“Иш жойини тарк этиш ҳолати кўп” – Жанубий Корея ўзбекистонлик мигрантларни кам қабул қилаётганига изоҳ берилди
2023 йилда Ўзбекистондан E-9 визаси билан 4 878 нафар фуқаро Жанубий Кореяга ишга юборилган. 2024 йилда эса бу рақам 3 080 нафарни ташкил қилган. Миграция агентлиги вакилига кўра, бунга мигрантлар иш жойини сабабсиз тарк этиши, иш берувчи компаниялар ўзларини банкрот деб эълон қилиши сабаб бўлмоқда.
Жанубий Корея 2007 йилдан бери меҳнат ресурсидаги етишмовчиликдан келиб чиқиб бандликка кўмаклашиш тизимида ишлаб келади. Ҳар йили EPS тизими орқали 16 та давлатдан меҳнат мигрантларини ишга жалб қилади.
Масалан, 2024 йилда мамлакат жами 165 минг хорижий фуқарони ишга қабул қилган. Бунда Ўзбекистоннинг улуши атиги 3 080 нафарни ташкил этди. Агентлик бош мутахассиси Достон Олимжоновга кўра, бундай тенденция Непалда ҳам кузатилган.
“Непални мисол қиладиган бўлсак, 2023 йилда 19 758 нафар фуқарони Кореяга жўнатган бўлса, 2024 йилга келиб, 7 081 нафарга тушди. Ўзбекистонда ҳам худди шунақа. Хўп, энди бунга нима сабаб бўляпти? Фуқароларнинг иш жойларини тарк этиши ёки иш жойларини ўзгартириш ҳолатларини айтиш мумкин. Бундан ташқари, Корея иқтисодиётида ҳам ўзгаришлар бўлганлиги сабабли кўп компаниялар ўзларини банкрот деб эълон қиляпти. Шу сабабли нафақат Ўзбекистонда, балки бошқа давлатларда ҳам пасайиш бор”, – дейди Достон Олимжонов.
Агентлик бошқарма бошлиғи Азим Аҳматовнинг билдиришича, Кореяга борганда қилинадиган сарф-харажатлардан сўнг, Ўзбекистон фуқаролари яқин қариндошлари таклифига биноан, иш жойини тарк этяпти.
“Шунинг учун ҳам Корея кўпроқ Сенегал, Ветнам фуқароларини танлаяпти. Чунки уларда 1-2 йил ичида иш жойини ташлаб кетиш ҳолатлари кам учрайди. Бунда ҳеч кимни мажбурлай олмаймиз қайси давлатдан мигрант танласа танлайверади”, дейди Азим Аҳматов.
Мутасаддининг таъкидлашича, эндиликда Кореяга кетмоқчи бўлган фуқароларни ишга кўниктириш бўйича тарғибот тадбирлари кўпайтирилади. Мигрантлар иш берувчи компанияларда бўлиб, муҳит билан танишади. Бу 2025 йилдан натижасини бериши кутилмоқда. Шунингдек, Азим Аҳматов Кореяга кетиш харажатлари ошгани сабабига тўхталди. Унга кўра, Кореяда бир ҳафтадан ўн беш кунгача тайёрлов жараёнлари амалга оширилади, Қолаверса, агентлик хўжалик бошқарувидаги ташкилот ҳам ҳисобланади. “Биз ходимларга шарт-шароитларини яратиш ва кўрсатган хизматларимиз учун фуқаролардан ҳақ ундирамиз”, дейди Азим Аҳматов.
Бошқарма бошлиғи кўп ҳолатларда Россияга борадиган фуқароларнинг мослашув жараёнлари қисқалиги туфайли уларнинг иш ҳақидан келиб чиқиб ундириладиган тўловларни бекор қилиш масаласи кўриб чиқилаётганини ҳам айтди. Аммо агентлик матбуот хизмати вакили шу заҳоти Азим Аҳматовнинг фикрини инкор этиб, бу тизим бекор бўлганини маълум қилди.
Мавзуга оид

19:11 / 13.03.2025
Трамп президентлиги даврида 30 мингдан ортиқ мигрант ҳибсга олинди

17:39 / 13.03.2025
Ўзбекистоннинг Бош консулхонаси АҚШдаги ўзбекистонликларни огоҳлантирди

17:31 / 13.03.2025
Россия колонияларидаги хорижликларнинг 70 фоизи Марказий Осиё давлатлари фуқаролари

17:26 / 11.03.2025