Жаҳон | 09:04 / 21.01.2025
5659
2 дақиқада ўқилади

Смоленскка дронлар ҳужуми: кўп қаватли уй ва авиазавод ёнмоқда

Маҳаллий аҳолининг хабар беришича, 10 та кучли портлаш содир бўлган. УУА нишонлари Ярцево нефтни қайта ишлаш заводи ёки Смоленск авиация заводи бўлиши мумкин. Қурбонлар йўқ, деди област губернатори.

Фото: Видеодан кадр

21 январ, сешанбага ўтар кечаси Смоленск области Украина учувчисиз учоқлари томонидан оммавий ҳужумга учради. Telegram каналлари хабарига кўра, УУАдан бири Смоленскнинг Заднепровский районидаги клиник шифохона яқинига қулаган, яна бир дрон қолдиқлари кўп қаватли уйнинг томида ёнғин келтириб чиқарган.

Маҳаллий аҳолининг айтишича, 10 га яқин кучли портлашлар эшитилган. Тахминларга кўра, дронларнинг нишонлари Ярцеводаги маҳаллий нефтни қайта ишлаш заводи ёки Х-55 ва Х-59 ракеталари, шунингдек, россиялик учувчиларни ўқитиш учун мўлжалланган самолётлар ишлаб чиқариладиган Смоленск авиация заводи бўлиши мумкин. Завод АҚШ, Канада, Украина, Япония, Швейцария ва Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилган. ASTRA нашри маълумотларига кўра, учувчисиз учоқ ҳужумидан кейин авиазаводда ёнғин чиққан.

Смоленск области губернатори Василий Анохин, ўз навбатида, ижтимоий тармоқларда ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ҳужумни қайтаргани, «алоҳида бинолар» томларига учувчисиз учоқлар парчалари қулаши ва турар жой бинолари деразаларининг шикастланиши натижасида юзага келган ёнғинлар ҳақида хабар берди. Анохин «иншоотлар ва турар жой биноларига тўғридан тўғри учувчисиз учоқлар рейдлари» акс этган видеони «ахборот уруши» доирасида «ваҳима қўзғаш ва вазиятни беқарорлаштириш» учун «фейк маълумот» деб атади. Минтақа раҳбарининг сўзларига кўра, қурбонлар йўқ.

Мавзуга оид