Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Корея ва Франциядаги можаролар: Демократиялардаги инқирозлар демократияни созлайди
Корея президенти Юн Сок Ёл ваколатидан маҳрум бўлиб, мамлакатда президент вазифасини бажариш вақтинча бош вазирга ўтди. Францияда эса 100 кун ҳам ишламаган бош вазир Мишел Барнье ишдан олиниб, мамлакатда охирги 4 йил ичида бешинчи марта ҳукумат алмашди. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Kun.uz'даги колонкасида бу икки воқеа мисолида демократиянинг жўшқин табиати ҳақида сўз юритади.

Мишел Барнье Франциядаги бешинчи республика тарихида энг қисқа вақт бош вазир бўлган сиёсатчи бўлиб қолди. У бош вазир лавозимида амалда атиги 91 кун, расман 99 кун ишлади. 5 декабр куни Франция парламенти 1962 йилдан бери илк марта бош вазирга ишончсизлик вотуми билдириш ҳуқуқидан фойдаланиб, Барньени истеъфога чиқарди.
Истеъфо сабаби давлат бюджети билан боғлиқ. Францияда бюджет дефицити ЯИМнинг 6 фоизидан ошган. Бу – Европа Иттифоқида белгиланган 3 фоизлик лимитдан икки баробарга кўп. Мишел Барнье дефицитни қисқартириш учун 40 млрд долларни тежаш кўзда тутувчи ижтимоий харажатлар бюджетини парламент тасдиғисиз қабул қилганди. Франция Конституцияси бунга розилик беради. Лекин сўнгги сайловларда парламентдаги ўрнини мустаҳкамлаб олган ўта сўл ва ўта ўнг партиялар буни ҳукуматнинг ўзбошимчалиги деб баҳолаб, ҳукумат раисига ишончсизлик вотуми билдиришга қарор қилди.
Францияда ҳукуматлар давлат харажатларини парламент розилигисиз қабул қилиши ҳолатлари аввал ҳам бўлган, лекин бу сафар президент Макроннинг партияси парламентда кўпчилик ўринга эга эмасди. Вотумдан кейин у бошқа бош вазир тайинлашига тўғри келди.
Жанубий Кореяда эса президент Юн Сок Ёл жиддий сиёсий хатога йўл қўйди. У парламентда кўпчилик ўринга эга мухолифатни Шимолий Кореядагидек коммунистик тузумга симпатия билдиришда ва қасддан давлат фаолиятини фалажлантириб қўйишга уринишда айблаб, ҳарбий ҳолат эълон қилди ва бу ҳарбий ҳолат даврида ҳар қандай сиёсий фаолият, хусусан парламент фаолиятини ҳам тақиқлади. Аммо Корея парламенти ҳарбий ҳолатни бекор қилишга овоз бергач, ҳукумат таслим бўлди, ҳарбий ҳолат бир неча соат ичида бекор қилинди.
Юн Сок Ёлнинг бу ҳаракатини мухолифат ва корейс жамоатчилиги давлат тўнтаришига уриниш деб ҳисобламоқда. Мудофаа вазири барча масъулиятни бўйнига олиб, истеъфо берди, кўп ўтмай ҳибсга олинди, президент эса охиригача курашишини айтмоқда. Аввалига президентнинг партияси унинг ёнини олиб, импичмент ҳақидаги қарорни бойкот қилган, натижада мухолифат президентни лавозимидан четлатишга муваффақ бўлолмаганди. Лекин ўтган бир ҳафта давомида жамоатчиликнинг қаттиқ босими ва намойишлар ортидан президент партияси ҳам ундан юз ўгирди ва иккинчи уринишда парламент президентга импичмент эълон қилди.
Ҳозирда Корея президенти вазифаларини бажариш вақтинча мамлакат бош вазири зиммасига ўтган. Халқ вакилларининг импичмент қарорини Конституциявий суд ё тасдиқлаши, ёки Юнни мансабига қайтиб тиклаши керак. Суд ўз хулосасини айтиш учун 6 ой муҳлатга эга. Ҳозирда парламент тайинлаган махсус прокурор президентнинг ҳаракатларини тергов қилмоқда, унга мамлакатдан чиқиш тақиқланган.
