Жаҳон | 08:00 / 29.07.2024
8206
4 дақиқада ўқилади

WP: Украинада F-16 қирувчилари Россия билан урушдаги вазиятни ўзгартира олмайди

Украина «жуда кам» F-16 қирувчиларини олади, Россия Федерациясида эса уларни уриб туширишга қодир ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари жуда кўп, деди Украина ва Ғарб расмийлари The Washington Post газетасига.

Фото: Украина президенти офиси

Украинага узоқ кутилган F-16 қирувчи самолётлари бир неча ҳафта ичида етиб бориши керак, бироқ улар Россия билан урушни ўзгартириши даргумон. Бу ҳақда 28 июл, якшанба куни Украина ва Ғарб расмийларига таяниб The Washington Post газетаси ёзди. Уларга кўра, Украина армиясида «жуда кам» самолётлар бўлади, Россияда эса F-16 самолётларини уриб тушира оладиган «жуда кўп» ҳаво мудофаа тизимлари мавжуд. 

Тахминларга кўра, қирувчилар Украина ҳаво мудофаасини кучайтиради, аммо рус қўшинлари концентрацияси ва фронтдаги ҳарбий объектларга зарбаларда ёрдам бермайди. WP манбаларига кўра, дастлаб F-16 самолётлари олдинги чизиққа учмайди, демак, Украина ўз чегарасини кесиб ўтаётган рус самолётларини тўхтата олмайди, F-16 самолётларидан фойдаланган ҳолда Россия ҳудудига зарбалар ҳам камроқ бўлади. Шу билан бирга, Украина расмийлари фикрича, Америка қирувчиларининг потенциал таҳдиди Россия самолётларининг Украинага бошқариладиган ҳаво бомбаларини ташлашига тўсқинлик қилиши мумкин. 

WP манбаси: Россия F-16 самолётларини уриб туширишга тайёрланмоқда 

Украинанинг юқори мартабали ҳарбий мулозимининг нашрга айтишича, Россия Федерацияси С-400 зенит-ракета мажмуаси қирувчи самолётларини йўқ қилишга яроқли ёки мос эмаслигини тушуниш учун зарба масофасини синовдан ўтказмоқда. Унинг сўзларига кўра, 2023 йил охирида Россия ҳарбийлари сохта каллаклар бўлган ракеталарни учирган, улар майдондан 200 км узоқроқда жойлашган Кременчуг шаҳрига етиб борган. 

Россия ҳаво кучлари замонавий авиапаркка эга

F-16 самолётлари Украинанинг жанговар авиапаркини модернизация қилаётган бўлса-да, Россия Ҳарбий-ҳаво кучларининг қирувчи самолётлари нисбатан замонавийроқ, дея таъкидлади нашр суҳбатдошлари. Бундан ташқари, Россия ҳарбий самолётлари сони Украина ҳаво флотидан сезиларли даражада ошади.

Украина расмийлари WP’га мамлакат бу йил аниқ қанча F-16 олишини айтишдан бош тортди. Бироқ, гап 20 дан ортиқ самолёт ҳақида кетяпти, дея таъкидлайди нашр. Бундан ташқари, ўқув марказларида жой етишмаслиги сабабли ёз охиригача Украинада F-16 самолётини бошқаришга қодир атиги олти нафар учувчи бўлади. 

Аввалроқ Украина президенти Володимир Зеленский Киевга камида 128 та F-16 қирувчиси кераклигини айтган эди. «Уларнинг сони 50 та бўлса ҳам, уларда (Россия Қуролли кучларида) уч юзтаси бор, бизда эса 50 та. Биз ўзимизни ҳимоя қилмоқдамиз, шунча кўп самолёт бўлмагунча, уларга осмонда етиб олиш қийин бўлади», — деди Зеленский. 

АҚШ, Нидерландия ва Дания F-16 самолётларини Украинага беришни бошлади 

Нидерландия ва Дания ҳукуматлари Қўшма Штатлар кўмагида Американинг тўртинчи авлод F-16 кўп мақсадли қирувчи самолётларини Украинага топшириш жараёнида, дейилади уч давлат раҳбарларининг 10 июл куни эълон қилган баёнотида. 

АҚШ президенти Жо Байден, Нидерландия бош вазири Дик Схоф ва Дания бош вазири Метте Фредериксен «Украина шу ёзда F-16 самолётларини учишни бошлайди», деди. 

 

Мавзуга оид