Ўзбекистон | 16:13 / 21.01.2025
43741
3 дақиқада ўқилади

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги картошка нархи масаласида изоҳ берди

Янги Қўйлиқ деҳқон бозорида йил бошидан бери картошка нархи 37–85 фоизга қимматлашди. Аввалроқ Қозоғистон картошка экспортига чеклов киритганди. Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ушбу маҳсулотнинг захираси етарлича экани ва захиралар ички бозорга чиқариб борилаётганини маълум қилди.

Фото: Getty Images

Ўзбекистонда картошка қимматлашди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги захиралар етарли экани ва нархлар барқарорлигини сақлаш учун зарур чоралар кўрилаётганини маълум қилди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эълон қилиб борадиган маълумотларга кўра, 4 январдан 21 январгача бўлган муддатда Янги Қўйлиқ деҳқон бозорида картошканинг минимал улгуржи нархи 3500 сўмдан 6500 сўмгача ёки 85 фоизга, максимал нархи эса 6200 сўмдан 8500 сўмгача ёки 37 фоизга қимматлашган.

Куни кеча, 18 январдан бошлаб Қозоғистон ЕОИИ аъзоси бўлмаган мамлакатлар, хусусан Ўзбекистонга картошка экспортини 6 ойга тўхтатган эди. Бунга Қозоғистоннинг ўзида ушбу маҳсулот нархи ошиб кетгани сабаб сифатида келтирилган.

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг маълум қилишича, мамлакатда картошкага бўлган йиллик эҳтиёж 4 миллион тоннани ташкил этади. 2024 йилда 3,7 миллион тонна картошка етиштирилган бўлиб, шундан 600 минг тоннаси кейинги мавсумда экиш учун уруғлик сифатида захира қилинган, табиий йўқотиш тахминан 100 минг тонна (3%) бўлиши кўзда тутилган.

2024-2025 йил қиш ва баҳор мавсуми учун маҳаллий ҳокимликлар томонидан жалб қилинган тайёрлов корхоналари 245,5 минг тонна картошкани захирага жамғарган. Захирага жамғарилган маҳсулотни ички истеъмол бозорига чиқариш бўйича Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ҳар 10 кунлик тармоқ жадвали ҳудудлар кесимида тасдиқланиб, ижро учун ҳудудларга юборилган.

20 январ ҳолатига маҳаллий ҳокимликлар томонидан жалб қилинган тайёрлов корхоналари томонидан жами 6,3 минг тонна картошка ички бозорларга савдога чиқарилган, захира қолдиғи 239,2 минг тоннани ташкил қилади.

ҚХВ маълумотларига кўра, 2024 йилда 703 минг тонна, шундан декабр ойида 74,4 минг тонна картошка импорт қилинган.

Вазирликнинг қайд этишича, Ўзбекистонга картошка импорти фақат Қозоғистонга боғланиб қолмаган. Жумладан, Покистон, Қирғизистон ва Афғонистондан картошка импорт қилиш ҳам йўлга қўйилган. 2025 йил январ–май ойларида Эрондан 100 минг тонна ва Покистондан 100 минг тонна, жами 200 минг тонна картошка импорт қилинади.

Шунингдек, Сурхондарё вилоятидаги дала майдонларида етиштирилаётган картошка ҳосили март ойининг иккинчи ярми ва апрел ойларида Ўзбекистон бозорларига чиқарилади.

Ички бозорни картошка билан таъминлаш ҳамда нарх барқарорлигини сақлаш учун захира қилинган картошка ҳар 10 кунда 15–25 минг тоннагача ички бозорга чиқарилади.

Мавзуга оид