Жаҳон | 18:16 / 18.01.2025
4696
2 дақиқада ўқилади

АҚШ разведкаси собиқ ходими Исроилнинг Эронга ҳужумига оид махфий маълумотларни ошкор қилганини тан олди

МРБ собиқ ходими Асиф Раҳмон Исроилнинг Теҳронга ракета ҳужумларини амалга оширмоқчилиги тўғрисидаги махфий ҳужжатларни сиздирган. У 20 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Фото: AP

АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) собиқ ходими Асиф Раҳмон Исроил ҳарбийларининг Эронга қарши ҳужумига тайёргарлик кўраётгани тўғрисидаги ўта махфий маълумотларни сиздиргани бўйича ўз айбини тан олди. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.

Ноябр ойида АҚШ ҳукумати Раҳмонга Исроилнинг Теҳронга ракета ҳужумларини амалга оширмоқчилиги тўғрисидаги махфий ҳужжатларни ошкор этгани бўйича айблов эълон қилганди.

«Раҳмон АҚШ округ судида миллий мудофаа маълумотларини ошкор этишга оид иккита ҳолат бўйича айбига иқрор бўлди», — дейилади хабарда.

Ҳукм 15 май куни чиқарилади. МРБнинг собиқ ходими 20 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Пентагоннинг Исроилни Эронга уюштирадиган ҳужумига оид режалари тўғрисида ўта махфий маълумотлари октябр ойида сизиб чиққанди. Ҳужжатларда Исроил Мудофаа кучлари ҳужум доирасида фойдаланиши мумкин бўлган самолёт ва снарядлар турлари ҳақида сўз боради. Ҳисоботларнинг бирида таъкидланишича, АҚШ Исроил ҳужум вақтида ядровий қуролдан фойдаланишни режалаштираётгани бўйича ҳеч қандай белгини кўрмаган.

Аввалроқ америкалик 22 ёшли ҳарбий IT-мутахассис Жек Тейшейра ўз мамлакатининг миллий мудофаасига оид махфий маълумотларни, жумладан, Украинадаги урушга оид махфий ҳарбий ҳужжатларни ошкор қилгани учун 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

Мавзуга оид