Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кўчаётган Хон Юнус аҳолиси, Запорижжя АЭСдаги ёнғин ва Туркияда блокдан ечилган Instagram — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият
Ўз зиммасига Ғазода тинчлик ўрнатиш бўйича музокараларда воситачи ролини олган АҚШ, Миср ва Қатарнинг чақириқларига қарамасдан, Исроил армияси Ғазо бўлгасидаги мактабларга тизимли равишда ҳужум уюштириб келмоқда.
Бу мактабларда ўз турар жойларидан айрилган ва мажбурий тарзда кўчирилган минглаб фаластинликлар жон сақлаб келмоқда.
БМТ маълумотларига кўра, Ғазо секторидаги 2 миллион инсон энг камида бир марта ўзи яшаб турган уйни ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлган.
Ҳудуддаги мисли кўрилмаган вайронкорлик шароитида шифохоналар, мактаблар ва уларга бирлашган ҳудудлар кўчирилган фаластинликлар учун бошпана бўлиб хизмат қилмоқда.
Исроил Хон Юнус шаҳрининг ғарбий, шарқий ва марказий қисмини бўшатиб беришни талаб қилди.
Исроил армиясининг матбуот котибига кўра, Ғазо секторидаги 36-блок ҳам ортиқ “ҳуманитар зонанинг бир қисми ҳисобланмаслиги”ни таъкидлаб, у ҳам “хатарли ҳарбий ҳаракатлар зонаси деб эълон қилингани”га урғу берган.
Исроилнинг зудтар эвакуация тўғрисидаги буйруғидан сўнг Хон Юнус аҳолиси оммавий тарзда яшаб турган жойларини тарк эта бошлаган.
Сулҳ музокаралари тақдири
ҲАМАС ҳаракати сиёсий бюросининг аввалги раҳбари Исмоил Ҳания ўлдирилганидан сўнг, унинг ўрнига сайланган Яҳё Синвар Миср ва Қатар воситачилари орқали Исроилга сулҳни хоҳлаётгани ҳақидаги хабарни етказди. Бу ҳақда CNN ёзди.
Телеканалнинг Исроилдаги икки манбасига кўра, бош вазир Бинямин Нетаняҳу ўзининг ҳукмрон коалицияси учун қандай оқибатларга олиб келишидан қатъи назар, келишувга тайёр. Аммо Исроил хавфсизлик хизмати вакиллари коалициядаги баъзи ўта ўнг вазирларнинг қаршиликларини ҳисобга олиб, Нетаняҳу розилигига шубҳа билан қарамоқда.
Молия вазири, ултраўнг миллатчи Бецалел Смотрич келишувга қарши чиққанлардан бири бўлиб, уни «таслим бўлиш» деб атаган. Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир ҳам эътироз билдирган.
“Ғазога ҳуманитар ёрдам ва ёқилғи етказиш тўлиқ тўхтатилиши керак. Биз Ғазо аҳолисини бу жойларни батамом тарк этишга мажбурлаб, Ғазо секторини узил-кесил оккупация қилишимиз керак”, — деган Итамар Бен-Гвир.
CNN манбаларидан бири Нетаняҳу нима истаётганини «ҳеч ким билмаслигини» айтди. Шу билан бирга, АҚШ расмийлари Исроил раҳбариятига минтақавий урушнинг олдини олиш учун ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишувга эришишни кутаётганини «аниқ етказди», деди CNN манбаси.
Украинадаги вазият
Россия томонидан оккупация қилинган ҳудудда жойлашган Запорижжя атом электр станциясида ёнғин келиб чиқди. Украина уни Россия кучларининг провокацияси деб атамоқда, Россия эса Киевни ўққа тутганликда айбламоқда.
Володимир Зеленский АЭСнинг буғ чиқарувчи иншоотлари қоп-қора тутун исканжасида қолган видеотасвирларни эълон қилди. Украина президентига кўра, АЭС ҳудудида атайлаб ёнғин келтириб чиқаришган. Шунга қарамасдан, Зеленский радиация даражаси меъёрида эканини таъкидлаган.
