллатиш тадбирлари ўтказилган. 115-мактабда эса зарарсизлантириш 23 январида ташкил қилинган.
Олдинроқ, Kun.uz республикадаги силга мойил ва сколиоз бўлган болалар мактаблари ёпиб юборилаётгани ва силга мойил ўқувчилар оддий мактаб ўқувчиларига қўшиб ўқитилиши мумкинлиги ҳақида суриштирув эълон қилган эди.
Мавзуга оид

14:10 / 20.02.2025
Ўқувчиларни тартибга чақирган “зўравон раис” — Қозирободдаги мактабда ўзи нима бўлди?

18:06 / 19.02.2025
Номаълум шахс Тошкентдаги 71-мактабда «қирғин» уюштириш билан таҳдид қилди

15:15 / 14.02.2025
Ҳар бир туман ва шаҳарда камида биттадан инклюзив мактаб ташкил этилади

14:01 / 13.02.2025