Жаҳон | 17:53 / 21.01.2025
2017
2 дақиқада ўқилади

Ҳакерлар «Ростелеком»ни бузиб кирди. Компания фойдаланувчиларга паролларни ўзгартиришни тавсия қилди

«Ростелеком» компанияси фойдаланувчиларнинг маълумотлари сизиб кетганини тасдиқлади. Бу Silent Crow ҳакерлик гуруҳи томонидан амалга оширилган.

Фото: РБК

Silent Crow ҳакерлик гуруҳи «Ростелеком» фойдаланувчиларининг маълумотларини қўлга киритганини маълум қилди. Бу ҳақда Telegramʼдаги «Утечки информации» каналида сўз боради.

«Ростелеком» бу — аҳоли ва бошқа ташкилотларга алоқа ҳамда рақамли хизматларни кўрсатадиган Россия телекоммуникация компанияси.

Гуруҳ вакилларининг сўзларига кўра, ҳакерлар company.rt.ru ва zakupki.rostelecom.ru сайтларининг маълумотлар базасини юклаб олишга муваффақ бўлган. Сўзларининг исботи сифатида улар 154 минг электрон почта манзили ва 101 минг телефон рақам бўлган базадаги айрим маълумотларни эълон қилган.

«Ростелеком» маълумотлар сизиб кетганини тасдиқлади. Дастлабки тахминларга кўра, бу пудратчилардан бирининг инфратузилмаси сабаб юзага келган бўлиши мумкин. Компания ёзда аниқланган таҳдидларни бартараф этиш бўйича чоралар кўраётганини маълум қилди.

«Айни вақтда биз маълумотларнинг қайси қисми қўлга киритилганини ва унинг компанияга алоқаси бор ёки йўқлигини ўрганмоқдамиз», — дейилади «Ростелеком» матбуот хизмати баёнотида.

Компаниядагилар фойдаланувчиларга паролларни янгилаш ва икки факторли идентификацияни ёқишни тавсия қилди.

Silent Crow гуруҳи аввалроқ «Росреестр», шунингдек, «Алфа-банк» сервисларини бузиб кирганини маълум қилганди. 2024 йил ноябрда «Ростелеком» президенти Михаил Осеевский барча россияликларнинг шахсий маълумотлари тармоқда тарқалиб кетганини айтган эди.

Мавзуга оид