Ўзбекистон | 20:39 / 18.01.2025
7762
11 дақиқада ўқилади

Ҳужжатсиз телефонга бож, “ибратли” судяга мукофот, Тошкентга мингта автобус — ҳафта дайжести

Яна IMEI машмашаси: декларациясиз олиб кирилган телефонларга бож солинмоқда. Пискентда навбатдаги ҳангома: 20 дақиқада 8 та машина текшириб бўлинди. Транспорт вазири ваъда берди: Тошкентга яна мингта автобус олиб келинади. Энди Ўзбекистоннинг араб дунёсида ҳам стратегик шериги бор. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Декларациясиз телефон олиб кирганга – бож

Бошоғриққа айланган UzIMEI тизими сабаб Ўзбекистонда телефонлар нархи ошадими? Охирги кунларнинг шов-шувли саволларидан бири айнан шу. Бир неча ой олдин хориждан телефон олиб киришда қўшимча бюрократик талаб кучга кирган бўлса-да, телефонлар нархи ошади дейишга ҳозирча асослар етарли эмас. Бу ҳақда бироз кейинроқ тўхталамиз, ҳозир эса янгиликнинг ўзига эътибор қаратсак.

Маълум бўлишича, эндиликда телефон, планшет каби мобил қурилмаларни IMEI тизимида рўйхатдан ўтказиш учун хорижга чиқиб келган бўлишнинг ўзи етарли эмас. Жисмоний шахслар ўзи билан янги телефон олиб кираётган бўлса, божхона пунктида декларация тўлдириши керак бўлади. Акс ҳолда, кейинчалик қурилманинг IMEI-кодини рўйхатдан ўтказиш пайтида регистрация тўловидан ташқари, божхона божини ҳам тўлашга тўғри келади.

Расмийларга кўра, бу тартиб аслида Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йилдаги қарорида белгиланган. Лекин божхона органлари ва UzIMEI тизими ўзаро интеграцияни ўтган йили октябрда якунлаган ва шу вақтдан бошлаб, декларация тўлдирмасдан олиб кирилган мобил қурилмаларни UzIMEI'дан ўтказишда қурилма божхона қийматининг 30 фоизи миқдорида бож ундириш бошланган. Масалан, 1200 долларлик iPhone 16 Pro Max учун бож миқдори 360 долларни ташкил этиши мумкин. Бунга қўшимча, 75 минг сўмлик UzIMEI тўлови ҳам бор.

Телефонлар нархи ошиши ҳақидаги хабарларда етарлича асос йўқлигига келсак. Юқорида айтилган ҳолат чет элдан ўзи билан телефон олиб кирган, лекин янгиликдан бехабарлиги учун ортиқча харажатга тушган ватандошларни асабийлаштириши тайин, лекин умумий телефон бозорида бирор ўзгаришга сабаб бўлмайди. Смартфонларнинг нолегал импорти ва фуқароларнинг шахсий маълумотлари савдосига чек қўйилишигина нархларга таъсир кўрсатиши мумкин.

Пискентдаги текширувлар тезлашиб кетди

UzIMEI билан бирга, UzTest машмашаси ҳам давом этяпти. Ташкилот баёнот билан чиқиб, Пискентдаги полигонда импорт автомобилларни синовдан ўтказиш тезлаштирилиши, техник кўрик вақти 20 дақиқадан 15 дақиқачага қисқартирилишини маълум қилди. Натижада лабораторияда кунига 96 та автомобил синовдан ўтказилади. Таққослаш учун, ўтган йили кунига ўртача 204 та автомобил импорт қилинган. Яъни мавжуд талаб лабораториянинг қувватидан 2 баробарга кўп. Бундан келиб чиқилса, вақт ўтиши билан навбатлар фақат узайиб бораверади.

UzTest'нинг баёнотидан бир неча кун ўтиб, autodeklarant Telegram-канали қизиқ ҳолат ҳақида хабар берди. Унинг сўзларига кўра, Пискентдаги техник кўрик ҳақиқатан ҳам анча тезлашиб кетган. “20 минутда 8 та автомобилни текшириб бўлишди. Бизни текширувчиларни кўрса, Хитой ҳам ҳайратланса керак”, дея ёзди канал муаллифи. Рўй берган ҳолат унда қуйидагича саволни уйғотган: “Ўзи текширишадими ёки фақат пул қилиш учун қилинганми бу?”

UzTest қандай қилиб 20 дақиқа ичида 8 та автомобилни текшириб улгурганига ҳозирча изоҳ бермади. Лаборатория очилганидан бери шу пайтгача ўзи бирорта автомобилда нуқсон аниқландими-йўқми, бу саволга ҳам жавоб йўқ. Яна бир жавобсиз савол қуйидагича: лабораториянинг қуввати мавжуд талабдан каррасига камлиги шароитида, тўхтовсиз узайиб борадиган навбатлар муаммосини ҳал қилиш бўйича масъулларда бирор режа борми ўзи?

Уч марта судланган мансабдор яна судланадиган бўлди

Коррупционер ҳоким ёрдамчиларидан навбатдагиси Тошкент шаҳрида ушланди. Расмий хабарга кўра, Учтепа туманидаги маҳаллалардан бирида ҳоким ёрдамчиси бўлиб ишловчи шахс дўкон очмоқчи бўлган фуқарога 2 сотих ерни аукционда ютиб, номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган ва бунинг эвазига 30 минг доллар олган вақтида қўлга тушган. Эътиборлиси, у аввал ҳам талон-торож, фирибгарлик ва мансабини суиистеъмол қилиш моддалари билан нақ 3 марта судланган.

Камида уч марта коррупцияда айбланган одамга жуфт бўлсин дегандек тўртинчи марта ҳам имконият яратиб берилган экан, бир нарсани тахмин қилиш мумкин: агар бузуқ тизим тузатилмаса, бу шахс ҳали бешинчи ва ундан кейинги имкониятлардан ҳам умидини узмаса бўлади. Мансабдорнинг давлат ишидаги карьерасига узил-кесил нуқта қўйилиши учун нақ уч марта судланишнинг ҳам етарли бўлмаётгани ачинарли.

Бу масалада охирги мисоллардан яна бири – Андижон туманининг собиқ ҳокими Абдужаббор Эгамбердиев. У ҳоким бўлган вақтида қабулига келган авомга пойгакдан жой бергани билан интернетда машҳур бўлган, шу ҳаракати учун ишдан олинганди. Кейинчалик суд ҳукми билан коррупционер деб топилиб, ахлоқ тузатиш жазосини олган. Шунга қарамай, Эгамбердиев бугунги кунда вилоят миқёсидаги ташкилотга раҳбарлик қилмоқда. У квази-давлат ташкилотлари қаторида саналадиган Касаба уюшмалари федерациясининг Андижон вилояти кенгаши раисига айланган.

Бу ҳафта жамоатчилик эътиборини тортган давлат хизматчиларидан яна бири – судя. Ёдингизда бўлса, бир неча ой олдин Наманган вилояти суди бир хил жиноят содир этган икки шахсга икки хил жазо тайинлаган: оддий фуқарони қамаб, худди шундай жиноят қилган Поп тумани ҳокимининг ўғлини озодликка чиқарганди. Ҳолатга Kun.uz эътибор қаратиши ортидан, иш қайтадан кўрилиб, ўғриликда айбланган ҳокимнинг ўғли қамоққа қайтарилган эди. Ўшанда уни озод қилган апелляция инстанцияси судига Авазбек Иномов раислик қилган. Не тонгки, куни кеча Судялар олий кенгаши 18 нафар судя қаторида айнан Авазбек Иномовни ҳам “Ибратли судя” мукофоти билан тақдирлади.

Тошкентга яна 1000 та автобус олиб келинади

Йил охиригача Тошкент шаҳри учун яна мингта автобус сотиб олинади. Бу ҳақда президент ҳузуридаги йиғилишдан кейин транспорт вазири Илҳом Маҳкамов маълум қилди. Янги автобуслар партиясининг олиб келиниши, 2023 йилда сотиб олинган мингта ва унгача фойдаланишда бўлган 800 та автобус билан бирга, пойтахт жамоат транспортида янги йўналишларни очиш, мавжудларида интервални қисқартириш имконини беради.

Вазирнинг сўзларига кўра, 2025 йил охиригача автобус бекатларида QR-кодли чипта харид қилиш учун 675 та инфокиоск ўрнатиш режа қилинган. Натижада инфокиоск билан таъминланган бекатлар сони қарийб 1500 тага етади. Умуман, пойтахт жамоат транспортини ривожлантириш бўйича янги дастур қабул қилиниши, 1 февралгача тегишли қарор лойиҳаси ишлаб чиқилиши кутилмоқда.

