Россия яна Украинани Курск АЭСга ҳужум қилишга уринишда айблади
Украинани Курск атом электр станциясига ҳужум қилишга уринганликда айблаш Россия томонидан кетма-кет иккинчи кун янграмоқда.

Фото: Vladimir Gerdo/TASS/dpa/picture alliance
Украина қуролли кучлари 22 августга ўтар кечаси Курск атом электр станциясига учувчисиз учоқ билан ҳужум қилишга уринди. Бу ҳақда 23 август, жума куни ТАСС Россия давлат агентлиги ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларига таяниб маълум қилди. «2024 йил 22 августга ўтар кечаси Киев режими АЭСда камикадзе дрон ёрдамида ядровий террорчилик актини амалга оширишга уринди», — дея исмини ошкор этмаган суҳбатдошининг сўзларини келтиради агентлик.
«Дрон Army of Drones деб белгиланган - бу Украина қуролли кучлари Бош штаби, Мудофаа вазирлиги ва Украинанинг бошқа идораларининг қўшма лойиҳаси бўлиб, УУА ишлаб чиқиш ва уларни Украина қуролли кучларига тақдим этиш учун яратилган», - дея аниқлик киритди ТАСС.
Путин Украинани Курск АЭСга ҳужум қилишга уринишда айблади
Россия президенти Владимир Путин ҳам аввалроқ Украинани Курск атом электр станциясига ҳужум қилишга уринганликда айблади. «Душман бугун тунда АЭСга зарба бермоқчи бўлди», — дея унинг Украина қуролли кучларининг 22 август куни Курск вилоятидаги ҳужум операциясига бағишланган йиғилишдаги сўзларидан иқтибос келтирган ТАСС давлат агентлиги.
Путин ўз айбловлари бўйича ҳеч қандай далил келтирмади. Унинг сўзларига кўра, Москва Атом энергияси бўйича халқаро агентликни (АЭХА) хабардор қилган, унинг мутахассислари вазиятни баҳолаш учун воқеа жойига келиши керак.
Курск вилояти губернатори вазифасини бажарувчи Алексей Смирнов Украина қуролли кучларининг Курск вилоятида давом этаётган ҳарбий амалиёти фонида минтақа бир қанча шаҳарларида темир-бетон бошпаналар ўрнатиш бошланганини маълум қилганди - гап атом электр станцияси жойлашган Курск, Железногорск ва Курчатов ҳақида кетяпти.
АЭХА бош директори Курск АЭСга боради
Куни кеча АЭХА бош директори Рафаэл Гросси келаси ҳафта Москва таклифига биноан Курск атом электр станциясига ташриф буюриш ниятида эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, станция ҳозирда «техник жиҳатдан Украина қуролли кучларининг артиллерияси масофасида».
Курск АЭС - Россиядаги энг йирик электр станцияларидан бири. У тўртта энергия блокидан иборат бўлиб, улардан иккитаси Украина қуролли кучларининг минтақадаги фаол ҳаракатлари фонида ишлашда давом этмоқда. "Росатом" 8 август куни АЭС ҳудудидан уриб туширилган ракеталарнинг бўлаклари топилганини маълум қилди. Украина ташқи ишлар вазирлиги Украина қуролли кучлари Курск атом электр станциясига ҳужум қилишни режалаштирмаётгани ва ҳужум қилишни хоҳламаслигини билдирди.
Мавзуга оид

17:37 / 21.03.2025
Франция компанияси Ўзбекистонда қуриладиган кичик АЭС лойиҳасида иштирок этиши мумкин

12:36 / 20.03.2025
Трамп Киевга Украинадаги АЭСни АҚШ назорати остига олишни таклиф қилди

17:23 / 06.03.2025
Тайвандаги атом электр станциясида ёнғин юз берди

22:51 / 21.02.2025