Жаҳон | 09:08 / 21.01.2025
3308
2 дақиқада ўқилади

Воронеж областидаги нефт базасига дронлар ҳужум қилди

Бу Лиски шаҳридаги нефт омборига қилинган иккинчи ҳужумдир. Маҳаллий ҳокимият электр иншоотида ёнғин чиққани ҳақида хабар бермоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар йўқ.

Фото: REUTERS

Воронеж областидаги нефт базасида ёнғин содир бўлди, дея хабар берди минтақа губернатори Александр Гусев 20 январ, душанба куни кечқурун. Унинг сўзларига кўра, «ёнғин»га Лиски туманида уриб туширилган Украина дронларидан бирининг саноат корхонаси ҳудудига қулаши сабаб бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар йўқ.

Astra Telegram-канали хабарига кўра, гап Лиски шаҳридаги «Роснефт» нефт базаси ҳақида кетмоқда. Маҳаллий аҳоли корхона ҳудудида камида тўртта портлаш ҳақида хабар берди. «Воронежское небо» мониторинг гуруҳи нефт базаси ҳудудига камида учта учувчисиз учоқ қулагани ва душанба куни кечқурун 30 га яқин учувчисиз учоқнинг минтақага ҳужуми ҳақида ёзмоқда.

Воронеж областида нефт базасида дрон ҳужумидан кейин ёнғин чиқди

Воронеж области губернатори Александр Гусев 15 январ куни кечқурун Воронеж областидаги нефт базасида ёнғин бошланганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, «ёнғин»га корхона ҳудудига бир нечта дронларнинг қулаши сабаб бўлган. Гусев нефт базасининг айнан қаерида ёнғин чиққанига аниқлик киритмади, бироқ Россия Telegram-каналлари унинг Лиски посёлкасида жойлашганини кўрсатмоқда.

«Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар йўқ. Воқеа жойида фавқулодда хизматлар ишламоқда», — дея қайд этган Гусев ва минтақада дронлар ҳужуми хавфи сақланиб қолаётганини қўшимча қилди.

Telegram-каналларда кучли ёнғинни кўрсатувчи гувоҳларнинг видеолари эълон қилинмоқда, гувоҳлардан бирининг айтишича, нефт омборига учта дрон урилган.

Корхонада ёнғин чиққани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлишидан бир неча соат олдин Россия Мудофаа вазирлиги Воронеж области узра бешта Украина дрони «йўқ қилингани»ни билдирди.

Мавзуга оид