Никопол район ҳарбий маъмурияти раҳбари Евгений Евтушенконинг айтишича, АЭСдаги ёнғин “Днипро дарёсининг ўнг соҳилида яшовчи аҳоли ўртасида саросима келтириб чиқаришга қаратилган провокация”дир. Унинг айтишича, Россия ҳарбийлари АЭС буғбуронлари ёнида шиналарни ёққан бўлишлари мумкин.
Украина президенти Атом энергетикаси халқаро агентлигини вазиятга аралашишга чақириб, фақатгина АЭС устидан Украина назорати минтақадаги хавфсизликни таъминлаши мумкинлигини яна бир бор таъкидлаб ўтган.
Запорижжя областининг Россия томонидан босиб олинган қисмининг руслар томонидан тайинланган раҳбари Евгений Балицкий эса ёнғинда Украинани айблаган. Унинг сўзларига кўра, АЭСнинг совитувчи тизимлари объектидаги ёнғин Украинанинг ҳужуми туфайли келиб чиққан.
Курскдаги вазият
Украина қуролли кучлари Россиянинг Курск областидаги ёриб ўтишни кенгайтирмоқда, илғор отрядлар “жуда илгарилаб” кетгани маълум қилинмоқда.
Украина армияси кенг фронт бўйлаб Россия ҳудудида юришини давом эттирмоқда.
Украина ҳарбийлари якшанбага ўтар кечаси Курск областининг Суджа районига қўшни Беловский районига киришга ҳам уриниб кўришган.
Беловский районига украин отрядлари кирганини район маъмурияти раҳбари Волобуев маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, “чегара ҳудудларидаги вазиятнинг айрим ҳолатлари тушунарсиз бўлиб турибди”.
Бундан ташқари, тунда Белгород областининг Краснояружск райони аҳолиси ҳам ўз уйларини тарк эта бошлагани хабар қилинмоқда.
Курск областининг Беловский райони билан қўшни бўлган Краснояружск районидан аҳоли оммавий кўчиб чиқа бошлаганини якшанба куни Белгород области губернатори Гладков маълум қилган.
The Washington Post газетасининг ёзишича, Украина Россия ерларини босиб олишда давом этиши украиналик аскарларнинг жанговар руҳини кўтариш учун қилинмоқда, Украина қуролли кучларининг Россия кучларини чалғитиш учун қилаётган ҳаракатлари қисқа муддатли рейдга эмас, узоқ давом этадиган операцияга кўпроқ ўхшамоқда.
Курск областига бостириб кириш Украина ҳамон муваффақиятли ҳужум операциялари ўтказиши мумкинлигини намойиш қилиб берди, деган австриялик ҳарбий таҳлилчи Франц-Штефан Гади.
Буни Киевдаги ғарб дипломатларидан бири ҳам тасдиқлаган.
«Бу операция — АҚШдаги сайловлар олдидан можарони яна диққат марказига қайтариш учун идеал вазият”, — деган дипломат.
АҚШдаги бўлажак дебатлар
Республикачилар партиясидан президентликка номзод Доналд Трамп Пенсилвания ва Мичиган штатларида сайловолди дебатларининг иккита раунди ўтказилишини маълум қилди. Шунингдек, у учрашувлар 4, 10 ва 25 сентябр кунларига белгиланганини тасдиқлади.
«Камала Ҳаррис билан биринчи баҳс 4 сентябр куни Пенсилвания штатининг гўзал Ҳаррисбург шаҳрида Fox News телеканали томонидан ўтказилади. Иккинчи дебатга Пенсилвания штатининг Филаделфия шаҳридаги ABC News телеканали мезбонлик қилади. Учинчи дебат Мичиган штатининг Гранд-Рапидс шаҳридаги NBC телеканалида бўлиб ўтади», деб ёзди Доналд Трамп ўзига тегишли Truth ижтимоий тармоғида.
Баҳс дастлаб 10 сентябрга белгиланган эди. Кейинроқ Доналд Трамп Fox News билан яна бир учрашув ўтказишга келишиб олганини айтди. У 10 сентябр кунги баҳс аҳамияти йўқолганини қайд этди, чунки дебат Жо Байден билан ўтказилиши керак эди.
Кейинроқ Доналд Трамп дебатларни, жумладан, 10 сентябрда ҳам ўтказишга рози бўлди. Камала Ҳарриснинг кампанияси 4 сентябрдаги тадбирда иштирок этиш масаласини муҳокама қилмаётганини айтди.
Туркияда Instagramʼга яшил чироқ
Туркияда расмийлар талабларини қондиришга ваъда берган Instagram ижтимоий тармоғи ишига қўйилган чекловлар олиб ташланди.
Ижтимоий тармоқнинг блокдан чиқарилиши ҳақида 10 август куни транспорт ва инфратузилма вазири Абдулқодир Ўролўғли маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Instagram ҳукумат талабларини қондиришга ва фойдаланувчиларга нисбатан қўйиладиган цензура борасида биргаликда ишлашга ваъда берган.
«Биз бошиданоқ ижтимоий медиа платформалари республика қонунларини ҳурмат қилишини хоҳлаган эдик», деган Ўролўғли.
Дунё бўйлаб ресурслар фаолиятини назорат қилувчи Netblocks лойиҳаси турк провайдерлари томонидан Instagram босқичма-босқич тикланаётганини қайд этди.
Туркия 57 миллион Instagram фойдаланувчисига эга ва бу кўрсаткич бўйича Ҳиндистон, АҚШ, Бразилия ва Индонезиядан кейин дунёда бешинчи ўринда туради.
Туркияда Instagram 2 август куни блокланди. Маҳаллий ОАВ тахминига кўра, бу қарорга ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания ўлимига билдирилган таъзияларнинг ўчирилиши сабаб бўлган. Бир кун аввал Туркия президенти маъмуриятининг алоқа бўлими раҳбари Фахриддин Алтун Instagram платформасининг бундай ҳаракатларини қоралаб, уларни цензурага уриниш, деб атаган эди.
Тавсия этамиз
Европа Иттифоқининг 18-санкциялар пакети Россияга қандай таъсир қилади?
Жаҳон | 23:12 / 21.07.2025
Уй сотиб олишда алданиб қолмаслик учун нималарга эътибор қилиш керак?
Кўчмас мулк | 16:30 / 21.07.2025
Супер-контрактни бўлиб-бўлиб тўлаш мумкинми?
Таълим | 11:29 / 21.07.2025
Давлат ОТМга қабул квоталари тасдиқланди
Таълим | 11:09 / 21.07.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Қозоғистон кўчмас мулк бозори. Нархлар қандай?
Кўчмас мулк | 15:35
-
Германияга ишга юбориш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолати аниқланди
Жамият | 15:33
-
Россия университетларининг ўзбекистонлик талабалар учун квоталари ошиши мумкин
Ўзбекистон | 15:25
-
Украинада коррупцияга қарши хизматлар мустақиллиги бекор қилиниши мумкин
Жаҳон | 15:09
Мавзуга оид

13:55
ЖССТ омборига ҳужум қилган Исроил, Аҳмад аш-Шаръага уюштирилган суиқасдлар ва яна ЮНЕСКОдан чиқаётган АҚШ – кун дайжести

13:59 / 22.07.2025
Бельгияда ҳибсга олинган Исроил аскарлари, кескинлашган Боку-Москва муносабатлари ва Бангладешда қулаган ҳарбий самолёт – кун дайжести

19:23 / 21.07.2025
Овқатдан заҳарланган Нетаняҳу, Москва осмонини ёпган дронлар ва Украинага маслаҳат берган Алиев – кун дайжести

13:12 / 19.07.2025