Жаҳон | 15:07 / 04.09.2024
10456
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Кореяда сув тошқинларини бартараф этолмагани учун 30 нафар масъул амалдор қатл этилди – OАВ

Август ойида КХДРнинг Чаганг провинцияси вайронкор сув тошқинларини бошдан кечирди, оқибатда минглаб одамлар уйсиз қолди, 4 минг киши қурбон бўлди.

Фото: KCNA/Reuters

Шимолий Кореянинг Чаганг провинциясида август ойида юз берган сув тошқинлари ва кўчкилар оқибатида 4 минг киши ҳалок бўлди, фалокатни бартараф этолмагани учун 30 нафар масъул амалдор қатл этилди, деб ёзмоқда Chosun TV.

Таъкидланишича, Шимолий Корея амалдорларидан бири “қабул қилиб бўлмас даражада кўп қурбонлар сабабчилари” қаттиқ жазоланишини айтган.

“Ўтган ой охирида сув тошқини зонасида бир вақтнинг ўзида 20 нафардан 30 нафаргача партия аъзоси қатл этилгани аниқланди. 

Шунингдек, Чаганг провинцияси партия котиби лавозимидан четлатилган Кан Бон-ҳун билан боғлиқ вазият ҳақидаги хабарлар ҳам қайд этилмоқда ва тасдиқланмоқда”, — деб қўшимча қилди у.

Провинция партияси собиқ котиби Кан Бон-ҳун ҳибсга олинган. У қурол-яроғ бўлими бошлиғининг собиқ ўринбосари ҳам эди. У Ким Чен Иннинг сув тошқинлари юз берган туманларга уюштирган сафарларида унга ҳамроҳлик қилган.

Шимолий Корея давлат матбуоти хабарига кўра, ўтган ойда мамлакатнинг шимоли-ғарбий қисмида ёққан кучли ёмғирлар Синуижу шаҳри ва унга қўшни Уижу шаҳрида тошқинларга сабаб бўлган. Табиий офат 4 100 та уйга, 7 410 гектар қишлоқ хўжалиги ерларига ҳамда кўплаб давлат бинолари, иншоотлари, йўллари ва темирйўлларга зарар етказган.

Корея марказий ахборот агентлиги маълумотларида айтилишича, ўша пайтда Ким Чен Ин амалдорларни “фалокатнинг олдини олиш мажбуриятини эътиборсиз қолдирган” ва “қабул қилиб бўлмас даражада кўп инсонлар ҳаётига зомин бўлган” шахсларни қаттиқ жазолашга чақирган.

Мавзуга оид