Бу ўринда, вилоятлар-чи деган савол туғилиши табиий. Ўтган йилги давлат дастурига асосан, Нукус шаҳри ва вилоятлар марказлари учун табиий газда юрадиган 900 та автобус сотиб олиниши керак эди. Транспорт вазирлиги матбуот хизматининг Kun.uz сўровига жавобан маълум қилишича, бу топшириқ юзасидан 820 дона автобусни харид қилиш буйича ишлаб чиқарувчи заводлар билан шартнома имзоланган, шундан 493 та автобус Ўзбекистонга олиб келинган. “Қолганлари ҳам келишда давом этмоқда. Бундан ташқари, 2024 йилда ҳудудларга 500 дона микроавтобус олиб келинди”, – дея маълум қилди вазирнинг матбуот котиби Наврўз Ашурматов.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

БАА – Ўзбекистоннинг араб дунёсидаги биринчи стратегик шеригига айланди. Икки давлат ўртасида стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларация президент Шавкат Мирзиёевнинг Абу-Дабига ташрифи вақтида имзоланди. Сунъий интеллект, рақамлаштириш, яшил энергетика, шаҳарсозлик ва туризм ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари деб белгиланди. 2030 йилгача ўзаро савдони 10 баробарга ошириш, инвестиция портфелини 50 млрд долларга етказиш вазифаси қўйилди.

Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев лавозимидан озод этилди. Шавкат Мирзиёев ўтказган селекторда маълум қилинишича, у инвестиция жалб қилиш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва бошқа йўналишларда жиддий камчиликларга йўл қўйган. Маҳмудалиев Сирдарёни 2022 йил ноябр ойидан буён бошқариб келаётган эди. Унинг ўрнида ким иш бошлаши ҳозирча маълум эмас.

Humo тўлов тизими 65 млн долларга сотилди. Харидор – ўтган йили хусусийлаштирилгани маълум бўлган Paynet компанияси. Банк бозорида муҳим ўринга эга Humo'нинг иккита банк билан аффилланган компанияга сотилгани ҳақидаги изоҳлар ортидан, Paynet баёнот эълон қилиб, ҳалол рақобат тамойилларига содиқлигини маълум қилди. Очиқ маълумотларга кўра, Humo'ни сотиб олиш битими расмий эълон қилинганидан бир неча ҳафта аввалроқ тузилган. Битим қиймати Paynet'нинг соф активлари қийматидан уч баробарга юқорилиги эътиборга молик.

Самарқанд шаҳрида ўндан ортиқ киши қўлбола спиртдан заҳарланиб вафот этгани айтилмоқда. Тахминларга кўра, улар маҳалладаги дўконлардан бирида яширинча сотилган спиртдан истеъмол қилган бўлиши мумкин. Шунингдек, Туркиянинг Истанбул шаҳрида 17 нафар ўзбекистонлик қалбаки алкоголдан заҳарланиб ҳалок бўлди. Консулхонанинг шанба кунги ахборотида яна 5 ватандош шифохонада экани маълум қилинган. Умуман, Туркия бўйлаб алкоголдан заҳарланганлар жами 90 га яқин, шундан қарийб 40 нафари вафот этган. Ҳолатга алоқадорликда гумонланиб икки туркманистонлик қўлга олинган.

Uzbekistan Airways'нинг Бухоро–Москва рейсида фавқулодда ҳодиса рўй берди. 15 январ куни Airbus A320 самолёти манзилга етиб бориб, Внуково аэропортига қўнаётганида двигателлардан бири ишдан чиққан. Компания хабарига кўра, экипаж томонидан тегишли чоралар кўрилиб, қўниш муваффақиятли амалга оширилган. Ҳаво кемаси бортида 132 йўловчи бор эди. Очиқ маълумотларга кўра, 14 ёшга тўлган самолёт Внуководаги тиклаш ишларидан кейин парвозларга қайтиб, кейинги 3 кун ичида 6 та рейсни амага оширган.

Салимбой” номи билан танилган Салим Абдувалиев озодликка чиқди. Kun.uz манбасининг маълум қилишича, 74 ёшли маҳкум саломатлигидаги муаммолар туфайли Жиноят кодексида белгиланган тегишли тартиб асосида озод қилинган. Эслатиб ўтамиз, 2023 йил декабр ойида ҳибсга олинган Салим Абдувалиев ўтган йили ўқотар қуролнинг қонунга хилоф муомаласида айбланиб, 6 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Мафкура бўйича сиёсий арбоб Раъно Абдуллаева вафот этди. Ўзбекистон ССР Компартияси Марказий комитетининг мафкура масалалари бўйича котиби бўлган Раъно Абдуллаева 12 январ куни, 89 ёшида вафот этди. Сиёсатчи 1970-80-йилларда Ўзбекистонда энг катта таъсирга эга шахслар қаторида бўлган, мамлакатнинг бош идеологи эди.

Муаллиф – Комрон Чегабоев
Доимий бошловчи – Бобур Акмалов
Тасвир устаси – Шоҳрузбек Абдурайимов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова

Мавзуга оид