Жаҳон | 15:06 / 22.01.2025
8498
14 дақиқада ўқилади

Ўлим учун “навбат кутиш” – дунёдаги энг баланд чўққига чиқиш машаққатлари ҳақида

Дунёдаги энг баланд Жамолунгма чўққисига ҳар йили 600-700 нафар одам кўтарилади. Уларнинг ўртача 40 фоизи алпинистлар, қолгани уларга ёрдам берадиган маҳаллий аҳоли ҳисобланади. Аслида чўққига чиқиш учун Непалга кўп одам боради. Уларнинг аксарияти қийин шароитда чўққига чиқа олмайди ёки йўлларда ҳалок бўлади.

Дунёда экстремал спорт турларига қизиқувчилар жуда кўп. Турли жароҳатлар ёки бошқа кўнгилсизликлар ҳам уларни бирмунча хавфли бўлган машғулотлардан қайтара олмайди.

Айниқса баланд тоғлардаги чўққиларга чиқиш билан шуғулланувчи алпинистларнинг машғулоти жуда хавфли. Бунда ҳатто ҳаёт билан видолашиш ҳам мумкин. Бироқ шундай бўлса ҳам бундай спорт тури билан шуғулланувчилар етарлича бор.

Алпинистлар орасида энг машҳур жой – бу Непал давлатида жойлашган, дунёнинг асосий қисмида Эверест деб аталувчи чўққи ҳисобланади.

Ҳар йили минглаб одамлар бу чўққига кўтарилиш учун Непалга боради ва уларнинг бир қисмига Жамолунгмага чиқиш насиб этади. Қолганлар унга чиқа олмайди. Кимдир ортга қайтади. Бошқаси оғир шароитда ҳалок бўлади ва жасади тоғлар тепасида қолиб кетади.

Эверестга чиқиш йўллари

Тибетликлар Жамолунгма деб деб атайдиган Эверест чўққисига чиқиш учун ўнга яқин йўналиш бор. Ҳар бир йўналишда бир нечтадан лагер жойлашган. Чўққига чиқмоқчи бўлган алпинистлар ана шу лагерларда тунаб қолишади, дам олишади ва ҳаракатни давом эттиришади.

Жамолунгма чўққисига чиқиш йўналишлари

Чўққига маҳаллий аҳоли ёрдамисиз кўтарилиш жуда қийин. Алпинистларга йўлбошчилик қиладиганлар “шерп” деб аталади ва улар маълум ҳақ эвазига чўққига чиқмоқчи бўлганларга кўмаклашади.

Жамолунгмага биринчи бўлиб Янги Зеландия фуқароси Эдмунд Ҳиллари чиққан. Унга маҳаллий аҳоли вакили Тенцинг Норгей ёрдам берган. Улар 1953 йил 29 май куни чўққи тепасига чиқишган.

Кейинчалик бу чўққига чиқиш ҳар бир алпинистнинг орзусига айланди ва ҳар йили Непалга минглаб одамлар борадиган бўлди.

Сўнгги йилларда ҳар йили Жамолунгмага 600-700 киши чиқмоқда. Уларнинг ярмидан кўпи алпинистларга кўмаклашиш учун улар билан чўққига чиққан маҳаллий аҳоли вакиллари ҳисобланади.

“Ўлим учун навбат кутиш”

Жамолунгма дунё бўйлаб саргузаштларни севувчиларни ўзига жалб қилади. Улар орасида нафақат профессионал алпинистлар, балки нисбатан хавфсиз кўтарилиш ваъда қилинган ҳаваскорлар ҳам бор.

Аслида Жамолунгмага чиқишда хавфсиз кўтарилишнинг мутлақо иложи йўқ. Денгиз сатҳидан 7-8 минг метр баландликка чиқилгандан сўнг алпинистларга ўлим ҳамроҳлик қилади.

Бу ерда инсон ҳаётига осонгина нуқта қўйиши мумкин бўлган хавф чўққига кўтарилиш бошлангандан бўй кўрсата бошлайди.

Алпинистлар чўққига чиқиш қанчалик жиддий ва хавфли эканинини фақат “ўлим ҳудуди” деб аталадиган жойда – денгиз сатҳидан 8000 метрдан ортиқ баландликка чиққанида тушунади. Ўша жойгача чиқиб бора олса, албатта.

