Жаҳон | 15:19 / 24.01.2025
2037
2 дақиқада ўқилади

Германия махсус хизматлари: Россиянинг сайловларга аралашуви хавфи бор

Москва Германияда дезинформация кампанияларини ўтказиш учун 2025 йилда 2 миллиард евро ажратади, деб ҳисоблайди BSI. Бу пул сохта янгиликлар сайтлари ва интернет фойдаланувчилари аккаунтларини молиялаштириш учун ишлатилади.

Фото: Oliver Berg/dpa/picture alliance

Германия махсус хизматлари 23 февралга белгиланган Германия Бундестагига навбатдан ташқари сайловларга Россиянинг аралашувидан хавотирда. Bild таблоидининг 23 январ, пайшанба куни келтирган таҳлилий ҳисоботларига кўра, Москва 2024 йилда дезинформацион кампанияларга 2 миллиард евро сарфлаган. Жорий йилда ушбу мақсадлар учун бир хил миқдордаги маблағ йўналтирилиши режалаштирилган, дейилади нашрда.

«Россияда ҳақиқий фойдаланувчиларга тақлид қилувчи, миллионлаб хабарларда немис сиёсатчиларини ҳақорат қилувчи ва туҳмат қилувчи юз минглаб сохта аккаунтлар тармоғи фаолият юритади. Бундан ташқари, сохта медиа сайтлари ва фейк янгиликлар, сохта тасвирлар ва қисқа видеоларни тарқатиш учун сохта порталлар мавжуд», — дейди муаллифлар.

Bild ёзганидек, Ахборот технологиялари хавфсизлиги бўйича федерал идоранинг (BSI) 2024 йил учун йиллик хавфсизлик ҳисоботида ҳакерларнинг сайловчиларнинг шахсий маълумотлари ёки сайлов маълумотларини ўз ичига олган веб-сайтлар ва серверларни бузишга бўлган даврий уринишлари қайд этилган.

Сайловлар хавфсизлиги билан боғлиқ вазият

Шу фонда Бундестагда мухолифатдаги ХДИ/ХСИ фракцияси раиси ўринбосари Андреа Линдҳолз Германия ҳукуматини Бундестаг ички ишлар қўмитасининг навбатдаги йиғилишида сайловлар учун хавфлар ҳақида ҳисобот беришга чақирди. «Руминияда сайлов натижалари бекор қилинганидан сўнг, рақамли дезинформация орқали (сайлов натижаларига) таъсир ўтказиш борасида хавотирлар пайдо бўлмоқда», — дея тушунтирди у Bild нашрига берган интервюсида.

Хусусан, Линдҳолз Германия ички ишлар вазири Ненси Фазердан саботаж ва ҳакерлик ҳужумлари Бундестагга сайловларни конституциявий меъёрларга мувофиқ ўтказишга таҳдид соладими, деган саволга жавоб олмоқчи.

Бугун Германия хавфсизлик хизматлари дезинформацияни тўхтатиш ваколатига эга эмас ва шубҳали аккаунтларни кузатиш аниқ мақсад эмас, дея тушунтиради Bild.

Мавзуга оид