24 январ янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Тошкент-Андижон пулли йўли учун тендер, табиий газга уланмайдиган янги уйлар, такроран маст ҳолда авто бошқарганлик учун жиноий жазо ва тақиқланаётган электрон сигареталар — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Янги уйлар газ тармоғига уланмайдими?
Ўзбекистонда янги қуриладиган кўп қаватли уйларда табиий газдан воз кечилиб, энергия манбаси сифатида фақат электр энергиясидан фойдаланиш режалаштирилмоқда. Янги уйларда марказлашган иссиқлик таъминоти жорий этилиб, овқат пишириш учун электр плиталар қўлланиши мумкин.
23 январ куни ўтказилган президент селекторида маълум бўлишича, 18 минг хонадон газда индивидуал иситиладиган тарзда қурилгани сабабли фойдаланишга қабул қилинмаган. Мутасаддиларга бу ҳолатни ўрганиб, ечим таклиф қилиш топширилди.
Шунингдек, жорий йилда 135 минг хонадон марказлашган иситиш тизими билан қурилиши кўзда тутилган. 2025 йилдан бошлаб қуриладиган янги уйларда табиий газ ўрнига электр энергиясидан фойдаланилиши мумкин.
Депутат Алишер Қодиров бу таклифни қўллаб-қувватлаб, газни уйларда ишлатиш ўрнига юқори қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришга йўналтиришни таклиф қилди.
Маст ҳолда машина бошқарганлик учун жиноий жазо
Ўзбекистон Сенати транспорт воситасини такроран маст ҳолда бошқарганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этишга оид қонунни маъқуллади. Энди бундай қоидабузарлик учун ҳайдовчилар 3 йилгача машина бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилиниши, ҳаттоки озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Сенатда 2024 йилда Ўзбекистонда 9364 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиб, 2203 нафар инсон ҳалок бўлган ва 8901 киши яралангани маълум қилинди. Маст ҳолда бошқарган 8 минг ҳайдовчи такроран қоидабузарлик содир этган.
Янги қонун «агрессив бошқариш» ва «дрифт» учун ҳам жавобгарликни кўзда тутади. Қонун президент имзолаганидан кейин кучга киради.
Тошкент—Андижон пулли йўли учун тендер
Тошкент—Андижон пулли автомобил йўлини қуриш бўйича тендернинг биринчи босқичи эълон қилинди. Транспорт вазирлиги ушбу лойиҳани давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширишни режалаштирмоқда. Лойиҳанинг дастлабки босқичи 171 километр узунликдаги Тошкентдан Ангренгача бўлган йўл ва Қамчиқ довонини ўз ичига олади.
Тендер Жаҳон банки кўмагида, Arup and Partner’s, PWC ва CМS Cameron каби халқаро консултантлар иштирокида ўтказилади. Ҳукумат тендер орқали хусусий шерикни танлаб, қурилиш, молиялаштириш, бошқариш ва техник хизмат кўрсатиш вазифаларини юклайди.
Тендер икки босқичда ташкил қилинади. Биринчи босқичда компаниялар дастлабки малакалаш учун ҳужжатларини тақдим этади. Иккинчи босқичда эса сараланган иштирокчилар техник ва молиявий таклифларини тақдим этади. Ғолиб компания билан узоқ муддатли битим имзоланади. Лойиҳа концепцияси 2025 йил 21 январда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган.
Ўзбекистонда электрон сигареталар тақиқланади
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси электрон сигареталар ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларини тақиқловчи қонунни қабул қилди. Бу қонунга кўра, электрон сигареталар ва улар учун суюқликларни ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш, сотиш, республика ҳудудига олиб кириш ва олиб чиқиш тақиқланади.
Шунингдек, қонунга хилоф равишда бу маҳсулотларни муомалага киритиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чоралари белгиланди. Қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда депутатлар томонидан такомиллаштирилди ва учинчи ўқишда қабул қилинди.
Депутатлар қонуннинг асосий мақсади аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш, миллат генофондини сақлаш ва атроф-муҳитни тамаки ва никотин маҳсулотларининг янги турларидан муҳофаза қилиш эканлигини таъкидлашди. Қонун кучга киргандан сўнг, электрон сигареталарнинг муомаласи тўлиқ тақиқланади.
Тошкентда икки ўқувчида сил аниқланди
Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманидаги 59-мактабда 11-синф ўқувчисида сил касаллиги аниқланди. Бемор билан мулоқотда бўлган синфдошида ҳам касаллик қайд этилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, яна тўрт кишида (уч ўқувчи ва бир ўқитувчи) касалликка мойиллик аниқланиб, профилактик даволаниш бошланган.
Бемор қиз сўнгги ойларда соғлиғи билан боғлиқ муаммоларга дуч келиб, 2024 йил декабрида рентген текшируви натижасида силга чалингани маълум бўлган. У махсус шифохонага ётқизилган. Ҳолатдан сўнг Санитария эпидемиологик осойишталик қўмитаси томонидан мактабда ва қўшимча дарс ўтказиладиган муассасаларда текширув ва зарарсизлантириш тадбирлари амалга оширилган.
59-мактаб директорига маъмурий баённома расмийлаштирилди. Мактаб реконструкция қилинаётгани сабабли ўқувчилар бошқа мактабларда ўқишни давом эттирмоқда.
Мавзуга оид

21:32 / 13.03.2025
13 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

21:38 / 12.03.2025
12 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

21:01 / 11.03.2025
11 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

00:19 / 08.03.2025