Жамолунгманинг бу ҳудудида ортга қайта олмаганларнинг “қабристони” бор. У жойни қабристон деб ҳам бўлмайди. Шунчаки, жасадлар сочилиб ётган жой.

Айримлар чўққи тепасига чиқишга улгурмасдан жон берган. Бошқалари қайтиб тушиш вақтида ҳаёт билан видолашган. Жасадлар орасида турли ёш ва жинсдаги одамлар – аёллар, ёшлар ва кексалар ҳам бор.

Фожиали 1996 йил ва “Яшил этиклар” манзили

Чўққига чиқаётган гуруҳлар кўпинча “Яшил этиклар” деб аталадиган жойни мўлжал олишади. Шу жойга етиб олиш қарийб чўққига чиқиш дегани. Бу жой “Яшил этиклар” деб ном олишининг ўз тарихи бор.

Агар баланд тоғнинг ўша жойи этик шаклига ўхшагани учун шу номни олган деб ўйласангиз адашасиз. Аслида бу ном чўққига чиқишда ҳалок бўлган алпинист билан боғлиқ.

Гап шундаки, 2001 йилда франциялик алпинист Пиер Паперон Жамолунгмага қарийб яқинлашган пайтда, чўққи остида жойларни видеога олади. Шунда ўша атрофдаги қор остидан чиқиб турган яшил этиклар ҳам кадрга тушиб қолади.

Яшил этикли ҳинд
Фото: kenh14.vn

Этиклар 1996 йилда чўққига чиқишда вафот этган алпинистлардан бирининг оёғида бўлган. У ҳалок бўлгандан сўнг танасини қор уюми кўмган ва яшил этик кийган оёғи очилиб қолган эди.

Папероннинг видеоси тарқалгандан сўнг чўққига кўтарилаётганлар ҳалок бўлган алпинист хотирасига ҳурмат бажо келтириш учун ўша жойга “Яшил этиклар” деб ном беришади.

1996 йил май ойида Жамолунгмада жуда ноқулай об-ҳаво ҳукм суради ва бу чўққига кўтарилаётган бир қанча алпинистларнинг оммавий ўлимига сабаб бўлади. Вафот этганлар орасида таниқли тадбиркорлар Роб Холл ва Скотт Фишер ҳам бўлган.

Ўшанда тадбиркорлар гуруҳи билан бирга чўққига бошқа томондан уч нафар ҳиндистонлик ҳам чиқади. Ўша куни об-ҳаво ёмон, қор бўрони бўлаётганди. Алпинистлар гуруҳи маҳаллий вақт билан соат 15:45 да чўққига чиққанини маълум қилади. Пастдагилар учун бу нохуш хабар эди.

Чунки лагерга тирик қайтиш учун чўққидан тушиш соат 14:00 дан кечиктирмасдан бошланиши керак эди. Гуруҳ эса 16:00 да ҳам чўққи тепасида эди.

Гуруҳдаги алпинистларнинг ҳеч бири 8 300 метр баландликда жойлашган лагерга қайтмайди. Ўша куни маршрутда бўлган бошқа гуруҳлар ҳиндларни ҳам, икки тадбиркорни ҳам кўрган ёки кўрмагани номаълум.

Жамолунгма чўққиси остидаги лагерлардан бири
Фото: alamy.com

Ҳиндлардан бири Севанг Палжор Koflach компаниясининг яшил рангли этигини кийиб олганди. Кейинчалик Пиер Папероннинг видеоси тарқалгач бедарак йўқолган дейилган Севанг Палжорнинг жасади чўққи остида қолиб кетгани маълум бўлади. Баъзилар яшил этик Севанг билан чўққига чиққан бошқа ҳиндга тегишли эканини айтишган.

“Ўлим ҳудуди” ва Дэвид Шарпнинг ўлими

“Ўлим ҳудуди” Жамолунгма чўққиси остида, денгиз сатҳидан 8 300 метр баландликда жойлашган. Бу жойнинг ўз қонунлари бор. Агар алпинист бу ерда ҳеч бўлмаганда ҳамкасбларининг ёрдами билан ҳаракатлана олмаса муқаррар ҳалокатга учрайди.

Бундай вазиятда гуруҳда ҳаракатлана олмай қолган одам нафақат ўзини, балки шерикларини ҳам ҳалок қилиши мумкин. Чунки жароҳатланган одамни пастга олиб тушиш бошқаларнинг ҳам ҳалок бўлишига олиб келиши мумкин.

