Жаҳон | 07:50 / 24.01.2025
7043
2 дақиқада ўқилади

Собянин Москвага дронлар ҳужуми қайтарилганини маълум қилди

Москва мэри Сергей Собянин ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Коломна, Подолск, Шчёлково, Раменское ва Троицкий округида дронларни уриб туширганини маълум қилди.

Фото: Tatyana Makeyeva/AFP/Getty Images

Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Москвага учувчисиз учоқлар ҳужумини қайтарди. Бу ҳақда 24 январ, жума куни эрта тонгда Россия пойтахти мэри Сергей Собянин маълум қилди. Дастлаб у ўзининг Telegram-каналида шундай ёзган: "Мудофаа вазирлигининг Коломна шаҳар округи ва Раменское шаҳар округидаги ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари Москвага учаётган дронларнинг ҳужумини қайтарди. Дастлабки маълумотларга кўра, вайроналар ва қурбонлар йўқ. Дронлар парчалари қулаган жойда Фавқулодда вазиятлар хизмати мутахассислари ишламоқда". Кейин унинг бошқа бир хабари пайдо бўлди. Унга кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Подолск шаҳар округида Москва томон учаётган иккита дронни уриб туширди. Собянин Троицкий маъмурий округида дрон уриб туширилганини ҳам маълум қилди.

Бунгача Раменское шаҳар округи маъмуриятининг Telegram-канали аҳолини таҳдидлар ҳақида тезкорлик билан хабардор қилиш мақсадида муниципалитетда дрон ҳужумлари хавфи туфайли соат 1:00 дан бошлаб огоҳлантириш режими жорий этилгани ҳақида хабар берган эди.

Росавиация вакили Артем Кореняконинг маълум қилишича, Москва вақти билан соат 0:22 дан бошлаб Москванинг Домодедово, Жуковский ва Внуково аэропортлари вақтинча рейсларни қабул қилмаган ва жўнатмаган. Бироз вақт ўтгач, чекловлар олиб ташланди.

Мавзуга оид