Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Nexia’дан Spark’кача — машиналаримизнинг илдизи қаерга бориб тақалади?
Биз ҳозир ҳам миниб юрган айрим машиналаримизнинг яралиш тарихи ҳатто қарийб 40 йилгача боради. Агар “таги”ни суриштирсангиз, уларнинг келиб чиқиши ё олмон, ё италян, ёки япон автомоделларига бориб тақалади. Улар орасида келин-куёв машинаси бўлгани, аввалига тан олинмай, кейинчалик ҳаммага “кўрсатиб қўйгани”, ҳатто киноқаҳрамон бўлган автоуловларимиз ҳам бор. Kun.uz Ўзбекистонда “туғилмаган” ўзбек автомобиллари ҳақидаги маълумотларни саралади.

Nexia’нинг бош бўғини – Opel
90-йиллар фахри, тўйларда “келин-куёв кортежи”нинг энг обрўли машинаси бўлган ўзбек Nexia'си 1996-2016-йилларда Андижон вилоятининг Асака шаҳрида ишлаб чиқарилган. Аммо у Ўзбекистонда “туғилмаган”. Ўрта синф харидорларига мўлжалланган Daewoo Nexia биздан олдин немис концерни Opel томонидан ишлаб чиқилган ва кейинчалик Жанубий Кореянинг Daewoo компанияси томонидан янгиланган. Nexia 1986-1994-йилларда ишлаб чиқарилган Daewoo Racer’нинг модернизация қилинган версияси ва ўз навбатида 1984-1991-йилларда ишлаб чиқарилган Opel Kadett E’нинг клони эди.

Daewoo Nexia 1994 йилда Daewoo Racer модели модернизация қилингандан сўнг Жанубий Корея бозорида Daewoo Cielo номи билан танилган.

2008 йилга келиб, ўзбекона Nexia дунё юзини кўрди, яъни олд-орқа бамперлар ва чироқлар, автомобил салони янгиланди. Бош бўғини Opel Kadett’га бориб тақаладиган янги авлод Nexia’си Ўзбекистонда 2016 йилга қадар ишлаб чиқарилди.

Бугун эса Nexia ўз исмини унга мутлақо ўхшаши бўлмаган бошқа бир машина – Chevrolet Nexiaʼга мерос қилиб қолдирган.

Қарийб 40 йиллик, аммо деярли ўзгармайдиган Damas
Биз ўзимизники санайдиган минивен улов – Damas 1996 йилнинг март ойидан Асакадаги "UzDaewooAuto" заводида ишлаб чиқарила бошланган бўлса, унинг асл шажараси японларга бориб тақалади. У 1985 йилдаги Suzuki Every’нинг деярли тўлиқ нусхаси.

Damas 1991 йилдан Жанубий Кореянинг Daewoo компаниясида ишлаб чиқарилган ва баъзи бозорларда уни Daewoo Attivo номи билан ҳам танишади. Daewoo General Motors томонидан сотиб олинганидан сўнг, автомобил Chevrolet CMV сифатида ҳам сотилган.

2006 йил феврал ойидан бошлаб автомобилнинг Ўзбекистонда модернизация қилинган версияси ишлаб чиқарилди. Янгиланган Damas’нинг олд ва орқа чироқлари, бампери ва орқа ойналари алмаштирилди, ёнларида маркали стикерлар пайдо бўлди. Мазкур минивен 2014 йил бошидан “GM Uzbekistan” АЖнинг “Хоразм авто” корхонасида ишлаб чиқарила бошланди.
Тан олинмаган авлод – Matiz
Аввалига тан олинмаган, “фамилияси” энг кўп ўзгарган, бироқ кейинчалик ҳаммага “кўрсатиб қўйган” ўзбек машинаси – Matiz. Унинг дунё юзини кўриши осон бўлмаган. Қулай, ихчам, қуйи класс учун мўлжалланган бу шаҳар автоуловининг ташқи кўриниши дастлаб 1993 йилда Italdesign’нинг машҳур автодизайнери Жоржетто Жугиаро томонидан Fiat компаниясининг Lucciola прототипи учун таклиф қилинади. Аммо тасдиқдан ўтмай, рад этилади.

Шундан сўнг муаллиф бу лойиҳани “Daewoo Motors”га сотиб юборади. Daewoo Matiz’нинг оригинал италян намунасидан энг муҳим фарқи эшиклари сонида бўлади. Яъни намуна уч эшикли ишлаб чиқилган бўлса, Daewoo уни беш эшикли қилиб ишлаб чиқаради.
Шундай қилиб, Matiz’нинг M100 модели:
- 1997 йилдан Кореяда Matiz номи билан;
- 1998 йилдан Тайванда Formosa Matiz номи билан;
- 1999 йилдан Полшада FSO Matiz номи билан;
- 2000 йилда Ўзбекистонда UzDaewoo Matiz номи остида ишлаб чиқарилган.