Шу сабабли ҳам агар кимдир 8 000 метрдан юқорида ҳаёт учун хавфли жароҳат олса ва ҳаракатдан қолса, гуруҳдагилар ўз ҳаётини сақлаб қолиш учун уни ташлаб кетишга мажбур бўлади.

Ана шундай ҳодисалардан бири англиялик Дэвид Шарп билан содир бўлган. У 2006 йил май ойида Жамолунгмага учинчи марта кўтарилади. Дэвид пастга қайтиб тушаётганда кислород захираси кам қолганди. Шу сабабли у “Яшил этиклар” манзилида тин олиш учун тўхтайди ва чўзилиб ётиб қолади.

Фото: columbia.edu

Ўша пайтда унинг ёнидан 40 га яқин алпинистлар ўтиб кетади. Бироқ улар Дэвиднинг тириклигини, шунчаки кислород захираси камлиги учун чарчаб ётиб қолганини билишмайди. Алпинистлар уни ўлган деб ўйлашади.

Дэвид бироз куч тўплайди ва амаллаб сал пастда жойлашган лагергача тушиб келади. Бироқ у жуда ҳолдан тойганди. Дэвидни тележурналистларни ўз ичига олган гуруҳ кутиб олади. Шу жойда Дэвид жон беради. Тележурналистлар унинг сўнгги сўзларини ёзиб олишади: “Менинг исм-шарифим Дэвид Шарп... Қаттиқ уйқум келяпти”.

Дэвиднинг ўлими алпинистлар орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлади. Уни қутқариб қолиш мумкинмиди деган савол қизғин баҳс-мунозараларни келтириб чиқаради. Кўпчилик Дэвиднинг ўлимга олиб келадиган жиддий жароҳати йўқлигини ва етарли даражада кислород билан таъминлаш унинг ҳаётини сақлаб қолиши мумкинлигини айтади.

Бироқ чўққи атрофида ҳамма ўз жонини асрашни ўйлар экан, ўша куни англияликнинг олдидан ўтиб кетган одамлар ҳатто унинг тириклигини билганда ҳам Дэвидга кислород бера олмасди. Чунки денгиз сатҳидан 8 000 метр баландликда энг қимматли нарсага айланувчи кислород ёрдам бермоқчи бўлган алпинистнинг ўзига ҳам керак. Акс ҳолда у ҳам ҳалок бўлиши мумкин.

Алпинистлар юра олмай қолган Дэвидни судраб ҳам олиб тушолмасди. Чунки бу иш гуруҳдагиларнинг ҳаётини хавф остига қўярди. Қисқаси, денгиз сатҳидан 8 300 метр баландликда турган ва пастга тушиш учун шошилаётган одамлар Дэвидни қутқариш учун ўз мақсадларини қурбон қилишга тайёр эмас эди.

Фото: 8264.com

Йўлбошчи ва жасад кўмувчи шерплар

Юқорида айтилди, Жамолунгма чўққисига чиқмоқчи бўлган алпинистлар йўлбошчи шерпларни ёллашади. Чўнтаги бақувватроқ бўлганлари ҳатто икки ва уч нафар шерп ёллаши ҳам мумкин.

Ўтган асрнинг 50-йилларидан бошлаб чўққига чиқадиганларга ёрдам бериб келган шерплар кейинги йилларда яхши ҳақ эвазига бошқа ишларни ҳам бажарадиган бўлишди.

Масалан, чўққи остида қолган ва пастга олиб тушишнинг имконияти бўлмаган айрим жасадларни панароқ жойга олиб ўтиб, кўмиб тушиш. Айримлар бу иш учун чўққига чиқмоқчи бўлган алпнистлар тўлаётган пуллардан ҳам кўпроқ маблағ беришади.

Масалан, Дэвид Шарпнинг жасадини ҳам шундай қилишади. У ҳалок бўлгандан сўнг орадан бир йил ўтгач Дэвиднинг қариндошлари катта пул эвазига махсус гуруҳ ёллашади. Гуруҳ тепага кўтарилиб, унинг жасадини алпинистлар юрадиган йўлдан четроққа дафн этади.

Ана шундай хизмат 1998 йилда эри билан Жамолунгмага кўтарилиб ҳалок бўлган алпинист аёл Френсис Арсентевага ҳам кўрсатилган.

