Иқтисодиёт | 16:28 / 20.01.2025
4323
3 дақиқада ўқилади

2024 йилда Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми қарийб 15 млрд долларга етди

Ўтган йилда Ўзбекистонга кириб келган пул ўтказмалари миқдори 14,8 млрд долларни ташкил қилди. Бу ўтган йилга нисбатан 30 фоизга ёки 3,4 млрд долларга кўп. Ҳисобот даврида пул ўтказмаларининг ўсиши Буюк Британиядан 83 фоиз, Жанубий Кореядан 56 фоиз, АҚШдан 35 фоиз ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатларидан 32 фоиз бўлган.

Фото: Patrick T. Fallon / Bloomberg

2024 йилда Ўзбекистонга кириб келган пул ўтказмалари миқдори 14,8 млрд долларни ташкил қилди. Бу ўтган йилга нисбатан 30 фоизга ёки 3,4 млрд долларга кўп. Бу ҳақда Марказий банкнинг «Жисмоний шахсларнинг валюта операциялари бўйича қисқача шарҳи»да маълум қилинди

Маблағларнинг 77 фоизи Россиядан (11,5 млрд доллар) келиб тушган бўлиб, 2023 йилга нисбатан 29 фоизга ошган. Мазкур трансфертларнинг қолган қисми Қозоғистон (795 млн доллар), АҚШ (577 млн доллар), Жанубий Корея (534 млн доллар), Туркия (405 млн доллар), Буюк Британия (135 млн доллар) ва бошқа мамлакатлардан ўтказилган.

Ойлар кесимида олинганда, энг кўп ўтказмалар июлда (1 млрд 785 млн доллар) амалга оширилган бўлса, энг ками февралда (738 млн доллар) ўтказилган.

Ўтган йилда Ўзбекистонга келиб тушган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмида 2023 йилга нисбатан Буюк Британиядан 83 фоиз, Жанубий Кореядан 56 фоиз, АҚШдан 35 фоиз ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатларидан 32 фоиз ўсиш кузатилган.

Ушбу даврда жисмоний шахсларга келиб тушган маблағларнинг 8,2 млрд доллари анъанавий халқаро пул ўтказма тизимлари орқали (2023 йилга нисбатан ўсиш 14 фоиз), 5,9 млрд доллари хориждан жисмоний шахсларнинг банк карталарига тўғридан тўғри (P2P) ўтказмалари орқали (ўсиш 51 фоиз) ҳамда 774 млн доллари банк ўтказмаси (SWIFT) орқали (ўсиш 2,1 баробар) амалга оширилган.

Шунингдек, 2024 йилда Ўзбекистондан чет элга юборилган пул ўтказмалари ҳажми 2,8 млрд долларни (2023 йилга нисбатан ўсиш 19 фоиз) ташкил қилган.

Валюта айирбошлаш операциялари

2024 йилда банклар ҳамда жисмоний шахслар ўртасидаги чет эл валютаси олди-сотди операциялари айланмасининг умумий ҳажми 2023 йилга нисбатан 19 фоизга (4 млрд доллар) кўпайиб, 25,5 млрд долларни ташкил этган.

Мазкур даврда жисмоний шахслар томонидан банкларга 16,1 млрд доллар миқдоридаги ёки 2023 йилга нисбатан 31 фоизга кўп (2023 йилда 12,3 млрд доллар) чет эл валютаси сотилган. Шу билан бирга, жисмоний шахслар томонидан банклардан харид қилинган чет эл валютаси ҳажми 2023 йилга нисбатан 3 фоизга ўсиб, 9,4 млрд долларга етган (2023 йилда 9,1 млрд доллар).

Натижада, жисмоний шахслар томонидан банкларга сотилган чет эл валютаси ҳажми сотиб олинган чет эл валютаси ҳажмидан 6,7 млрд долларга кўп бўлиб, ушбу ижобий фарқ ўз навбатида ички валюта бозорида қўшимча таклиф манбаи бўлиб хизмат қилган.

Мавзуга оид