Шунингдек, 2012 йилгача Хитойда Chevrolet Lechi номи билан, кейинчалик двигателлари ўзгартирилиб, Baojun Lechi номи билан 2016 йилда эса автомобил Россия бозорида янги Ravon Matiz номи билан қисқа муддатгина сотилган. Бундан ташқари, 1998 йилдан Ҳиндистон ва Руминияда ҳам ишлаб чиқарилган.

2001 йилда “General Motors” корпорацияси банкрот бўлган “Daewoo Motors” компаниясининг назорат пакетини сотиб олди. Шундан сўнг 2004 йилдан бошлаб Daewoo автомобиллари Chevrolet Matiz бренди остида етказиб берила бошланди. Шу билан бирга, Ўзбекистондаги автомобил заводида йиғилган автомобиллар ўзининг аввалги номларини сақлаб қолди. Chevrolet бренди остидаги автомобиллар 2005 йил 1 январдан сотувга чиқди.
Шундай қилиб Matiz ёнида қайси “фамилия”ни ташимасин, у ўз эгаларининг севимли машинасига айланган.
Кўп номли Lacetti
Кейинчалик Gentra’га ўзгарган Lacetti ном ўзгартириш бўйича “қариндоши” Matiz’дан суст эмас. Седан модели Италиянинг “Pininfarina” студияси томонидан ишлаб чиқилган Lacetti 2002 йилда Сеулда тақдим қилинган. Жанубий Кореянинг Daewoo автомобил ишлаб чиқарувчиси томонидан яратилган ихчам тоифадаги автомобил Lacetti’дан ташқари Daewoo Nubira, Buick Excelle, Suzuki Forenza каби номларни ҳам ўзида ташиган.

Киноқаҳрамон Spark
2007 йил Нью-Йорк автосалонида Chevrolet 3 та ихчам автомобил кўринишларини тақдим этди: Trax, Groove ва Beat. Мазкур тақдимотда Beat Spark моделининг янги авлоди прототипига айланди ва бу концепцияларнинг тақдири 2007 йил бошида GM расмий веб-сайтида овоз бериш орқали аниқланди.

Beat концепцияси учун 50 фоиз овоз берилди ва у ишлаб чиқариш моделига айланди. Ҳаттоки Beat (Spark) “Transformers” фильмида ҳам кўриниш берди. Matiz’нинг M300 индексли бу авлоди, яъни биз билган Spark биринчи марта 2009 йил Женева автосалонида тақдим этилган. Жанубий Кореяда автомобил 2015 йилгача Daewoo Matiz Creative, Европа ва Америкада Chevrolet Spark номи билан ҳам ишлаб чиқарилган.

Ўзбекистонда “UzDaewoo” заводида M300’ни ишлаб чиқариш 2010 йилнинг август ойидан бошланиб, 2016 йилда “UzDaewoo”нинг “Ravon”га айлантирилиши муносабати билан якунланган. 2016 йилдан кейин автомобил Россия бозорида Ravon R2 номи билан сотила бошланди.

Булар ҳали Ўзбекистонда ишлаб чиқарил(аёт)ган ўнлаб русумдаги машиналар ичидаги “бешлик”, холос. Қизиксак, ҳар бирининг ўзига хос тарихи, “шажараси” ҳамда “қариндошчилиги” бор.
Сардорбек Усмоний тайёрлади
Тавсия этамиз
Ўзбекистон фуқаролари учун Канада, Аргентина ва Австралия визасини олиш осонлашиши мумкин
Ўзбекистон | 19:46 / 07.07.2025
Фермерлар яна синов қаршисида: мораторийлар нима бўлади?
Ўзбекистон | 16:39 / 07.07.2025
2025 йилги июн экстремал қуруқ ой бўлди – Ўзгидромет
Ўзбекистон | 15:03 / 07.07.2025
Ўзбекистон БРИКСнинг ҳамкор давлатига айланди
Ўзбекистон | 11:41 / 07.07.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Тошкентда Tico йўлни кесиб ўтаётган 3 ёшли болани уриб юборди
Жамият | 19:36
-
Урганчда икки вояга етмаган қиз кўп қаватли уй томидан қулаб ҳалок бўлди
Ўзбекистон | 19:31
-
Ғазоликларни кўчириш, Эроннинг санкциялари ва Сурия – Трамп ва Нетаняҳу нималарни муҳокама қилди?
Жаҳон | 19:14
-
Фирибгар СИ ёрдамида Марко Рубио номидан бир неча расмийларга хат юборди
Жаҳон | 19:06
Мавзуга оид

12:45
UzAuto Motors'нинг соф фойдаси кескин камайди. Нега?

23:41 / 07.07.2025
Тошкентда 19 ёшли қиз ҳаракатдаги Nexiaʼдан сакраб тушиб қолди

16:33 / 07.07.2025
Тошкентда Damas йўл четида турган юк автомобили тиркамасига бориб урилди

23:11 / 04.07.2025