Фото: 022net.com

2007 йилда аёлнинг қариндошлари яхшигина ҳақ эвазига “Ухлаётган гўзал” деб ном олган Френсиснинг жасадини алпинистлар юрадиган йўлдан четроққа олиш учун махсус гуруҳни ёллашади. Гуруҳ тепага кўтарилади ва аёлнинг жасадини аввал Америка байроғи билан ўрайди. Сўнг уни тоғ қоясидан пастга улоқтиришади.

“Яшил этикли” ҳиндга келсак, бир неча йилдан сўнг алпинистлар унинг жасадини плёнкага ўрашади. Сўнг четроққа олиб, устини тошлар билан ёпишади. Бироқ кучли шамол тошларни суриб ташлаган ва у яна кўриниб қолган.

Бугунги кунда Жамолунгма чўққиси остида қанча жасад борлиги аниқ эмас. Турли ҳисоб-китобларга кўра, уларнинг сони 180 дан 280 гача. Тепада улар совуқ туфайли чиримайди. Шу сабабли 50-60 йилдан буён турган жасадлар ҳам бор.

Жамолунгма ҳақида қизиқарли маълумотлар

Жамолунгма чўққиси Хитойга тегишли Тибет ва Непал ўртасида, Непал ҳудудида жойлашган. Хитой томондаги йўналишлар ёпиқлиги учун алпинистлар чўққига Непал орқали чиқади.

Жамолунгмага чиқмоқчи бўлган алпинист чўққига кўтарилиш учун Непал ҳукуматининг розилигини олиши ва 10 минг доллар тўлаши керак. Умумий ҳисобда битта гуруҳнинг чўққига чиқиб тушишига алпинистларнинг сонига қараб 100 минг доллар кетиши мумкин.

Фото: Shutterstock

Тибетликлар Жамолунгма, дунёнинг асосий қисми Эверест деб номлайдиган чўққи Непалда Сагарматха деб аталади.

Баъзида чўққи тепасида шамолнинг тезлиги секундига 200 метрга етади ва кучли қор бўронларига сабаб бўлади.

Жамолунгмага Эверест номини 1865 йилда британиялик Жорж Эверест қўйган. Жорж географ ва картограф бўлган ва Ҳиндистоннинг тўлиқ картасини илк марта у чизган.

Алпинистлар чўққига чиқиш учун камида 2 ой вақт сарфлайди. Бу муддатда улар энг аввал чўққига чиқиш йўлидаги биринчи лагерда иқлимга мослашиш жараёнидан ўтади. Бу пайтда улар танадаги ёғ ва сувнинг камайиши ҳисобидан ўртача 15 кг озади.

Эверестга чиққан биринчи аёл япониялик Дзюнко Табей бўлган. У 1975 йил 16 май куни чўққига кўтарилган. Европалик аёллардан биринчи бўлиб Жамолунгмага 1978 йил полшалик Ванда Руткевич чиққан.

Чўққини энг кекса ёшда забт этган инсон япониялик Юитиро Миура бўлади. У 2013 йилда Жамолунгмага чиққанда 80 ёшда бўлган.

Чўққини забт этган энг ёш алпинист америкалик Жордан Ромеро ҳисобланади. У 2010 йилда 13 ёш 10 ойлигида Жамолунгмага чиққан.

Лагерлар атрофи чиқиндиларга тўлиб кетган
Фото: tvannapurna.com

Ҳар йили Жамолунгмага чиқмоқчи бўлган алпинистлар чўққи остида 50 тонна атрофида чиқинди қолдиради. Шу сабабли Непал ҳукумати ортга қайтиб тушаётган ҳар бир алпинист ўзи билан 8 кг чиқинди олиб тушиши кераклигини белгилаб қўйибди. Бу талабга бўйсунмаганлар 4 минг доллар жаримага тортилади.

2006 йилда Жамолунгмага чиққан британиялик Полин Сандерсон ва Фил Сандерсон чўққига бирга чиққан биринчи эр-хотинлар ҳисобланади.

Жамолунгма чўққиси остида қарийб 250 киши ҳалок бўлган. Жасадларнинг аксарияти одамлар қаерда жон берган бўлса ўша жойда қолиб кетган.

Тектоник ҳаракатлар туфайли Жамолунгма ҳар йили 4 миллиметрдан ўсиб бормоқда.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид