Жаҳон | 08:20 / 30.07.2024
3119
3 дақиқада ўқилади

Россия армиясига ёлланган бешинчи ҳиндистонлик Украинада ҳалок бўлди

Ҳиндистон ҳукумати Россиядан алдов йўли билан фронтга ёлланган ўнлаб ватандошларини озод қилишни талаб этмоқда.

Фото: Aris Messinis/AFP/Getty Images

22 ёшли Ҳиндистон фуқароси Рави Моун Россия армияси томонида жанг қилиб, Украинада ҳалок бўлди. Бу ҳақда 29 июл, душанба куни унинг яқинларига таяниб, Reuters ва AFP, шунингдек, Ҳиндистоннинг The Indian Express газетаси хабар берди.

Рави январ ойида Россияга борган, деди Моунанинг укаси AFP’га. Унга транспорт соҳасида ишлаш ваъда қилинган, аммо охир-оқибат у Украинадаги урушга жўнатилган. У март ойидан бери фронтда эди. «Агар у жанг қилиш кераклигини билганида, бормаган бўларди. Нега у ўлиши мумкин бўлган жойга боради?» - деди Reuters агентлигига қурбоннинг амакиваччаси Сону Матор. 

Reuters хабарига кўра, оиласи Моун билан охирги марта 12 март куни гаплашган ва шундан бери у билан алоқа узилиб қолган. Унинг аниқ қачон вафот этгани номаълум. Ҳиндистоннинг Москвадаги элчихонаси ўлимни тасдиқлади, бироқ вазиятга аниқлик киритмади. Оила ҳукуматга жасадни қайтаришга ёрдам беришни сўраб мурожаат қилди, чунки уларнинг ўзларида бунинг учун пул йўқ. Reuters агентлиги Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлигига таяниб, аввалроқ Украинада мамлакатнинг тўрт фуқароси ўлдирилганини ёзмоқда. 

Ҳиндлар Россия Қуролли кучларига алдов йўли билан жалб қилинади 

Феврал ойида Ҳиндистон ҳукумати Украинадаги урушда қатнашган 20 нафар фуқарони ватанига қайтаришга ҳаракат қилаётганини билдирган эди. Май ойида Ҳиндистонда одам савдоси тармоғини яратишда гумон қилинган тўрт нафар гумонланувчи ҳибсга олинган, уларнинг аъзолари ёшларни Россияга ишлаш учун ёллаган. Етиб келгач, улар Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашга мажбур бўлишган. Россия Шри-Ланка ва Непал фуқароларини ҳам худди шундай тарзда ёллаган. 

Июл ойи бошида Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Москвадаги учрашувда Владимир Путиндан ҳинд фуқароларини Россия армиясидан озод қилишни сўраган эди.

Россия Мудофаа вазирлиги у билан шартнома имзолаган барча Ҳиндистон фуқароларини хизматдан бўшатади ва уларнинг ватанларига қайтишига ёрдам беради. Бу қарор Нарендра Модининг Россияга ташрифидан сўнг қабул қилинди, деб хабар берди NDTV. Reuters маълумотларига кўра, Ҳиндистон манбалари аввалроқ 100 га яқин Ҳиндистон фуқароси ёллангани ҳақида хабар қилган.

Мавзуга оид