Сурия Россия билан Тартус порти шартномасини бекор қилди
Россиянинг «Стройтрансгаз» компанияси билан инвестиция шартномаси 49 йил муддатга тузилган эди.

Сурия ҳукумати Россия компанияси билан Тартус денгиз портини бошқариш бўйича келишувни бекор қилди. Бу ҳақда Тартус провинцияси божхона департаменти директори Риёз Жудий Al Watan газетасига берган интервюсида маълум қилди.
«Россия компанияси билан Тартус портига инвестициялар бўйича келишув бекор қилинди. Порт фаолиятидан тушган барча даромадлар Сурия давлати манфаатларига йўналтирилади», деди Жудий.
Россиянинг «Стройтрансгаз» компанияси билан инвестиция шартномаси 2019 йилда 49 йил муддатга тузилган эди. Суриянинг собиқ транспорт вазири Али Ҳамуд сўзларига кўра, ҳужжат портни бошқариш ва уни модернизация қилишга Россия томонидан 500 миллион доллардан ортиқ сармоя киритишни назарда тутган.
Тартус Суриядаги иккинчи йирик денгиз портидир. У ерда Россия ҳарбий-денгиз кучларининг логистика маркази жойлашган. Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Богданов 12 декабр куни Россия Суриядаги ҳарбий базаларини сақлаб қолишни кутаётганини айтган эди.