Жамият | 17:14 / 09.01.2025
43371
6 дақиқада ўқилади

“Августдан кейин ҳаммаси яхши бўлиб кетади...” — марҳумликда машҳурликка эришган деҳқон

Шоҳимардонлик отахоннинг соддалик билан айтган гапларини ижтимоий тармоқларда эшитмаган одам топилмаса керак. Ҳаётлигида қўшнилари-ю қариндош-уруғидан бошқа ҳеч ким танимаган оддий деҳқонни у 33 йил аввал берган интервюси машҳур қилди. Ўлимидан бир неча йил ўтиб эса унинг суҳбатдаги жумлалари оммалашди, ҳатто айримлари мемга ҳам айланиб улгурди. Kun.uz мухбири марҳум Исмоил отанинг ўғиллари билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

1992 йил – мустақилликнинг илк йиллари, ҳали давлатчилик тўлиқ шаклланиб улгурмаган. Собиқ иттифоқ республикалари ўртасида алоқалар узилиб, республика иқтисодиёти оғир аҳволга тушган ва турли корхоналар иш фаолиятини тўхтатганди. Оқибатда савдо дўконлари бўшаган, одамлар ишсиз ва пулсиз қолиб, юқори инфляция фонида нарх-наволар кескин ошиб бораётган оғир даврлар эди.

Ана шундай кунларда ББС (Буюк Британия) мухбири шоҳимардонлик Исмоил ота Мирзаматовдан қишлоқ ҳаёти ҳақида интервю олади. Ўшанда соддагина деҳқон нарх-наво тобора ошиб кетаётганига ўз фикрини билдирар экан, қувлик билан президент (Ислом Каримов) телевизорда чиқиб “августдан кейин ҳаммаси яхши бўлиб кетиши” ҳақида ваъда бергани ва у ўша кунни интизорлик билан кутаётганини айтган.

Содда ва самимий деҳқон интервюдан сўнг 15 йил яшаб 2007 йил 2 декабрида 77 ёшида вафот этади. Бундан бир ой аввал отанинг турмуш ўртоғи Мақсуда ая ҳам 86 ёшида бандаликни бажо келтирди. Марҳум деҳқондан 4 ўғли ва 4 қиз қолган. Kun.uz мухбири Исмоил отанинг ўғиллари билан суҳбатлашди.

Отам августни кутиб яшади...

“Отамнинг 33 йил аввалги айтган машҳур гаплари ҳали ҳам долзарб, ижтимоий тармоқларда ҳали ҳам айланяпти. Отам доим бизга ишласанг тишлайсан, деб насиҳат қиларди. Биз ўғилларини қаттиқ ишлатарди. Мана, кам бўлганимиз йўқ, ўзлари деҳқончилик орқасидан саккиз болани уйлаб жойладилар.

Ғайрат Мирзаматов, Исмоил отанинг иккинчи ўғли

Умрининг охиригача ўша августни кутиб яшади. Отам 2007 йилда 77 ёшида буйрак хасталигидан вафот этди. ББС тасвирга олган ўша машҳур интервюни кўриш ўзларига насиб этмади. Отамлар ғоятда содда, оқкўнгил ишонувчан инсон эди. Умрининг охиригача деҳқончилик билан шуғулланди. У оилада ёлғиз ўғил бўлган.

Отамнинг ўша машҳур “августдан кейин ҳаммаси яхши бўлади”, деб айтган гаплари ижтимоий тармоқларда ҳалиям айланади. Бундан биз жуда хурсанд бўламиз. Худдики отам ҳали ҳам ёнимизда биз билан яшаётгандек туюлаверади. Ўша машҳур гап туфайли шу кунларда ҳам жуда кўп жойлардан оиламизни сўроқлаб келиб биз билан гаплашиб кетишяпти. Бундан бошимиз осмонга етади, албатта.

Ҳали ҳануз ёдимда. Картошка экардик. Отам бизга бош бўларди. Режани топширсак, қолгани ўзимизники эди. Картошкани сотиб пулига тирикчилик қилардик.

