Жаҳон | 10:08 / 17.01.2025
4320
2 дақиқада ўқилади

Америкалик режиссёр Дэвид Линч вафот этди

Кинорежиссёр ва сценарийнавис Дэвид Линч муаллифлик киносининг энг муҳим классикларидан бири эди.

Фото: AFP

Америкалик кинорежиссёр ва сценарийнавис, муаллифлик киносининг энг муҳим классикларидан бири, «Оскар» мукофоти лауреати Дэвид Линч 79 ёшида вафот этди. Унинг ўлими ҳақида 16 январ, пайшанба куни режиссёрнинг яқинлари Facebookʼда маълум қилди. «Биз, унинг оиласи, инсон ва рассом Дэвид Линчнинг вафот этганини катта қайғу билан эълон қиламиз... Энди у биз билан эмас, дунёда катта бўшлиқ пайдо бўлди», — дейилади постда.

2024 йил август ойида Линч журналистларга сурункали касаллик — ўпка эмфиземаси ташхиси қўйилганини айтди.

Линч ўз фаолиятини анимацион филмлар рассоми сифатида бошлаган. 1976 йилда унинг тўлиқ метражли дебюти чиқди — сюрреалистик филм тезда оммалашди. Линчнинг 1980 йилда суратга олинган «Фил одам» филми саккизта «Оскар» номинациясига сазовор бўлган. Режиссёрнинг энг машҳур ишлари қаторига «Мовий бахмал», «Ҳеч қаерга олиб бормайдиган шоссе», «Юракда ёввойилар» ва «Малхолланд Драйв» филмлари ҳамда «Твин Пикс» сериали киради.

Дэвид Линч — Канн кинофестивалининг «Олтин палма япроғи» (2001) ва Венеция кинофестивалининг фахрий «Олтин шер» (2006) лауреати. У уч марта «Энг яхши режиссёр» номинациясида «Оскар»га даъвогарлик қилган. 2019 йилда Линч кинодаги буюк ютуқлари учун «Оскар» билан тақдирланди.

Мавзуга оид