Жамият | 17:17 / 22.01.2025
24307
9 дақиқада ўқилади

“Инглиз тили катта имкониятлар эшигини очишини эрта тушунганман” — Ҳарвард университетига 100 фоизлик грант ютган фарғоналик йигит ҳикояси

Олтиариқлик 17 ёшли Азизбек Зайлобиддинов ҳозир Тошкент халқаро Вестминстер университети қошидаги академик лицейнинг 2-босқич ўқувчиси. IELTS’дан 8, SAT имтиҳонидан 1520 балл олган. 2024 йилда дунёнинг нуфузли олийгоҳларидан бири Ҳарвард университетига 100 фоизлик грантни қўлга киритди. У Kun.uz билан суҳбатда топ университетга киришнинг уддасидан қандай чиққани ҳақида сўзлаб берди.

Америкалик ўқитувчилар инглиз тилига муҳаббат уйғотган

Тўртинчи синфгача ихтисослаштирилган мактабда таҳсил олганман. Математика ва она тили фанлари кучли ўқитилган. Кейинчалик Фарғона вилоятидаги чет тилларини ўқитишга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатида ўқишни давом эттирганман. Бу ердаги ўқитувчиларимиз оддий мактаб педагогларига нисбатан кучлироқ бўлган, ҳатто америкаликлар мутаҳассислар ҳам бизга билим берган. Улар бир ҳафтада бир марта дарсга кириб, Америка маданияти ҳақида дарс ўтарди. Ўша пайтларда инглиз тилини билиш орқали қандай имкониятларни қўлга киритиш мумкинлигини яхши тушунганман ва шу тариқа бу тилни ўрганишга дастлабки қизиқиш пайдо бўлган. Оиламиз аъзолари инглиз тили “келажак калити” эканлигини англаб етган ҳолда мени доим қўллаб-қувватлаган, молиявий тарафдан муаммолар бўлмаган. Саккизинчи синфдан инглиз тилини ўрганишни бошлаганман.

Мақсадлар сунъий бўлса, мотивация тез сўнади

Хорижий университетларга ўқишга кирган талабаларнинг интервюларини доимий тарзда кузатардим, уларнинг кўпчилиги нуфузли олийгоҳларга қабул қилиниш учун IELTS, SAT каби сертификатлар талаб этилишини таъкидлашарди. Шундан келиб чиқиб, топ университетга кириш учун ҳаракатни IELTS’га тайёрланишдан бошлаганман.

3-4 йил аввал Фарғонада инглиз тилини ўрганиш учун имкониятлар кам, ўқитувчиларнинг IELTS’дан дарс бериш бўйича кўникмалари етарли эмасди. Бошланғич билимларни ўзим мустақил тарзда ўрганман. Бир йил давомида Headway номли китобдан бошланғич тушунчаларни ўзлаштирганман. Тайёрланиш жараёнида ҳеч ким “Азизбек, сен мана бу муддатгача IELTS олишинг керак” деб шарт қўймаган, ота-онам ҳам бу ишни қилишга мажбурламаган. Дунёнинг нуфузли олийгоҳларида ўқишни хоҳлардим, бу карера учун катта имконият эшикларини очишини билардим. Четга бориш ва ўқиш учун эса инглиз тилида эркин гаплашиш талаб этилади, шу сабаб тил ўрганиш асосий мақсадларимдан бирига айланган. Тўққизинчи синфга ўтганда Тошкентга келиб, IELTS кўникмаларини эгаллаш учун ўқув марказига бордим. Имтиҳонларга пухта тайёрланиб, 7,5 баллни қўлга киритдим. Сертификатнинг амал қилиш муддати ўқишга ҳужжат топшириш вақтимга қадар тугаб қолгани сабаб IELTS имтиҳонини қайта топширдим ва 8 балл олдим.

SAT имтиҳони IELTS’дан қийинроқ

9-синфдан SAT’га тайёрланишни бошладим. Бу имтиҳон инглиз тили ва математика фанларидан ўтказилиб, таълимнинг кейинги босқичига ўқувчининг қай даражада тайёр эканлигини аниқлаб беради ва IELTS’дан қийинроқ ҳисобланади. Мазкур имтиҳонни топшириш учун асосан математика фани бўйича билимларимни мустаҳкамладим.

Бу фандан мактаб дарслигини 9-синфгача яхши ўқиганларга SAT қийинчилик туғдирмайди, сабаби тестдаги саволларнинг катта қисмини мактаб математикасида ўрганган билимлар билан бемалол ечиш мумкин, озроқ қисми университет дарслигидан тушади, уни SAT’га тайёрланаётганлар мустақил тарзда манбалардан ўрганиши зарур.

Инглиз тили қисмида эса “upper intermediate”, “advanced” даражадаги тест топширувчилар яхши балл йиға олишади. Бу қисмда ёзиш ва ўқишдан саволлар берилади. Ёзиш қисмида юқори балл тўплаш учун Эрика Мелтзернинг “SAT writing: new grammar tests” китобидан фойдаланиш тавсия этилади. Ўқиш қисмидан эса YouTube, Khan акемиясига жойлаган видеодарсликларни кўриш орқали билимларни мустаҳкамлаш мумкин. Ўзим айни шу усуллардан фойдаланганман ва SAT’дан биринчи топширишда 1480, иккинчи уринишда 1500 баллни қўлга киритганман. Кейинчалик SAT баллимни 1520 га кўтарганман.

Тил сертификатлари университетга олиб кириб қўймайди

Хорижий олийгоҳларга ўқишга топширмоқчи бўлган ёшлар кўпинча IELTS’дан 8 ёки 9 олишим шарт деган ўй билан юради. Аслида ўқишга қабул қилишингиз учун 7-7,5 балл бўлса ҳам етади. Тил сертификатлари университетлар томонидан талабаларнинг сессияларга кирганда дарсни тушуна олиши ва уйга вазифаларини бажара олиш/олмаслигини билиш учун талаб этилади.

Шунингдек, қабул жараёнида IELTS, SAT, GPA кабилар ўқишга кириш бўйича топширган ҳужжатларингиз кўриб чиқилиши учун талаб этиладиган иловалар сафида туради. Олийгоҳга қабул қилиниш-қилинмасликда асосий ролни портфолио ҳамда иншолар ҳал қилади. Ўзбекистоннинг ўзида IELTS’дан 8-8,5, SAT’дан 1550 балли бор йигит-қизлар жуда кўп, ҳар йили 200 тага яқин шундай талабалар топ университетларга ҳужжат топширишади, рақобат катта.

Энди уларнинг орасидан Ҳарвард каби олийгоҳга битта, узоғи иккита (камдан кам ҳолларда) талаба қабул қилинади, баъзида эса умуман олинмайди. Битта ўрин учун катта рақобат ичида курашаётганда номзоднинг алоҳида ажралиб турадиган жиҳатлари бўлиши талаб этилади. Бу каби жиҳатлар эса айнан портфолио ва иншоларда акс этади.

Портфолиони дид билан тузиш керак

Ҳарвардга ҳужжат топшираётганда портфолиода академик ютуқларингиз, мактабдан ташқари спорт, санъат тўгараклари ва муносабақалари, волонтёрлик ҳаракатларидаги иштирокингиз, лидерлик қобилияти, жамоа ва лойиҳалар бошқаруви бўйича тажрибангиз, ижодий қобилиятингиз акс этиши керак. Ишлар кетма-кетлигининг тартибли тарзда сифатли визуал дизайн, аниқ изоҳлар билан жойланиши юқори баллни қўлга киритишингизга катта ёрдам беради. Бундан ташқари, ўқитувчилар ёки масъул шахслар томонидан ёзилган тавсия хатлари қобилиятларингиз ва ютуқларингизни тасдиқлаши орқали яхши балл олишингизга кўмаклашади.