Мана, Россияда ишлаб келиб яқинда иккита тўй қилдик. Ҳам қиз чиқардик, ҳам ўғил уйладик. Иккинчи ўғил эдим, отамнинг ёнида кўп юрардим. Қайга борса мени ўзи билан олиб кетарди.

Тўнғич акам ва кенжамиз Россияда ишлайди. Мен мактабда ишлаб пенсияга чиқдим. Яна бир укамиз қоровул.

Шоҳимардон қишлоғидан шаҳарга тушадиган бўлсам чегарадаги божхона ходимлари, деҳқон отани ўғлимисиз, деб кулиб қўйишади. Инсон ўлимидан кейин ҳам машҳур бўлиб кетиши мумкин экан-да”, дейди Исмоил отанинг ўғилларидан бири Ғайрат Мирзаматов.

Ёзёвонлик Мамарасул ака ББС мухбирларини уйимизга олиб келганди...

“1992 йилда уйимизга ёзёвонлик танишимиз Мамарасул ака ББС мухбирлари билан кириб келди. Отамдан интервю олишди. Ўшанда етти ёки саккизинчи синфда ўқирдим. Афсуски, ўз чиқишларини кўриш отамга насиб қилмади.

Расулжон Мирзаматов, Исмоил отанинг ўғилларидан бири

Отам раҳматли ўтиб кетганларига мана 18 йил бўлди. Ҳозиргача интернетда айланяпти видеолари. Отамдан фахрланаман. Яхши инсон бўлганларки, ўлимидан кейин ҳам эсланяпти. Тармоқларда айланаётган видеоларини кўрганимда хурсанд бўлиб кетаман. Интервю ҳақида ҳам бизга кўп гапириб берарди, раҳматлик. Яқинда (бир ойдан ўтди) онам Мақсуда ая ҳам вафот этдилар”, дейди Исмоил отанинг ўғилларидан бири Расулжон Мирзаматов.

33 йил олдинги гап...

“Отамнинг 33 йил олдинги гапирган гаплари ҳозир ҳам долзарб. Буни қарангки, ўша жумлалар ҳозир ҳам тўхтагани йўқ. Август, сентябрдан кейин ҳаммаси яхши бўлиб кетади, деб айтганлари телефонларда айланяпти. Зиёрат қилгани ҳам одамлар келишяпти уйимизга.

Аслиддин Мирзаматов, Исмоил отанинг кенжа ўғли

Мана бу уйларни отам ўз қўллари билан қурган. Худо хоҳласа, бу уйлар отамдан ёдгорлик бўлиб қолди. Уйларни кўрганимда отамни эслайман.

Отам жуда ажойиб одам бўлган. Умрининг охиригача ўша августни кутиб яшадилар, кўп ва хўп айтардилар, августдан кейин Худо хоҳласа ҳаммаси яхши бўлиб кетади деб.

Ҳозир ҳам мана ўтин қиламиз, отамдан қолган болтада. Болталари ҳам ёдгорлик бўлиб қолган шу кунгача. Тўн, телпак ва белбоғларини асраб қўйганмиз.

Россияда ишлайман, Ўзбекистонга бир йилда бир марта келаман. Уйимга келибоқ отамнинг бошларига қабристонга бораман. Зиёратдан кўнглим ёришади. Отам жуда зийрак, ишонувчан, содда одам бўлган. Аллоҳ раҳматига олсин, жойлари жаннатда бўлсин, руҳлари доим шод, охиратлари обод бўлсин”, дейди Исмоил отанинг кенжа ўғли Аслиддин Мирзаматов.

Исмоил ота кийган тўн, телпак ва белбоғларигача яхши сақланган. У қурган иморатлар ва ҳатто ўзи ичидан гўнг ташиган оғилларгача ўз ўрнида. Деҳқон болтасида эса энди ўғиллари ўтин ёряпти...

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Сардор Мамиров

 

Мавзуга оид