Воқеага бироз аввалроқдан назар ташлаганда, исёндан олдин Юн Сок Ёлнинг президент сифатидаги рейтинги ниҳоятда пастлаб кетгани, у шу йил баҳордаги сайловда парламентда кўпчилик ўринни эгаллаб олган мухолифат билан мунтазам қарама-қаршиликда бўлиб келгани, аввалроқ турмуш ўртоғининг моддий манфаатлари билан боғлиқ можарода қолганини таъкидлаш мумкин.
Юқоридаги каби воқеалар исталган демократик давлатда рўй бериб туради. Бир қарашда, демократияларда барқарорлик йўқдек, ҳали у, ҳали бу демократик давлатда мудом сиёсий инқирозлар бўлаверадигандек кўринади. Аслида эса демократияларда шахслар, гуруҳлар ва ҳокимиятларнинг сиёсий барқарорлиги, шунчаки, мутлақлаштирилмайди.
Демократиялар учун муҳими – фундаментал институтлар ва қадриятлардир. Бу қадриятлар – эркинлик, тийиб туриш механизмлари, суднинг дахлсизлиги ва бошқаларни ўз ичига олади. Ушбу қадриятлар (ўйин қоидалари) амалда бўлар экан, шахсларнинг алмашинуви давлатчилик учун хавф туғдирмайди, аксинча жамият ичидаги муаммоларнинг қонун доирасида каналлашган ҳолда энг юқоригача чиқишига хизмат қилади.
Аксинча, қайсики мамлакатда эркинлик даражаси пасайса, демократик давлат институтлари ишлашдан тўхтаса, бир неча ўн йил ичида давлат ўзининг ҳақиқий барқарорлигини, бойлиги ва қудратини йўқота бошлайди.
Турфа фикрдаги қатламларнинг ўз вакиллари воситачилиги орқали доимий равишда сиёсий савдолашуви, тортишуви эса оддий одамларнинг бахти, фаровонлиги ва эркинлигига хизмат қилади.
Ташқаридан қараганда бу охири йўқ, толиқтирувчи ва самарасиз тортишувдек кўринади, лекин реалликда айнан демократик давлатлар – энг барқарор, аҳоли ишончига сазовор мамлакатлардир. Тортишувлар ва баҳслар замирида катта миллий бойлик ва давлатнинг қудрати ўсиб боради.
Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос
Тавсия этамиз
Германияга ишга юбориш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолати аниқланди
Жамият | 15:33 / 23.07.2025
Ўзбекистонда iPhone нархлари қимматлашди. Нега?
Иқтисодиёт | 21:38 / 22.07.2025
Тошкентда беморга шилқимлик қилган шифокор 5 суткага қамалди
Жамият | 15:28 / 22.07.2025
Таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган оздирувчи қаҳвалар савдосига чек қўйилди
Жамият | 09:27 / 22.07.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Свет ўчмаган кун йўқ: Тошкент электрсиз қийналмоқда
Ўзбекистон | 23:59 / 25.07.2025
-
Қўриқхонада давом этаётган ёнғин, «Ишдаги ишқ» можароси, Навоийни заҳарлаётган корхоналар – маҳаллий дайжест
Ўзбекистон | 23:53 / 25.07.2025
-
Давлат олийгоҳлари учун квоталар тасдиқланди
Ўзбекистон | 23:49 / 25.07.2025
-
Ўзбекистонда пенсия миқдори қандай ҳисобланади? – муҳим саволларга жавоблар
Ўзбекистон | 23:34 / 25.07.2025
Мавзуга оид

09:46 / 25.07.2025
Франция Фаластин давлатини тан олади — Макрон

14:06 / 24.07.2025
Германия ва Франция FCAS жанговар самолёти бўйича келишмовчиликни ҳал қилмоқчи

20:16 / 18.07.2025
Ўзбекистон Жанубий Корея божхоначиларига 6 бош хизмат итини етказди

07:35 / 18.07.2025