Иқтисодиёт | 20:19 / 17.01.2025
2540
2 дақиқада ўқилади

2024 йилда ЕТТБ Ўзбекистон иқтисодиётига қарийб 1 миллиард доллар сармоя киритди

Европа тикланиш ва тараққиёт банки 2024 йилда Ўзбекистонга 938 миллион евро (960 миллион доллар) сармоя киритди. Маблағларнинг ярмидан кўпи яшил иқтисодиёт лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.

Фото: Getty Images

2024 йилда ЕТТБ Ўзбекистонга рекорд миқдорда – 938 миллион евро (960 миллион доллар) сармоя киритиб, 34 та лойиҳани амалга оширишда иштирок этган. Бу ҳақда банк ахборот хизмати хабар берди.

ЕТТБ инвестицияларининг 55 фоизи яшил иқтисодиёт лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Бошқа молиялаштириш ташкилотларидан олинган 383 миллион евро маблағлар билан биргаликда, бу Ўзбекистон иқтисодиётига 1,3 миллиард евродан ортиқ маблағни жалб қилишга ёрдам берган.

Ўзбекистонда ЕТТБ томонидан молиялаштириладиган асосий лойиҳалар:

Тошкент вилоятида 200 MWt қувватга эга қуёш электр станцияси ва 501 MWt қувватга эга энергия сақлаш тизимини қуриш учун 226 миллион доллар;

Навоий вилоятида 230 километр узунликдаги юқори волтли электр узатиш линияларини қуриш учун 66,4 миллион доллар;

«Ўзкимёсаноат» ва ACWA Power томонидан амалга оширилаётган Чирчиқ шаҳридаги «яшил» водород ишлаб чиқариш лойиҳасини молиялаштириш учун 65 миллион доллар;

Хоразм вилоятида транспорт магистралини тиклаш ва Амударё орқали кўприк қуришга 238 миллион доллар.

Шунингдек, ЕТТБ Ўзбекистон молия секторига 300 миллион евродан ортиқ кредитлар ажратган.

Мавзуга оид