Портфолиони баҳолашда жамиятга фойда келтирадиган, қийматли ижтимоий лойиҳалардаги иштирокингиз, ташаббускорлигингиз, киришувчан ҳамда мослашувчанлигингизга эътибор қаратилади. Масалан, менинг портфолиомда Фарғона давлат университетида чоп этиладиган журналда муҳаррирлик, “Ibrat camp” тиллар оромгоҳида кординаторлик, “Startap”,“Ibrat debate” лойиҳаларидаги ташкилотчилигим, “TedX” лойиҳасида нотиқлик қилганим ҳақида ёзилган. Шунингдек, ижодкор сифатида ҳаваскор шоирлик қобилиятимни ҳам кўрсатиб берганман.

Иншоларда ҳикоя усулидан фойдаланинг

Ёзма топшириқларни бажараётганда шунчаки гапириб бериш эмас, тасвирлаш яни “show, don’t tell” усулидан фойдаланиш тавсия этилади. Масалан, “ёмғир ёғяпти” дейиш ўрнига, “ёмғир томчилари югуриб келаётганимда кўзимга тушди, уни артиш учун тўхташга мажбур бўлдим” каби кўринишда ёзиш керак.

Иншолар бир неча турларга бўлинади, улардан бири ва асосийси шахсий баёнот (personal statement) иншолари ҳисобланади. Бу иншода ўзингиз ҳақингизда ёзишингиз лозим. Унда бир воқеани шунчаки кетма-кетликда қоғозга тушириш эмас, ҳолатнинг сизга қандай таъсир қилганини кўрсатиб бериш зарур. Ҳарвардга ҳар йили минглаб номзодлар ҳужжат топширади. Қабул ходими иншонгизни ўқиб кўраётганда ёзганларингиз қизиқ бўлиши, шунингдек, унда бирор хулоса чиқаришга ундовчи мазмун акс этиши юқори балл олишингизга ёрдам беради.

Бундан ташқари, бошқа кичик-кичик иншолар ҳам бор. Уларда чеклов 150-200 та сўздан иборат. Мазкур иншолардаги саволларга тўғри ва аниқ жавоб бериш тавсия этилади. Негаки сўз чеклови туфайли фикр тўлиқ якунланмай қолиши мумкин.

$360 000 грант

Ҳарвард университети барча талабаларнинг молиявий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришга ҳаракат қилади. Молиявий ёрдам ҳар бир талабага индивидуал равишда белгиланиб, сумма талабалар оиласининг молиявий ҳолатига қараб тақдим этилади. Мисол учун, оилангиз бюджетида йилига $80 000 дан кам маблағ тўпланса, Ҳарвард сизга тўлиқ грант беради.

Менга университет томонидан 4 йиллик ўқиш харажатларимни қоплаш учун $360 000 тақдим этилди. Бу йилига $60 000 атрофидаги контракт тўловим, тахминан $8 000 сарфланадиган ётоқхона, $4 000 атрофида соғлик суғуртаси, қишки ва ёзги таътилда Америкадан Ўзбекистонга келиб-кетиш ва бошқа кичик-кичик харажатларимни қоплайди. Талабанинг мақсади ўқиш бўлсин, бошқа нарсага чалғиб қолмасин деган мақсадда Ҳарвард турли грантларни тақдим этади.

Таълим йўналишим – давлат бошқаруви ва иқтисод. Университетни тамомлаб, Ўзбекистонга қайтиб келиш ниятим бор. Дунёнинг иқтисоди топ 50 та давлатига Ўзбекистоннинг ҳам киришини таъминлашга ўзимнинг ҳиссамни қўшишни мақсад қилганман.

Тўлиқ интервюни Kun.uz'нинг YouTube'даги каналида томоша қилишингиз мумкин.

Диёрахон Набижонова суҳбатлашди
Оператор: Зияддин Маматжонов
Монтаж устаси: Низомжон Тошпўлатов

Мавзуга оид